Япониялик қўшиқчи «Ўзбек маданияти элчиси» этиб тайинланди (видео)
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Япония элчихонаси билан ҳамкорликда япониялик таниқли қўшиқчи ва созанда – Комазаки Машуни «Ўзбек маданияти элчиси» этиб тайинлаш маросими ўтказилди.
Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов «Ўзбек маданияти элчиси», деган мақом биринчи бўлиб Япония фуқаросига берилгани ва бу ишонч Комазакига Японияда Ўзбекистоннинг маданияти ва санъатини бундан-да кенг равишда тарғиб қилишида кенг имкониятлар яратиб беришини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Маросимда иштирок этган Маданият вазирлиги вакиллари томонидан Машу Комазакининг «Ўзбек маданияти элчиси» сифатидаги фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, яъни миллий маданиятимизни тарғиб қилишда зарур бўлган либослар, мусиқа чолғулари, адабиётлар, ҳунармандчилик ва маданиятимизни тарғиб қилувчи бошқа маҳсулотлар тақдим қилинишини маълум қилинди.
«Шу кунгача Японияда ташкил қилинаётган маданий тадбирларда ўзбек миллий куй ва мусиқаларини ижро этганимдан сўнг, кўплаб япон томошабинлари «Машу хоним, сизнинг ижронгиз орқали Буюк ипак йўлидаги сирли мамлакат ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил бўлди, биз сиз билан Ўзбекистонга ташриф буюришни хоҳлар эдик», деган фикрларни эшитганимда мусиқа ва куйлар инсон қалбига нақадар таъсир ўтказишидан ҳайратланаман. Бу мени янада ижод қилишимга ва Японияда юртингиз ихлосмандларини оширишга илҳомлантиради», — деди Машу хоним Комазаки.
Тадбир давомида элчихона билан ҳамкорликда Японияда мамлакатимизнинг маданий салоҳиятини кенг тарғиб қилиб бориш, қўшма лойиҳаларини амалга ошириш, Япония оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистон ҳақида кўрсатувлар тайёрлаш ва мақолалар чоп қилиш бўйича келишиб олинди.
Маълумот учун: Машу Комазаки Токио шаҳрида туғилган, Токио мусиқа университети фортепиано факультетини тамомлаган. 2015–2017 йилларда Япониянинг хориждаги ҳамкорлик кўнгиллилари дастури бўйича Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридаги ўрта умумтаълим мактабида кўнгилли равишда мусиқа ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. Ўзбекистондаги фаолияти давомида миллий мусиқамиздан таҳсил олиб, ўзбек дуторини ўрганган. 2018 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Биринчи Халқаро мақом санъати анжуманида ўзбек дуторида «Сунбула» куйини ижро этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллаган. 2022 йил Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. Ўтган йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа ва «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалларида иштирок этган ва фахрли ўринларни эгаллаган. Шунингдек Машу хоним Токио шаҳридаги «Такиногава» тадбирлар залида «Буюк ипак йўли» мусиқалари бўйича концерт дастурини ташкил қилиб, унда Ўзбекистон мусиқаси ва куйларини япон ҳамжамиятига тақдим қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас