Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янгийўлда энергетика бўйича махсус штаб тузилади

Янгийўлда энергетика бўйича махсус штаб тузилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги йиғилишда электр ва газ таъминотини ташкил этишнинг янги тизими Янгийўл тумани мисолида йўлга қўйилишини маълум қилди. Бунинг учун аҳоли ва тадбиркорларни барқарор энергия билан таъминлашга масъул махсус штаб тузилади.

Штабга Энергетика вазири Шерзод Хўжаев раҳбарлик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиёзов эса унинг ўринбосари бўлади. Масъуллар икки ҳафта ичида тумандаги 51 маҳаллада аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик эҳтиёжини ўрганиб, «энергия истеъмоли баланси»ни шакллантиради.

Президент маълум қилишича, Янгийўл туманида 1 минг 400 километр электр тармоғи ва 422 та трансформатор мавжуд. Кейинги беш йилда электр истеъмоли 68 миллиондан 102 миллион киловатт-соатгача, яъни 1,5 баравар ошган бўлса-да, шу даврда атиги 60 та трансформатор ва 240 километр электр тармоғи янгиланган.

Йиғилишда тумандаги муаммолар алоҳида таҳлил қилинди. Жорий йил бошидан электр тармоқларидаги йўқотишлар 30 миллион киловатт-соатга етган, 37 та авария содир бўлган. Тўлов интизоми етарли даражада йўлга қўйилмагани сабабли дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга чиққан. Шунинг 9,4 миллиард сўми нореал қарздорлик ҳисобланади.

Шунингдек, 829 та истеъмолчининг ҳисоблагичи АСКУЭ тизимига мос эмас, яна 2 мингта ҳисоблагич маълумот узатмаётгани қайд этилди. Солиққа «ноль» ҳисобот топширган 48 та корхона эса олти ойда 871 минг киловатт-соат электр энергияси ишлатган.

Газ таъминотида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагичи маълумот юбормаётгани оқибатида дебитор қарздорлик 188 миллиард сўмга етган.

Президент топшириғига кўра, маҳаллалар кесимида қайси ҳудудларда трансформаторлар ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш, янги тармоқлар тортиш зарурлиги аниқ белгиланади. АСКУЭ ва АСКУГ тизимига мос келмайдиган ҳисоблагичлар алмаштирилиб, электр ва газ йўқотишларини икки баравар қисқартириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Шунингдек, йирик саноат корхоналари энергия аудитидан ўтказилади, ижтимоий муассасаларнинг энергия сарфи таҳлил қилинади, кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимлари диагностика қилинади. Барча ишлар 1 октябргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади. Кейинчалик ушбу тизим республикадаги барча туман ва шаҳарларга жорий этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг