Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эндиликда Ҳисоб палатаси бюджет жараёнини маҳаллий кенгашларда ҳам муҳокама қилади

Эндиликда Ҳисоб палатаси бюджет жараёнини маҳаллий кенгашларда ҳам муҳокама қилади

Бугун, 10 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев бюджет маблағларидан фойдаланилиши устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар қилди.

«Бугун дунёдаги мураккаб жараёнлар иқтисодиётга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Маблағ топиш, жамғариш, кўпайтириш тобора қийин бўлиб бормоқда. Бундай шароитда бор манбалардан самарали фойдаланиш, тежамкорлик ва аниқлик янада муҳим», – дейилади хабарда.

Шу йил 16 январь куни иқтисодиётдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари бюджет харажатларининг самарадорлиги масаласига алоҳида тўхталиб, молиявий назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар берган эди.

Тартибга кўра, бу вазифани Ҳисоб палатаси амалга оширади. Қайд этилишича, ҳозирги тизимда фақат бюджет ва мақсадли жамғармалар харажати ташқи аудит билан қамраб олинган. Бу жами харажатларнинг 86 фоизини ташкил этади.

Шу боис Ҳисоб палатаси томонидан консолидациялашган бюджет ижросини ташқи аудитдан ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда ташқи қарз ҳисобидан харажатларни ҳам қамраб олиш имконини беради.

Ҳисоб палатаси фаолиятида давлат дастурларидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолашга қаратилган стратегик аудит ҳамда давлат ташкилотларидаги дастурий таъминотлар самарадорлиги бўйича ахборот технологиялари аудити жорий этилиши мўлжалланмоқда.

Мамлакатда 30 мингга яқин бюджет ташкилоти ва давлат корхоналари бўлиб, уларни жойига чиқиб ўрганишга кўп вақт ва маблағ кетади. Шунинг учун Ҳисоб палатасида «Масофавий назорат маркази» ишга туширилди. Энди илғор хорижий тажриба асосида 36 та риск-таҳлил мезонлари ва индикаторларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда ҳудудлар ривожига катта маблағлар йўналтирилаяпти. Лекин маҳаллий кенгашлар бюджет муҳокамасида асосан вилоят ёки туман бюджети билан чекланаяпти. Бу – ҳар бир ҳудудга барча манбалардан берилаётган маблағларнинг 65-70 фоизи уларнинг назоратидан четда қолаяпти, дегани.

Шу боис Ҳисоб палатаси бюджет жараёнини нафақат Олий Мажлис палаталарида, балки маҳаллий кенгашларда ҳам муҳокама қилиб бориши кераклиги қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг