Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юртимизда жамиятнинг барча қатламларини бирлаштирадиган фестиваллар ўтказилади

Юртимизда жамиятнинг барча қатламларини бирлаштирадиган фестиваллар ўтказилади

Куни кеча Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида «Маънавият фестивали»ни ўтказиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маънавият фидойилари, зиёлилар, олимлар, санъат арбоблари, кино намояндалари ҳамда ҳамкор вазирлик ва идоралардан вакиллар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Аслини олганда ушбу фестивал юртимиз учун янгилик эмас. Ўтган йили «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» ғояси асосида Қорақалпоғистонда 7 та, Фарғонада 6 та, Тошкент вилоятида 4 та, Сирдарёда 5 та туман ва шаҳарларда «Маънавият фестивали» ўтказилган эди. Фестивал доирасида 4 марта «Мақом кечаси» номли концерт дастурларида 10 минг дан ортиқ аҳоли қамраб олинди. Шунингдек, юртимизда ижтимоий кўмакка муҳтож, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган оила вакилларини «Маърифат тур» лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги диққатга сазовор жойлар, қадамжолар ва зиёратгоҳларга ташрифи амалга оширилди.

Фарзандлари турли соҳаларда катта ютуқларга эришган, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида «Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри!» шиори остида 47 нафар ёш иқтидор эгаларига диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бундан ташқари 10 дан ортиқ «Ҳунармандчилик кўргазмалари», миллий анъаналаримиз, маънавий мэросимизни асраб-авайлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш мақсадида 110 та маҳалла ва овулларда 20 дан ортиқ кино намойиши ўтказилди.

Самарқанд шаҳри Регистон майдонида «Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс сари!», Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида «Янги ўзбекистонда Учинчи Ренессансга муносиб пойдевор яратилмоқда» номли республика илмий конференсиялари ўтказилди.

Энди мана шундай фестиваллар серияси жорий йилда ҳам ўтказилиши мақсад қилинган. Шунга асосан, Республика ишчи гуруҳи томонидан барча ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Фестивал ўтказишда ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий ҳолати, ўзига хос миллий анъана ва қадриятлари ҳисобга олинди. Жойлардаги зиёлилар, олимлар, нуронийлар, турли соҳа мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, «Маънавият фестивали» дастурини ишлаб чиқишда бунга алоҳида эътибор қаратилди.

Кеча бўлиб ўтган тадбирда шу юзасидан маълумотлар берилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга чиқиш, юртдошларимиз, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш муҳимлигини таъкидлашди.

– Маънавият фестивали - миллий маънавиятимизни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Ишимизни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, юртдошларимиз, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, улар орасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик, шукроналик, туйғуларини кучайтириш, маҳаллаларда аҳоли кайфиятини кўтариш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» шиори остида ўтказиладиган «Маънавият фестивали» доирасида 14 та ҳудудда 18 та ижтимоий лойиҳа доирасида республика бўйлаб тадбирларни амалга ошириш, илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бадиий ижод каби соҳа вакилларидан иборат 500 нафардан ортиқ «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари жалб этилади, – деди М.Ҳожиматов.

Фестивал доирасида «Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари!» мавзусида конференция, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Маърифат улашиб», «Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан» акциялари, «Янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади» шиори остида китоб кўргазмалари, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, «Маърифат соатлари», бой маънавий меросимиз, миллий анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этиш мақсадида «Миллий қадриятлар» ҳафталиги, юртимизда фарзандлари турли соҳаларда катта ютуқларга эришган, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида «Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри!» шиори остида республика анжумани ҳам бўлиб ўтади.

Шунингдек, «Миллий қўшиқлар ва мақом», «Ватан мадҳи», «Бахшилар тараннумида» номли концерт дастурлари, маҳаллаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, эрта никоҳ каби иллатларга барҳам беришни мақсад қилган «Оила – маънавият қўрғони» номли психологик суҳбатлар ташкил этилади. Шу билан бирга юртимизда имконияти чекланган бўлсада, фойдали меҳнат билан шуғулланиб, жамиятда муносиб ўрин топган ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнак бўлаётган юртдошларимизнинг эришган ютуқларини тарғиб этиш мақсадида «Инсон қадри» шиори остида ижтимоий роликлар тайёрланади ва «Меҳр мурувват ва саховат» тадбирлари, «Зиёлилар форумлари», жисмонан соғлом авлодни шакллантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида «Маънавият кубоги» спорт мусобақалари ўтказилади.

Фестивал доирасида «Зиёлилар форуми» ўтказилиши ҳам белгиланган.Ўзбекистон қаҳрамонлари иштирокида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» ва «Маънавият. Асосий тушунчалар луғати» китобларининг тақдимоти ҳам ташкил этилади.

Болалар учун эса «Зукко Болажон!» фотоалбоми ва «Бахтли болалик шарафига» лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур лойиҳа давомида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг болалари учун концерт дастурлари ҳамда уларни қизиқтирадиган турли кўнгилочар ўйинлар бўлиб ўтади.

Анжуман давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Фарида Абдураҳимова, Фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, шунингдек Ўзбекистон халқ артистлари Гавҳар Зокирова ва Дилором Каримовалар сўзга чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир давомида ёш санъаткорлар томонидан янграган миллий куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бахш этди.

Шунингдек, матбуот анжуманидан сўнг ўзбек миллий кулолчилик намуналари кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда ғиждувонлик сополсоз уста Ибодулла Нарзуллаев ҳамда унинг фарзандлари, кулолсозларнинг олтинчи авлод вакилларининг ижод намуналари намойиш этилди. Миллий буюмлар анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг