Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яшириб нима қилдик – бизда ўлим жазоси бор эди

Яшириб нима қилдик – бизда ўлим жазоси бор эди

Бугунги кунда Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун, инсон олий қадрият, инсон – жамият давлат тамойиллари асосида олиб борилади. Конституциявий ислоҳотлар жараёнида унга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан халқимиз томонидан кўплаб таклифлар келиб тушди. Албатта, ҳеч бир таклиф эътибордан четда қолгани йўқ. Улар орасида ўлим жазосини қайтадан тиклаш борасидаги таклифлар бор.

Констициянинг 24-моддасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга эътибор қаратадиган бўлсак, албатта, бу моддада инсоннинг шахсий ҳуқуқи инсоннинг яшаш ҳуқуқи билан боғлиқ нормалар белгилаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан, ўзгартиришлар борасидаги таклифларда ўлим жазосини тақиқлаш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланиб қўйилиши ҳақидаги таклифлар ҳам илгари сурилаяпти.

Яшириб нима қилдик – бизда ўлим жазоси бор эди. Ўзбекистон мустақилликка эришган пайтда жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўлим жазосини назарда тутувчи 30 дан ортиқ модда бўлган. 1994 йилги жиноят кодексида бундай моддалар сони 13 та,  1998 йилда 8 та, 2001 йилда эса 4 тагача камайтирилди. 2003 йилда эса жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилганидан сўнг фақат икки турдаги жиноят – қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учунгина ўлим жазоси назарда тутилди. Ўлим жазосини узил-кесил бекор қилиш тўғрисидаги Президент Фармони 2005 йилда қабул қилинган бўлса, 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда ўлим жазоси жиноий жазо тури сифатида бекор қилинди. Ўлим жазоси ўрнига умрбод ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилиши белгиланди.

Айтмоқчиманки, Ўзбекистон жиноят прооцессуал қонунчилигидан ўлим жазосини бекор қилиш жараёнига осонликча келгани йўқ. Ўн йилдан ортиқроқ вақт оралиғидаги кузатувлар, таҳлиллар, қайдлар, меъёрий ҳужжатларни қайтадан шакллантириш жараёнлари орқали биз ривожланган давлатлар тутган инсонпарварлик йўлига қадам қўйдик. 

Эндиликда биз Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали ўлим жазосини бекор қилиш эмас, айнан тақиқланиши билан боғлиқ нормаларни мустаҳкамлаб қўйишни назарда тутяпмиз. Шундай жиддий қадам қўйилаётган бир пайтда, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақидаги таклифларини ўқиш, тинглаш эриш туюлади. Аммо фикр ўлароқ ҳар қандай таклиф ўрганилади, қонун тарозисига солинади. Лекин бир нарсага эътибор қаратишимиз керак, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг табииий ҳуқуқи ҳисобланади, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этганлиги такрор-такрор айтилаяпти. Инсоннинг айбдорлигини исботлаш ёки суд жараёнларидаги кўриб чиқилиши борасида, номукаммал суд тизимидаги бир хато инсоннинг умрига зомин бўлиши мумкин. Қатл этилган инсонни эса эртага қайтариб бўлмайди.

Бугунги кунда –106 та давлат, жумладан, Италия, Норвегия, Швеция, Польша ва бошқа мамлакатда ўлим жазоси барча жиноятлар учун бекор қилинган. Шу нуқтаи назардан бизнинг конституциямиз  24-моддасида ҳам Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади, деган нормани белгилаш, мустаҳкамлаш мақсадда мувофиқ.

Тўғри, бугунги кунда жиноятчилик сони ортиб бораяпти. Шу билан биргаликда, тезкор қидирув ишлари ҳам амалга оширилаётгани натижасида жиноятлар очилаяпти. Табиийки, ўз навбатида жиноятчиларга нисбатан жазо чоралари қўлланмоқда. 

Ўлим жазосини тиклаш керак, деган таклиф билан чиқувчилар “Бир неча марта озодликка чиққанидан сўнг ҳам ҳар сафар жиноятга қўл урадиганлардан давлатга, жамиятга фойда борми?” деган саволни ўртага ташлайдилар. Жуда кам ҳолатда қамоқ  тарбияси, маънавиятига таъсир қилмайдиган инсонларнинг мавжудлиги рост. Улар айнан мана шунинг учун рецидивист, деб аталади. Лекин уларга ҳам, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳаёт давлат томонидан эмас, Яратганннинг ўзи томонидан берилган. Шундай экан, булар энг оғир жиноят содир этган тақдирда уларни узоқ муддатга ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм этиш мақсадга мувофиқдир.

Инсон туғилганда жиноятчи бўлиб туғилмайди. Инсон оила ҳамда жамиятдаги муҳит таъсири остида қабиҳ ишларга қўл урадиган шахсга айланиши мумкин. Уни болалигидан тарбияласак, ҳаром-ҳалолнинг фарқига боришини ўргатсак, шу билан моддий таъминотда ҳеч қандай эҳтиёжни сезмайдиган бўлса, адолатни ҳис этиб, камситишни кўрмай улғайсагина у инсон жамиятимизга, давлатимизга, юртимизга ёрдами тегадиган етук бир инсон бўлиб етишади, албатта.

Инсон ҳаёти олий қадрият ва илоҳий неъмат. Такрорлайман, энди Конституцияда нафақат ўлим жазосини бекор қилиш, балки қатъий равишда тақиқланишини ҳам белгилаб қўйилади. Давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканлигини яққол намоён қилади. 

Иномжон Қудратов, депутат

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг