Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Марказий Осиёда иссиқ кунлар сони 2 марта ортган, музликларнинг учдан бири эриб йўқолган» – Шавкат Мирзиёев

«Марказий Осиёда иссиқ кунлар сони 2 марта ортган, музликларнинг учдан бири эриб йўқолган» – Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги чиқишида минтақамиздаги энг долзарб экологик муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан:

  • сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони 2 марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб йўқолди;
  • минтақамиз ҳудудида тупроқ емирилиши жараёнлари 30 миллиондан зиёд аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кучли чанг ва қум бўронлари одатий ҳолга айланиб бормоқда;
  • ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, био хилма-хиллик йўқолиши, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликнинг кескин пасайиши каби муаммолар тобора авж олмоқда.

Таъкидланишича, таҳлиллар Марказий Осиё минтақасида ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп эканини кўрсатмоқда.

«Мухтасар қилиб айтганда, бу глобал хавфлар кенг минтақамизда ўзининг хатарли нуқтасига етиб келмоқда», – деган давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон президенти мазкур муаммоларнинг ечими сифатида глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарурлигини таъкидлаган. Бунда иқлим ўзгаришидан жиддий зарар кўраётган ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши шартлиги алоҳида қайд этилди.

«Бу долзарб муаммони «Катта еттилик» ва «Катта йигирмалик» форматлари кун тартибларида доимий равишда кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқдир», — деган Шавкат Мирзиёев.

Иқлим ўзгаришига бағишланган БМТ конференциясида давлатимиз раҳбари Орол денгизининг қуриган тубида мустаҳкам ҳимоя қалқонини яратиш мақсадида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этилгани ҳақида маълумот берди. Бу орқали Орол ҳудудида ҳаво ифлосланиши камаймоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон шаҳарларда яшил ҳудудлар майдонини 30 фоизга етказилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг учун «Яшил макон» ташаббуси доирасида мамлакатимизда 1 миллиард туп кўчат экилаётгани маълум қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг