Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

БАА делегацияси «Самарқанд — миллий драма театри бешиги» кўргазмасида қатнашди

БАА делегацияси «Самарқанд — миллий драма театри бешиги» кўргазмасида қатнашди

Фото: Eco.gov.uz

БАА делегацияси вакиллари юртимизга ташрифи давомида «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги Арт-Резиденцияда бўлиб ўтган Шаржа амирлигининг археологик топилмалари кўргазмаси ҳамда «Art Station» санъат галереясида «Самарқанд — миллий драма театри бешиги» кўргазмаси очилишида қатнашди.

«Самарқанд — миллий драма театри бешиги» кўргазмасининг очилиш маросимида БАА Шаржа амирлиги Ҳукумати ижрочи раиси Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БААнинг Ўзбекистондаги ва Ўзбекистоннинг БААдаги элчихоналари, БАА делегацияси, Самарқанд ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимийга кўргазма, шунингдек, ХХ асрнинг 1-ярмида Ўзбекистонда драматик санъатга асос солган таниқли ўзбек актрисаси Сора Эшонтўраева ва унинг фаолияти ҳақида маълумот берилди. Кўргазма меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.

«Кўргазма актриса ҳамда бошқа таниқли санъат вакиллари ҳақида ҳикоя қилади, — деди кўргазма куратори Дурдона Кулматова. — Мақсад ўз ҳаётини санъат ва таълим-тарбияга бағишлаган Сора Эшонтўраева ва Ўзбекистоннинг бошқа жамоат арбоблари тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи илк авлод актёрларини шакллантиришдир».

Кўргазманинг асосий тўплами 1924 йилдан 1937 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади ва театр жамоасининг саҳна ортидаги ҳаётини акс эттирувчи суратларнинг қайта нашрлари, архив ҳужжатлар, Сора Эшонтўраева ва Аброр Ҳидоятовга тегишли шахсий буюмлар, жумладан, либослар, реквизитлар ва безаклардан иборат. Тўплам актрисанинг кейинги суратлари ва набираси Нодира Ҳидоятованинг у ҳақдаги ҳикояси тасвирланган видеосуҳбатни ҳам ўз ичига олган.

Маълумот учун, Самарқандда бошланган 70 йиллик ижодий фаолияти давомида Сора Эшонтўраева театр ва кинода 100 дан ортиқ ролларни ижро этган. Ижро маҳорати ва ижтимоий фаоллиги учун кўплаб мукофотларга сазовор бўлган.

Бундан ташқари, БАА делегацияси вакиллари «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида бўлиб, бу ерда талабаларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди. Шунингдек, улар таълим маскани ҳудудида ташкил қилинган экологик бурчакни ҳам кўздан кечиришди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг