Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Болага нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланяпти

Болага нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланяпти

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Мазкур қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида эмас, суд муҳокамаси пайтида бериш тартиби жорий қилинмоқда.

Яъни оилавий (маиший) зўравонлик бўйича ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат ишни судда кўриш жараёнида, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг хулқига кўрсатиладиган ижобий таъсирнинг кучи яна-да ортишига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чораларининг самарадорлигини ошириш ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маълумот учун, 2023 йил ва жорий йилнинг май ойига қадар содир этилган 894 та оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 55,6 фоизи, яъни 506 таси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган. Қолган 44,4 фоизи, яъни 388 таси бўйича суд томонидан тегишли жазолар тайинланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг