Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Алишер Навоий» ҳужжатли фильмининг намойиши ўтказилди

«Алишер Навоий» ҳужжатли фильмининг намойиши ўтказилди

Фото: «Ўзбеккино» 

Жорий йилнинг 9 февраль куни буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан «Ўзбеккино»  Миллий агентлигида «Алишер Навоий»  ҳужжатли фильмининг илк намойиши бўлиб ўтди. Премьерада Агентлик раҳбарияти, 30га яқин навоийшунос, адабиётшунос олимлар, киномутахассислари ҳамда ёш киноижодкорлар иштирок этишди.

«Алишер Навоий»  ҳужжатли фильми «Ўзбеккино»  Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси»  ДУК ҳамда «Spectre» студияси томонидан суратга олинган. Фильм сценарий муаллифи Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Шоҳрух Расулов, постановкачи оператор Жаҳонгир Ибрагимов, постановкачи рассом Шаҳзод Муҳаммадиев, режиссёр ассистенти Муаттар Мирреджабова, продюсер Давронхўжа Абдуғаниев.

Ушбу тарихий ҳужжатли фильм Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан шоир таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, мутафаккир шахси ва асарларига янгича ёндашув асосида яратилди. «Алишер Навоий»  фильми «Халқ юраги» номи остида суратга олинаётган туркум фильмлардан бири.

– Фильм айнан 9 февраль куни навоийшунос олимлар учун намойиш қилинаётгани бежиз эмас. Лойиҳа кенг оммага тақдим этилишидан олдин мутахассисларнинг бундай «кўриг»идан ўтиши ҳар томонлама сифатли маҳсулот яратилишига хизмат қилади. Ҳужжатли фильмнинг яна бир аҳамиятли жиҳати у ёш киноижодкорлар томонидан яратилганидир. Уларнинг қараши ўзбек ёшларига самаралироқ етиб боради. Биламизки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугунги кунда ёшларга жуда катта эътибор берилмоқда. Биз ҳам ёш киноижодкорларни қўллаган ҳолда ушбу ҳужжатли фильмни суратга олишни уларга ишониб топширдик, — дея фикр билдирди Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Фото: «Ўзбеккино» 

Намойишдан сўнг фильм билан боғлиқ муҳокамалар бўлиб ўтди. Ҳужжатли фильм ҳақида ижобий фикрлар билдирилиб, муҳим таклиф ва тавсиялар берилди. Эслатиб ўтамиз, сўнги пайтлар Агентлик томонидан фильмларни кенг оммага намойиш этишдан олдин мутахассислар билан фикр алмашиш амалиёти йўлга қўйилган.

Фото: «Ўзбеккино» 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг