«Атомли қудратли куч». Дунёнинг турли мамлакатларидан келган маслакдош ижодкорлар Ўзбекистонда жам бўлди
Ўзбекистонлик бир гуруҳ адабиётсеварлар ташаббуси билан ташкил этилган Uzbekistan’s Literature and Art Bridge (Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприк) дастури доирасида бу йил ҳам юртимизга дунёнинг турли ўлкаларидан ижодкорлар ташриф буюрди.
Жорий йил 25 сентябрдан 10 октябрга қадар давом этадиган ёзувчи, рассом ва маданият ходими резиденция дастурида бу гал АҚШ, Австралия, Япония, Дания, Испания, Болгария, Исроил, Бангладеш, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон вакиллари иштирок этмоқда.
Дастур мушоира ва бадиий ўқиш кечалари, қисқа муддатли чет тили курслари, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейларига ташриф, шунингдек, юртимизнинг тарихий шаҳарлари ва зиёратгоҳларига саёҳатни ўз ичига олади.
Дастурнинг илк кунлари хорижлик ижодкорлар Ўзбекистон миллий кутубхонасида меҳмон бўлиб, бу ерда сақланаётган нодир қўлёзмалар билан танишдилар. Миллий кутубхонанинг шинам бўлмасида ўтказилган давра суҳбатида эса ёзувчи-шоирларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, адабиётнинг эртаси каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Япониялик атоқли шоира Кэ Морининг ижоди халқаро даражада эътироф этилган: у бир неча адабий мукофотга сазовор бўлган. Дарвоқе, Шарқ мумтоз адабиётига ошуфта ижодкор Алишер Навоий ғазалларининг бир туркумини япон тилига таржима қилган.
Бир замонлар Буюк ипак йўли дунё халқлари учун ўзига хос маданият кўпригини бажарган эди. Ушбу тарихий йўл орқали нафақат товарлар, балки янги ғоялар, адабий асарлар ҳам тарқалган. Булоқ қайта кўз очгани каби бугун тарихий адабий алоқалар қайта тикланмоқда. Uzbekistan’s Literature and Art Bridge дастури бунинг ёрқин мисоли», дейди шоира Кэ Мори.
Кунчиқар ўлкадан ташриф буюрган шоира ҳазрат Навоий ижоди қай жиҳати билан уни мафтун этганига ҳам ойдинлик киритди.
«Алишер Навоий ижоди билан ўзбекистонлик шоир ва мутаржим Аъзам Обиднинг инглизча таржималари орқали танишди. Навоий ўз ижодида инсониятга бўлган юксак меҳр-муҳаббатни тараннум этган экан. Мутафаккир ижоди мени айни шу жиҳати билан ўзига ром этди. Қолаверса, Навоий ғазалларидаги ритм ва оҳангдорлик япон шеърияти анъаналарини ёдга солди. Эндиликда ўзбек тилини пухта ўрганиб, шоир асарларини оригиналдан таржима қилмоқчиман», – дейди япониялик шоира.
Исроиллик Ципи Левин Байрон нафақат нозиктаъб шоира, балки зийрак олима сифатида ҳам эътироф қозонган. Нуфузли университетларда сабоқ берган ижодкор миллий ўзликни англашда адабиётнинг ўрни муҳим деб ҳисоблайди.
«Бугун дунё миқёсида, айниқса, мустамлака даврини бошдан кечирган ўлкаларда миллий ўзликни англаш долзарб масалалардан бирига айланган. Глобаллашув, техник тараққиёт ва капиталистик муносабатларнинг тиғизлашуви боис вазият хийла мураккаб тус олмоқда. Менимча, ҳар бир миллатнинг ўзлигини англаши, дунё майдонида муносиб ўрин топишида адабиёт, хусусан, шеърият ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади», – дейди Ципи Левин Байрон.
Миллий адабиёт намуналарини жаҳонга олиб чиқиш ҳақида кўп ва хўб мунозара қилинмоқда. Хўш, бунинг учун нима қилмоқ керак?
«Барча соҳалар қатори адабиёт учун ҳам маҳдудлик даври ортда қолди. Асарингизни дунё аҳлига инглиз тилида етказишга ҳаракат қилинг», дейди шоира.
«Шарқ халқлари бир замонлар дунёга устозлик қилгани ҳақида сўзлашни хуш кўради. Албатта, бу тарихий фактни рад этиб бўлмайди. Аммо бугун ўтмишга маҳлиё бўлиб ўтиришнинг мавриди эмас. Бугунги авлод ота-боболари шуҳрати билан шунчаки мақтанмай, мозийдаги буюкликни, устозлик мақомини қайтаришга интилиши керак», – дейди Ципи Левин Байрон.
Даниялик Клаус Анкерсен шоир ва рассом сифатида ном чиқарган. Кўплаб халқаро адабий анжуманларда қатнашган ижодкор жамиятнинг адабиётга муносабати масаласига тўхталди.
«Бугун дунё миқёсида адабиётга ялпи эътиборсизлик ҳолати кузатилмоқда. Сара асарлар яратилмоқда, аммо фожиа шундаки, уни қадрловчи ўқувчи йўқ. Ноширлик соҳасидаги монополия, яъни йирик нашриёт уйларининг китоб бозорида назорат ўрнатиб олгани ҳам моддий имконияти чекланган ижодкорлар учун жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Муаммо кўп, албатта. Аммо мен ҳар қандай ҳолатда ҳам адабиётнинг нажоткорлик, халоскорлик кучига ишонаман», – дея фикрларига якун ясади шоир Клаус Анкерсен.
Юртимизда меҳмон бўлиб турган адабиёт, санъат ва маданият намояндалари сайёрамизнинг турли ўлкаларидан келган. Аммо уларни бирлаштириб турувчи муштарак хусусият мавжуд: улар адабиёт, санъат ҳамда маданият «атомдан қудратли куч»га экани, дунё бўйлаб авж олган маънавий-ахлоқий буҳронлардан инсониятни айнан юксак ижод қутқаришига қатъий ишонадилар.
UzLAB дастури 2018 йил октябрь ойида тажриба сифатида илк бор жорий этилган. Ҳозирга қадар унда ўндан зиёд хорижий давлатдан 20 нафардан ортиқ ижодкор қатнашди.
«UzLAB мустақил ташаббусимиздан кўзланган мақсад – адабий, маданий алмашув, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиш учун имконият яратиш, мунтазам ҳамкорлик қилиш, кўргазмалар ўтказиш, китоблар чоп этишдан иборатдир. Дастуримиз келгусида юртимизда кенг кўламли халқаро ижодий лойиҳа ва фестиваллар ташкил этилиши, халқаро ижод уйлари очилишига туртки бўлади деган умиддамиз», – дейди дастур ташаббускори, ёзувчи ва таржимон Аъзам Обид.
Таъкидлаш жоизки, Uzbekistan’s Literature and Art Bridge дастури махсус молия манбалари ва ҳомийлик маблағларисиз, кўнгиллиларнинг ҳиммати эвазига амалга оширилмоқда.
Ўтган дастурлар натижаси ўлароқ, юртимиз адибларининг шеърий ва насрий асарлари хорижий тилларда дунё юзини кўрди. Яқин фурсатда хорижда Алишер Навоийнинг инглиз тилига ўгирилган «Фарҳод ва Ширин» достони ва замонавий ўзбек шеърияти антологияси босилиши режалаштирилган. Дунё матбуотида ҳам юртимиз маданияти, санъати ва адабиётига оид мақолалар чоп этилмоқда. Сирасини айтганда, мазкур дастур ўзбек ва жаҳон адабиёти ўртасида мустаҳкам кўприкка айланмоқда.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter