Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда президент ташаббуси билан ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди

Қашқадарёда президент ташаббуси билан ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди

Қашқадарёда вилоят кўрик-танловининг 45 нафар финалчиси «Муҳаббат баҳори» янги фильми премьерасидан илҳомланиб, ўзлари ёқтирган кино қаҳрамони ҳақида иншо ёзди.

Қашқадарё вилоятида таниқли киноижодкорлар, маданият арбоблари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларига «Муҳаббат баҳори» фильми намойиш этилди, сўнгра «Кино қаҳрамонларидан ўрнак оламиз» шиори остида иншолар танлови ўтказилди.

Бугун Қарши ёшлар марказида танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир ҳақида Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов батафсил маълумот берди.

«Мактаб ўқувчилари ўртасида фильмлар намойиши ва иншолар танловини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли. Бугун ушбу ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Мазкур танлов Қашқадарё вилоятида 1204 умумтаълим мактабининг 169 минг 518 нафар ўқувчини қамраб олди. Бугун эса танлов доирасида мактаб ўқувчиларига юртимизнинг буюк шахслари ҳақида турли фильмлар намойиш этилди. Танлов финалида 45 нафар энг яхши мактаб ўқувчилари иштирок этмоқда. Шунингдек, бугун Ўзбекистон халқининг суюкли шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ҳаёти, ижоди, ўзаро муҳаббати ва садоқати ҳақидаги фильмнинг премьераси бўлиб ўтади. Ушбу танловни юқори савияда ташкил этгани учун ҳамкорларимиз – Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, шунингдек, Ўзбекистон Президенти админстрациясига миннатдорчилик билдирамиз», — дея изоҳ берди Фирдавс Абдухолиқов.

Қайд этиш лозимки, Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» фильми Кинематография агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган. Фильм Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ва жамоат арбоби, ёзувчи Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижодига бағишланган.

«Ушбу фильмни суратга олаётганимда уни биринчи навбатда мактаб ўқувчилари кўриши лозимлигини билардим ва премьерани биринчи бўлиб мактаб ўқувчилари кўрганидан жуда хурсандман. Бу мен учун режиссёр сифатида катта совға бўлди», – деди фильм режиссёри Иброҳим Расулов.

Болалар фильмни томоша қилгандан сўнг ўз таассуротларини иншо шаклида ёзиб бердилар. Ҳакамлар ҳайъати энг яхши ишларни аниқлади. Ғолиб ўқувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бундан ташқари, барча иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

«Ўқувчилар томонидан кўплаб иншолар ёзилади, аммо бу галги танлов улар учун ғайриоддий ва эсда қоларли бўлди. Ўзбекистоннинг буюк шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодини ўрганиш мактаб ўқув дастурига киритилган ва бу борада фильмлар томоша қилиш, иншолар ёзиш болаларнинг дунёқарашини кенгайтиришига ишончимиз комил. Ўйлайманки, бу каби ташаббуслар таълим сифатига ижобий таъсир қилади», – деди Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Насиба Мамараимова.

Танлов финалига қадар 45 нафар ўқувчи етиб келди. Уларнинг барчасига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумига оид китоблар совға сифатида тақдим этилди. Барча совринли ўринларни қизлар қўлга киритгани ҳам эътиборга молик. Биринчи ўрин Севинч Ўктамовага, иккинчи ўрин Нилуфар Хушмуродовага, фахрли учинчи ўрин эса Севинч Яхшиевага насиб этди.

Иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими тантанали руҳда ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Насиба Мамараимова иштирок этди. Улар томонидан ғолибларга совғалар топширилди.

Танлов ғолиби, Шаҳрисабз туманидаги 24-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Севинч Ўктамова тадбир ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг