Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Кинокарвон»нинг вилоятларга сафари аҳолига кўтаринки кайфият бағишламоқда

«Кинокарвон»нинг вилоятларга сафари аҳолига кўтаринки кайфият бағишламоқда

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ташаббуси билан таниқли киноижодкорлардан ташкил топган «Кинокарвон» гуруҳи Самарқанд вилоятига сафарини якунлаб, Навоий ва Бухоро вилоятларига йўл олди. «Кинокарвон» дастуридан ҳудудларда таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, фотосессиялар ва янги фильмлар намойишлари ўрин олган. Намойишларда фильмлар ижодкорлари ҳам иштирок этишади.

Хабарингиз бор, 26 март куни «Кинокарвон» гуруҳи Самарқанд шаҳар 71-сон умумий ўрта таълим мактабида «Менинг қаҳрамоним» мавзусида ижодий учрашув бўлиб ўтган. Самарқанд шаҳар «Шарқ юлдузи» кинотеатрида ижодий учрашув, «Ҳайрат» фильмининг премьераси, 27 март санасида Самарқанд шаҳар ёшлар маркази биносида «Мен террорчи эмасман», 28 март куни Пайариқ тумани маданият маркази ва Ургут тумани «Ургут» кинотеатрида ижодий учрашув ўтказилиб, «Мен террорчи эмасман» фильми тақдим этилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг «Кинокарвон» лойиҳаси жойларда аҳолини томонидан жуда илиқ кутиб олинмоқда. Бу лойиҳа томошабинлар томонидан қўллаб-қувватланиб, шу каби намойиш ва учрашувларни кўпайтириш таклифлари келиб тушмоқда. Лойиҳа жойларда аҳолининг кайфиятига ва юқори маданий ҳордиқ чиқаришига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

5 апрель куни «Кинокарвон» гуруҳи ижодкорлари билан Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Ўзбекфильм» ДУК томонидан суратга олинган «Муқимий» фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Фотиҳ Жалоловнинг «Муқимий» фильми томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Намойишдан сўнг, «Кинокарвон» гуруҳидаги ижодкорлар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Сўнгра, Навоий вилояти марказий хиёбонда болалар ва ўсмирлар учун агентлик буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Мухаммадали Искандаровнинг инновацион «Синемобиль» кинотеатрида «Мен террорчи эмасман» фильми намойиш этилди. Намойишдан сўнг, ижодкорлар билан суҳбатлар ташкил этилди.

6 апрель куни Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги «Нафосат» маданият марказида ижодий учрашув ҳамда фантастик мусиқали комедия жанрида Эргаш Мўминов томонидан суратга олинган «Орзулар қанотида» бадиий фильм намойиши бўлиб ўтди.

Шунингдек, Кармана туманидаги Мусиқа ва санъат мактабида мультфильмлар намойиши ҳамда аниматорлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Болалар ва ўсмирлар замонавий мультфильмларни яратиш жараёнлари ва анимация санъати сирларидан баҳраманд бўлишди. Навбаҳор туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам киноижодкорлар билан ижодий учрашув ва «Муқимий» бадиий фильми тақдимоти бўлиб ўтди.

Нурота туманидаги «Нурафшон» кинотеатрида эса ижодкорлар билан ижодий учрашувдан сўнг агентлик буюртмасига биноан суратга олинган «Имом Абу Мусо ат-Термизий» тарихий-бадиий фильм намойиш этилди. Навоий давлат кончилик институти залида эса Зулфиқор Мусоқовнинг «Ҳайрат» фильми тақдимоти ўтказилган бўлса, Конимех тумани маданият марказида Жаҳонгир Қосимовнинг «Ибрат» тарихий-бадиий фильми намойиш этилди.

7 апрель куни Кинокарвон Бухоро вилоятига йўл олади. Бухоро вилоятида ҳам бир қатор намойиш ва ижодий учрашувлар режалаштирилган. Хусусан, Бухоро вилояти Ёшлар марказида «Ҳайрат» фильмини намойиши, Пешку тумани Мусиқа мактабида «Абу Мусо ат-Термизий» фильми, Шофиркон тумани «Шофиркон» кинотеатрида «Муқимий» фильми, Рометан тумани «Боғи туркон» маданият уйида «Ибрат» фильми, «Қоракўл» ёшлар театрида «Орзулар қанотида» фильмлари намойиш этилди. Таниқли киноижодкорлар билан давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва фотосессиялар ташкил этилади.

8 апрель куни «Кинокарвон» вакиллари олий таълим муассасалари учун фильмлар намойиш этади. Бухоро давлат университетида «Муқимий», Бухоро Муҳандислик технология институтида «Орзулар қанотида», Бухоро вилояти Тиббиёт институтида «Ҳайрат», Тошкент ирригация институтининг Бухоро филиалида «Ибрат», Бухоро вилояти Тиббиёт техникумида «Абу Мусо ат-Термизий» фильмларининг намойишлари кўзда тутилган. Шунингдек, киноижодкорлар гуруҳига «Синемобиль» киноплатформаси ҳам ҳамроҳлик қилади.

Кинокарвон Бухоро сафаридан сўнг Қашқадарё вилоятига йўл олади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг