Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Одирмонтепа сирларини очмоқда

Одирмонтепа сирларини очмоқда

Фото: Маданий мерос агентлиги

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Одирмонтепа (Одирмон) қадимий шаҳар археологик ёдгорлигида олиб борилаётган тадқиқотлар давомида диний маросимларга оид ноёб меҳроб ва остодон (суякдон) топилди. Мазкур тарихий ёдгорликда археологик қазишма ишлари жорий йилда илк бор Самарқанд археология институти ходими Санжар Абдураҳимов томонидан йўлга қўйилди.

Қазишмалар давомида ёдгорликнинг шимоли-шарқий қисмидан аниқланган меҳробда ёнғин излари яхши сақланган. Унинг баландлиги — 70 сантиметр, эни — 90 сантиметр. Пол қисмига 18×28×2,5 сантиметр ўлчамдаги пишган кафелсимон ғиштлар терилган бўлиб, иншоот атрофи 2,5–3 сантиметр қалинликдаги лой сувоқ билан қопланган. Сувоқ қатламларининг бир неча бор янгилангани меҳробдан узоқ вақт давомида фойдаланилганини ва у мунтазам таъмирланганини кўрсатади.

Ёдгорликдан аниқланган остодон ҳам алоҳида илмий аҳамиятга бўлиб, унинг ташқи юзасида кийик ҳамда арча дарахтига ўхшаш нақшлар акс этган. Мазкур тасвирларнинг мазмуни реставрация ишлари якунлангач янада аниқроқ ўрганилиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, Одирмон шаҳар ёдгорлиги милоддан аввалги III аср ва милодий III асрлар оралиғига оид. Аниқланган меҳроб ва остодон ёдгорликда яшаган қадимги аҳолининг диний қарашлари, маросимлари ҳамда дафн анъаналарини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Археологик тадқиқотларнинг давом эттирилиши Одирмон шаҳар ёдгорлигининг тарихий-маданий аҳамиятини янада чуқурроқ очиб беришга хизмат қилиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг