Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

«Яхши яшайлик!»

«Яхши яшайлик!»

Фото: «Xabar.uz»

Барчанинг яхши яшагиси келади. Яхши ҳаёт эса ўзи келмайди. Унга фидойилик, меҳнат ва матонат, илм ҳамда муҳаббат билан эришиш мумкин. Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган миллатнинг бугуни «йўқдан бор бўлган» дейилади.

1953 йил, ёзнинг сўнгги ойи. Уч йил давом этган уруш халқнинг қаддини букди, барчани хонавайрон қилди, очлик ва жанглар 6 миллион нафар инсон ҳаётига зомин бўлди.

Корея Республикаси 1953 йили жаҳондаги энг камбағал давлат бўлган.  

«Корея уруши»дан чиққан Корея яриморолининг қоқ ўртасидан чегара тортилиб, жанубий қисмда Корея  Республикаси ташкил этилади. Бу янги давлатнинг йиллик умумий ялпи ички маҳсулоти киши бошига 67 АҚШ долларини ташкил қилган. Йилига 340 миллион долларлик маҳсулот импорт қилинган бўлса, экспорт қилинган гуруч, темир, ипак, кўмир, балиқ ва жундан мамлакат бюджетига 33 миллион доллар маблағ келиб тушган. Ўша даврдаги ҳисоботларга кўра, Корея Республикаси жаҳондаги энг камбағал давлат бўлган.  

Халқаро экспертлар катта минбарлардан туриб вайронага айланган Жанубий Кореядаги аҳволни яхшилаш учун юз йиллар ҳам камлик қилишини очиқчасига эълон қилишган. Оз миқдордаги табиий ресурслар, вайрон бўлган инфратузилма, таълим даражасининг пастлиги, ҳудуднинг 70 фоизи тоғ-тошдан иборат экани ривожланишга бўлган умидни хиппа бўғар эди.  Бироқ, йўқчилик ва уруш миллатни уйғотган, Жанубий Корея ўзгаришга тайёр эди.

Жанубий Корея ҳукумати ва халқи келажак бугун тайёргарлик кўрганларники бўлишини англади, таълимга жамиятни ўзгартирувчи кучли қурол сифатида қаралди. Иқтисодиёт ачинарли аҳволда бўлса ҳам, таълимга йирик миқдорда пул тикилди. Кореяликлар фарзандларини уларни таълим олишдан чалғитадиган ҳар қандай юмушлардан озод қилдилар. Машаққат билан илм олиш эвазига муваффақиятга эришиш ҳар бир кореялик ёшнинг қатъий мақсадига айланди.

Мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарлар янгича услубда қурила бошланди. Ҳар бир маҳаллада бошқарувнинг марказлашган шакли татбиқ қилинди. Ҳамма тенг — камбағал экани жамиятда рақобатнинг адолатли оқимини шакллантирди. Жонбозлик кўрсатган ва янги ташаббуслар билан чиққан фуқаро, маҳалла ҳамда ҳудуд ҳукумат томонидан ҳар томонлама рағбатлантирилди.

Тез орада сифатли таълим тизими маҳсули сифатида меҳнат бозорига малакали ишчи кучи кириб келди. Бу омил эса бир неча йиллардан кейини завод ва фабрикаларнинг ривожланиши, шу орқали мамлакат иқтисодиётининг оёққа туришида муҳим омил бўлди. Илк авлод кейингиларнинг бахтли яшаши учун ўзини тамомила меҳнатга бағишлади.

1961 йилда илк беш йиллик иқтисодий ривожланиш режаси қабул қилинди. Уни амалга ошириш учун маблағ керак эди. Давлат иқтисодиёти учун 140 миллион марка миқдоридаги илк сармоя Ғарбий Германия томонидан киритилди. Ўзаро келишувга кўра, минглаб кореялик кончилар ва ҳамширалар ишлаш учун Германияга жўнаб кетдилар. Улар ишлаб топган маблағ эвазига мамлакатни иқтисодий ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинди. Жамғарма ҳисобидан дастлаб портлар, йўллар, темирйўл ва алоқа тармоқлари, суғориш тизимлари, электр станциялари қурилади.

Енгил саноат оёққа туриб, тўқимачилик, ясама соч тайёрлашда Корея Республикаси жаҳондаги биринчи рақамли давлатига айланади. Шунингдек, аёллар меҳнат қиладиган бошқа саноат секторларида ҳам жадал ўсиш кузатилади.

Сиёсат ва иқтисоднинг оқилона мувофиқлаштирилгани, саноат инфратузилмасининг мунтазам ривожлантирилиши натижасида 1961 йилларга келиб йиллик экспорт ҳажми 36,6 фоизга ошади. 1964-1965 йилларда бозорда маҳсулотларга талаб ошгани боис ҳукумат эркин тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўра бошлайди.

Ҳукумат 1960-йилларнинг ўрталарида аста-секин оёққа тураётган компанияларни қўллаш сиёсатини татбиқ қилишга киришди. Компания раҳбарлари ва иқтидорли мутахассислар бизнес бошқаруви ҳамда илмий йўналишларда етакчи давлатларга ўқишга юборилди.  Ҳукуматнинг кўмаги билан хусусий секторда оғир саноат, кимё технологиялари, электроника, коммуникация, ишлаб чиқариш йўналишларида иш бошлаган компаниялар олдига биргина шарт қўйилади — мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш. Бу ишонч ўзини оқлайди — 1980-йилларга келиб Осиё ва жаҳонда кореялик савдо белгиларининг номи янграй бошлайди.

Кучли рақобат пўлат, кўмир, машинасозлик, кимёвий воситалар ишлаб чиқариш ва кемасозлик каби янги саноатларни ривожлантиришга киришди. Истиқболни кўра олиш қобилияти, бизнеснинг глобаллашув жараёни билан уйғунлаштирилиши оқибатида ўзлаштирилган янги соҳалар иқтисодий ўсишнинг кучли воситасига айланди.

1987 йилда энг йирик тўртта конгломератнинг даромади 80,7 млрд. долларга етади. Хусусан, бир муддат аввал савдо дўконлари тармоғи бўлган «Samsung Group» компанияси электроника бозоридан 24 млрд. доллар; машинасозликда ном чиқарган «Hyundai» 22,7 млрд. доллар; «Daewoo» компанияси 16 млрд. доллар йиллик даромад топишган. Мамлакатнинг энг йирик ўнта компанияси Жанубий Кореядаги банкларнинг 40 фоиз улушига, мамлакат экспортининг 66 фоиз улушига эгалик қилган.

Улар даромаднинг асосий қисмини илмий тадқиқотларга сарф қилб, янги технология ва инновациялар ёрдамида халқаро бозорни кенгайтиришган, янги ишчи ўрни яратишган.

Мазкур корпорациялар муваффақиятининг яна бир сири — улар хорижий янги технологияларнинг муаллифлик ҳуқуқини харид қилиб, маҳсулотларни арзон нархда ишлаб чиқаришар эди. Ҳукумат уларнинг рақобатдан омон чиқишлари учун зарур барча шароитни яратиб берган. Сабаби, мамлакат иқтисодиёти уларнинг келажаги билан боғлиқ эди.

1988 йилда хусусий секторнинг йирик вакилларига қонун ижодкорлиги, жамият бошқарувида иштирок этиш имтиёзи беради. Шу йили «Hyundai Heavy Industries» компанияси президенти Чонг Монг-Жун парламент раҳбари этиб сайланади.

Бизнес конгломератлари олинган фойдадан сармоя киритишар ёки фуқаролар турмушини яхшилашга хизмат қиладиган жамғармалар тузардилар. Шунингдек, иқтисодиёт ривожида давлатга тегишли «Korea Electric Power Corporation» (KEPCO) электр агентлиги ҳамда «Pohang Iron and Steel Company» (POSCO) пўлат заводи каби компанияларнинг ўрни ҳам юқори бўлган.

1970 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодиёти кейинги уч йил давомида йилига 9,6 фоизга ўсиб борди.

1970 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодиёти кейинги уч йил давомида йилига 9,6 фоизга ўсиб борди. Корея Республикаси секин-аста қишлоқ хўжалигидан саноатлашган давлатга айлана бошлади. Шу йилнинг иккинчи ярим йиллигида ҳам иқтисодий ўсиш 9,6 фоизни ташкил қилади. Кутилмаганда мамлакатнинг экспорт салоҳияти 52 фоизга кўпаяди. 1971 йилда мамлакатнинг экспорт салоҳияти 1 млрд. АҚШ долларидан ошиб кетади. Халқаро экспертлар бу ҳайратомуз ривожланишни «Ҳан дарёсидаги мўъжиза» деб аташади.

1970 йилда киши бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот 1000, 2000-йилларда 20 минг, айни пайтда 27,5 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Бунинг учун Жанубий Кореяга иқтисодий ислоҳотларни бошлаганидан сўнг 33 йил керак бўлди.

Ривожланишга бўлган қаттиқ иштиёқ, миллатнинг фидойилиги — уни умидсизликнинг тубидан олиб чиқувчи куч. 1997 йилда кузатилган «Осиё иқтисодий инқирози», 2008 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирози кореяликлар учун синов бўлди. 1997 йилда иқтисодиётни муқаррар ҳалокатдан асраш учун кореяликларнинг ўзларидаги тиллаларни  оммавий равишда давлатга топширишлари жаҳон ҳамжамиятини ҳайратга солди. 

Кореяликлар «пали-пали» иборасини яхши кўришади. Бу ўзбекчада «бўл-бўл» дегани: «Бир ишга киришдингми тезроқ ҳаракат қил, бор ғайратинг билан кириш».

Кореяликлар «пали-пали» иборасини яхши кўришади. Бу ўзбекчада «бўл-бўл» дегани: «Бир ишга киришдингми тезроқ ҳаракат қил, бор ғайратинг билан кириш». Бугун кореялик кексалар билан суҳбат қурсангиз, уларнинг ўтмишдаги матонатига қойил қоласиз. 1950-йиллардан кейин қишлоқ ва шаҳарларда тонг саҳардан кўчаларда «қўнғироқчи» юрган. Қўнғироқнинг жарангдор овозига уйғун ҳолда янграган «Яхши яшайлик! Меҳнат қилайлик!» чақириғи барчани олдинда турган яхши ҳаёт учун курашга сафарбар қилган.

Жамият ривожи кўп омилларга боғлиқ. Корея мисолида оладиган бўлсак, тараққиёт — адолат, илм-фан, халқ иштироки ва қаттиқ меҳнат маҳсули. Ҳар бир кореялик ота-она фарзандига «Бугун яхши ўқисанг, қийнсалсанг ҳам — ўқисанг, кейин яхши яшайсан!» деган ўгитни қайта-қайта уқтиради. Ҳар бир кореялик ёш табиий бойликлари йўқ мамлакатнинг фаровонлиги ўзига дахлдор эканини ҳис қилади, келажак унга тайёргарлик кўрганларники эканини англайди.

Бугун ҳар бир ўзбекистонлик «яхши яшасам» дейди. Бизнинг матонатимиз ҳам корейсларнинг матонатидан кам эмас. Бугун ҳамма нарса тез ўзгаряпти: шаҳримиз, кўчаларимиз, имкониятлар. Аммо биз-чи? Биз бугунги рақобатга қанчалар тайёрмиз? Муваффақият ҳодисаси ташқарининг ичкарига эмас, ичкарининг ташқарига таъсири оқибатида юзага келади — шу ҳақиқатни унутмайлик!


Шуҳрат Сатторов айни пайтда Жанубий Кореянинг Yonsei университети тадқиқотчиси, «Xabar.uz»нинг махсус мухбири.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг