Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Атом» – қўрқувсиз: талабалар атом энергетикаси ҳақида нималарни билиб олдилар?

«Атом» – қўрқувсиз: талабалар атом энергетикаси ҳақида нималарни билиб олдилар?

Оскар мукофоти совриндори, машҳур режиссёр Оливер Стоуннинг «Атом» ҳужжатли фильми энергетика йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фильм намойиши Тошкент давлат техника университети ҳамда Жиззах политехника институтида VI Илм-фан ва атом фестивали доирасида ўтказилди.

Мазкур фильм ядро энергетикасига нисбатан мавжуд қўрқув ва стереотиплардан холи ёндашувни таклиф этади. У дунёдаги иқлим ўзгариши ва энергетик танқислик каби долзарб муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган энг кам углеродли энергия манбаларидан бири ҳақида ҳикоя қилади.

Атом энергетикаси ҳақида қандай нотўғри тасаввурлар мавжуд? Замонавий АЭСлар қанчалик хавфсиз? Умуман, ядро энергетикаси Ўзбекистоннинг келажагига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Ядро энергетикаси бўйича мутахассис Шоҳмирзо Умаров мазкур кинонамойишдан сўнг талабалар билан ўтказилган очиқ мулоқотда ана шундай саволларга атрофлича жавоб берди.

«Атом» ҳужжатли фильми нафақат ядро энергетикасининг тарихий ва технологик тараққиёти ҳақида ҳикоя қилади, балки атом электр станцияларининг хавфсизлигига оид мустаҳкам шаклланган бир қанча афсоналарни ҳам инкор этади. Шоҳмирзо Умаровнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда дунё энергетикасида атом генерациясининг аҳамияти сезиларли даражада ортган.

«Фильмда атом энергетикасининг ривожланиш тарихи тўлиқ қамраб олинган. Шу сабабли, унда саноатга тўсқинлик қилган технологик, сиёсий ва ижтимоий муаммолар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Бироқ фильм намойиш этилганидан буён ядро энергетикасининг аҳамияти янада ошди. Масалан, 2023 йилда бўлиб ўтган «COP28» иқлим саммитида АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Япония каби 20 дан ортиқ давлатлар 2050 йилга қадар атом энергетикаси қувватларини уч баравар ошириш ҳақидаги декларацияни имзолади. Бу воқеа атом энергетикасининг иқлим мақсадларига эришишда асосий восита сифатида кўриб чиқилаётганини тасдиқловчи муҳим қадамдир», – деб таъкидлади мутахассис.

Фильм ёрдамида инкор қилинган энг асосий нотўғри тасаввурлардан бири – Чернобиль ва Фукусима АЭСларида содир бўлган ҳалокатлар ҳақидаги тушунчалардир.

«Кўпчилик бу фожиалар ядро энергетикасининг ривожланишига нуқта қўйди деб ҳисоблайди, аммо бу хато тушунча», – деди Шоҳмирзо Умаров.

2011 йилда «Фукусима» АЭСидаги авария кучли зилзила ва цунамидан келиб чиққан бўлиб, 18 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган. Бироқ мутахассиснинг таъкидлашича, авария натижасида радиация таъсири туфайли тасдиқланган ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Чернобиль фожиасига келсак, МАГАТЭ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳалокат туфайли бевосита ҳалок бўлганлар сони 50 кишидан кам, узоқ муддатли таъсир эса тахминан 4 минг кишининг онкологик касалликлардан вафот этиши мумкинлиги билан баҳоланган.

Энди таққослайлик: Хитойда Банчао тўғонининг ёрилиши 200 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган, Ҳиндистондаги Бхопал газ фалокати эса 15 мингдан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган.

«Хавфсизлик даражасини солиштирганда, статистик маълумотларга кўра, атом энергетикаси энг хавфсиз саноат тармоқларидан бири ҳисобланади. У ҳатто анъанавий электр энергияси ишлаб чиқариш усулларидан, яъни кўмир ва нефть-газ энергетикасидан ҳам камроқ ўлим ҳолатларига эга», – деб таъкидлайди мутахассис. У буни авиация билан таққосларкан, кўпчилик ҳаво транспортидан қўрқишига қарамай, у дунёдаги энг хавфсиз транспорт турларидан бири бўлиб қолмоқда.

Фильм талабаларда нафақат катта қизиқиш уйғотди, балки кўплаб саволларга ҳам сабаб бўлди. Атом технологияларининг келажаги, замонавий станцияларнинг хавфсизлиги ва чиқиндиларни утилизация қилиш юзасидан фаол муҳокамалар бўлиб ўтди.

Айниқса, Ўзбекистонда уранни қайта ишлаш ва бойитиш учун ўз инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда янги АЭСлар қуриш истиқболлари ҳақидаги масалалар талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Бўлажак энергетиклар замонавий АЭСлар қандай қилиб аварияларнинг олдини олиши ва янги технологиялар энергетика соҳасида янада хавфсизликни таъминлашга доир саволларини ҳам берди. Бундан ташқари, экологик оқибатлар ва ядро иншоотларини сув билан таъминлаш масалалари ҳам  қизғин муҳокамалар марказида бўлди.

«Фильм намойишида иштирок этган талабаларнинг аксарияти атом ва электр энергетикаси йўналишларида таҳсил олади. Томоша жараёни уларга ядро энергетикасининг келажакда барқарор электр таъминоти ва устувор ривожланиш учун нақадар муҳимлигини англаш имконини берди. Айниқса, уларнинг бу соҳанинг бир қисми эканини ҳис қилиши, келажакдаги билим ва меҳнати Ўзбекистонда атом энергетикасининг ривожланишига ҳисса қўшиши мумкинлигини англашлари кучли таассурот уйғотди. Кўплаб талабалар танлаган касблари билан фахрланишди, унинг истиқболи ва мамлакат учун катта аҳамият касб этишини янада чуқур ҳис қилишди. Бу уларнинг фильмдан сўнгги муносабатларида ҳам яққол кўзга ташланди, яъни  бу савол-жавобларнинг қизғин тус олиши ва  самимий миннатдорлик сўзларида намоён бўлди. Ҳатто баъзи талабалар шахсан келиб, атом энергетикасига янги, кенгроқ нуқтаи назар билан қараш имконияти учун ўз ташаккурини билдиришди», – деди Умаров.

Мутахассиснинг таъкидлашича, муҳокамалар давомида талабалардан бирининг билдирган фикр, айниқса, қизиқарли бўлди. У атом энергетикасини нафақат электр энергияси манбаи, балки бутун иқтисодиёт учун кучли туртки сифатида баҳолади. Талабанинг фикрича, АЭС қурилиши машинасозликдан тортиб илм-фангача бўлган кўплаб соҳаларнинг ривожланишига хизмат қилади. Натижада энергетика нафақат мамлакатни арзон электр энергияси билан таъминлайди, балки юқори технологияли янги экотизим яратиб, саноат тараққиётининг янги босқичига йўл очади.

Қисқача қилиб айтганда, бундай ёндашув ҳақиқатан ҳам жаҳондаги тенденцияларга мос келади. Чунки атом энергетикаси нафақат АЭСлар қурилиши, балки минглаб янги иш ўринлари яратилиши, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва мамлакат саноати салоҳиятининг ошишига ҳам туртки беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг