Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Худоёрхоннинг ағдарилиши ёки хонликдаги «айиқ солиғи»

Худоёрхоннинг ағдарилиши ёки хонликдаги  «айиқ солиғи»

Минглар уруғидан Қўқон тахтида ҳукмдорлик қилаётган ўн бешинчи хон – Худоёр 1845 йилда бошига тож кийганида эндигина 13-14 ёшли бола эди. Хонлик жилови эса уни ҳокимият тепасига олиб келган Мусулмонқул қўлида бўлиб, бутун сарой аёнлари ҳам унинг қош-қовоғига қараб, сиёсатига ўйнашга мажбур эдилар...

Мусулмонқулга қарши борган шайхулислом Сулаймонхўжа раис, Хожамқули аъламларнинг қатл этилиши, хон ва Мусулмонқулнинг бошқа мухолифларини ҳам ўйлаб иш тутишга мажбур этди...

Ана шундай вазиятда ўспирин бўлган Худоёрхон тизгини Мусулмонқулда эканлиги боис кўпинча ит, хўроз ва қушларга ишқибозлик билан кун ўтказарди. Бундай хуморбозлик авжига чиққан 1851 йилда хонлик ҳудудига қарашли Қолгандарё тўқайидан айиқ тутган бир овчи бошқа бир ишини ҳукмдор орқали ҳал этиш ниятида айиқни Худоёрхонга совға қилади.

Бу пайтда бутун Туркистон ҳудудида бўлгани сингари Қўқонда ўтказиладиган халқ сайилларида айиқ ўйнатиш ҳам урфга айланган эди. Хуморбоз хон бундай ноёб совғага эга бўлгач, уни ўз қарамоғига олиб, жониворга қараш учун махсус сайисни ажратди. Хон айиғи сайисхонадаги бошқа ҳайвонлардан ажратилиб эъзозланар, фақатгина ҳукмдор ва унинг аёнлари томоша қилиши учун боқиларди.

Айиқ ҳам қолган-қутган овқатни емас, ювиндини ҳам ичмас, унга фақат янги гўшт ва асал бериларди. Албатта, биргина айиқнинг еган-ичгани каттакон хонлик учун ҳеч гап эмас. Бироқ бора-бора худди хон ва унинг аёнларидек фақатгина энг яхши, аъло навли озиқ-овқат истеъмол қилавергач ҳамда кўкалдош, бош хожа, меҳтар, қутвол, баковулбоши, қоровулбоши каби саройдаги халқ ризқи ҳисобига кун кечирувчилар қаторидан айиқ ҳам жой олгач, хуморбоз Худоёрхоннинг ҳафсаласи пир бўлди. Негаки, дастурхончи, додҳоҳ ва хазиначи хон ҳазратларига махсус айиқ учун хазинадан ажратилаётган пуллар ҳисобини кўрсатган эди. Ҳукмдор бир қарорга келишга қийналиб қолди.

Худоёрхон лапанглаганича юриб, ўмбалоқ ошиб ўйнайдиган айиққа ўрганиб қолган, жонивордан воз кечишга ботина олмасди. Аммо қўтонда яна боқаверай деса, жониворнинг иштаҳаси карнайлигидан бутун бошли хонлик хазинасининг тагини кўрсатиб қўйибди.

Бу пайтга келиб, жиловдори бўлган Мусулмонқул ҳам йўқ бўлиб, уни қипчоқнинг бирлашган сиёсий гуруҳлари тошкентлик ва фарғоналик мухолифлари билан бирлашиб, 1852 йилда қатл қилишга эришгандилар. Қолаверса, Худоёрхонга мухолиф бўлган Маллабекнинг таъсири ошаётган пайтлар эди.

Алал оқибат Худоёрхон 1858 йили халққа «айиқ солиғи» солди.

Бозору гузарларда хон фармони эълон қилинган кунданоқ айиқ учун солиқ йиғиш бошлаб юборилди. Зеро, айиқ янги гўшт ва асалсиз қўтонда оч ўтиролмас, унинг чинқиришига хуморбоз хон чидай олмасди.

Қарангки, хон кутган натижа рўй бермади. Солиқ ва тўловлар белини букчайтиргани, зулмга ортиқча бардош бера олмаслигини англаган халқ « айиқ солиғи»га қарши Худоёрхон ўрдаси томон отланди. Бу вазиятдан фойдаланган мухолиф Маллабек ҳам хонга қарши курашни кучайтирди.

Шу тариқа 1858 йилда қўли устун келган Маллабек Худоёрхонни тахтдан ағдариб, ҳукмдорликка эришди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг