Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Умар Хайёмнинг қайғули муҳаббати

Умар Хайёмнинг қайғули муҳаббати

Умар Хайём – Шарқ мумтоз адабиётининг забардаст намояндаларидан бири бўлган. Унинг тўлиқ исми Ғиёсиддин Абул Фатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий эди. Умар Хайём математика, астрономия ва фалсафага оид қатор асарлар ёзган бўлса-да, бироқ жаҳоншумул илмий асарлари эмас, рубоийлари билан дунёга танилди. У ҳар тўрт мисра шеърга чуқур маъноли фалсафий фикрларни сиғдира олган эди. Шунинг учун ҳам оҳангдор рубоийлари жаҳон адабиётининг бой хазинасидан гавҳар доналари каби муносиб ўрин олган.

Болалик чоғларидан Умар қори, яъни Қуръонни ёддан ўқиши билан ном қозонади. Ўз даврининг олимлари математика ва фалакиётшунослик масаласида у билан баҳслашишга журъат эта олмасди. Умар Хайём фан масаласида ўзигача маълум бўлган ва тўпланган аниқ билимларга таянар эди.

У султон Маликшоҳ саройи расадхонасида йигирма йил ишлади. Маликшоҳ вафотидан сўнг Хайём бева қолган маликанинг қаҳрига йўлиқди. Малика ундан хушомад ва мулозамат кутар, шунинг учун шоирни ёқтирмас эди. Ташлаб қўйилган расадхонага нисбатан маликада қизиқиш уйғотиш учун қилинган ҳаракати натижасиз тугагач, Умар Хайём ватани Нишопурга қайтади.

Аллома шоир ёши олтмишдан ошганида, ўз билими ва тажрибасида жуда катта етишмовчилик борлигини англади. Негаки, у фарзандсиз эди. Яъни, Умар Хайём илм, ижод деб умри давомчисини ҳадя этувчи бирорта аёл билан турмуш қурмаган, оилавий бахтдан мосуво бўлиб, бундан қийналарди.

Ана шундай кунларнинг бирида кулол Мурод Али ёнидан ўта туриб, Хайём унинг боғидаги навниҳол ва соҳибжамол қизи Зайнабни кўриб қолади. Шу кундан бошлаб тинчини йўқотган шоир турли сабаблар билан бу хонадон ёнидан тез-тез ўта бошлади.

Шоир ҳаётида ғамгинлик, руҳий сиқилиш онлари юз берадиган бўлади. Қуйидаги тўртликни у ана шундай руҳий ҳолат таъсирида ёзган бўлса ажаб эмас:

Дилим бўлган эди битта ёрга зор,

У ўзга бир ерда ғамга гирифтор.

Мен ундан ўзимга дори изласам,

Нетай, табибимнинг ўзи ҳам бемор.

Тунларни бедор, айрилиқда ўтказиш азобини тортган Хайём, ниҳоят, кулолнинг уйига боришга аҳд қилади. Мақсади, Зайнаб учун отасидан изн олиш эди. Кулол боғда дам олиб ўтирарди.

– Ассалому алайкум, уста, – деди уйга кириб борган аллома.

– Ваалайкум ассалом, донолар ҳукмдори, – дея қарши олди кулол. Кейин уйи томон қараб: – Зайнаб, меҳмонга чой келтир, – деб буюрди.

Ёнғоқ дарахтлари орасидан тўлғона-тўлғона, товусдай товланиб, бошида ноз-неъматлар солинган патнис билан Зайнаб чиқиб келди. Меҳмонга яқинлашар экан, гулгун чеҳрасини енги билан пана қилиб, эшитилар-эшитилмас овозда салом берди-да, патнисни қўйиб кетди.

Умар Хайём кулол узатган пиёладаги чойни ҳўплаб-ҳўплаб, гап бошлади:

– Сиз кўп бахтлисиз, уста! Уйингизнинг устуни ҳам, томи ҳам бут.

Кулол бу гапдан ҳайрон бўлиб, Умарга савол аломати билан қаради. Умар оғир хўрсиниб, гапида давом этди:

– Умри чодир тикиш билан ўтган отамнинг ёди-ҳурмати, қасам ичаманки, камина уйимга кириб, ташвишларимни бир оз енгиллатган аёлдан ҳеч нарсамни аямасдим. Аммо ўшандайини қаердан топаман? Сиз Худонинг марҳаматидан бенасиб қолмагансиз. Ўғилларингиз ҳам, қизингиз ҳам бор. Камина эса ёлғиз... Агар уйимда қизингиз каби иболи бир аёл бўлиб, каминага ҳамнафас бўлганида, мен ҳам бахтли одамга айланар эдим...

Бир неча кун ўтгач, кулол Умар Хайёмга розилигини билдирди:

– Тақсир, менинг қизим ўн олти ёшда. Ўзингиз айтгандек, ўғилларим ҳам бор. Сиз эса ёлғизсиз. Қизим уйингизнинг бекаси бўлишига розиман. Шундай бўла қолсин.

Умар Хайём чарм халтадаги олтин динорларни кулолнинг олдига қўяр экан, устанинг қатъий эътирозига дучор бўлди. Уста уларни қайтариб берди.

– Мен кўза сотаман, қизимни эмас, – деди у. – Бу Зайнабнинг хоҳиши, шунинг учун розилик бердим. Билмадим, у сизда нимани топди экан?!

Умар Хайём ҳаётидаги энг ширин дамлар бошланди. Кечикиб очилган муҳаббат ҳаммасидан лаззатли, деб шунга айтишса керак-да. Хайём шу тариқа кундузи шогирдлари билан меҳнат қилар, тунлари эса маликаси Зайнаб билан вақтини чоғ ўтказарди.

Орадан бир неча ойдан сўнг, Зайнаб фарзанд кўражагини маълум қилди. Умар Хайём шодлигининг чеки-чегараси йўқ эди. Зайнаб вужудида Умар ҳаётининг давомчиси бунёд бўлмоқда эди, ахир!.. Афсуски, Хайёмга ўз зурриёдини кўриш насиб этмаган экан.

Табиб Зайнабнинг олдидан ўта ғамгин қиёфада чиқди. Бола ўлик туғилибди. Кўп ўтмай, Зайнаб ҳам бу ёруғ дунёни тарк этди. Энди Умар қайғусини-да таъриф этиш маҳол бўлди. Қуйидаги мисралар унинг ғам-ташвишларидан яралди:

Фалак, кўнглим доим ғамнок қилурсан,

Қувончим, кўйлагим чок-чок қилурсан.

Менга эсган елдан оташ уфуриб,

Сув ичсам, оғзимдан тупроқ қилурсан.

Шундан сўнг, умри поёнига етгунича Умар Хайём чеҳрасида шодлик акс этмади. «Фалак фикрини инсон тилига ўгирувчи» номини олган аллома яна кўп йиллар илму ижод, табибчилик билан банд бўлди...

Иззат Аҳмедов.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг