Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Китоблари миллионлар олиб келган хоним

Китоблари миллионлар олиб келган хоним

Жоан Роулинг – Гарри Поттер туркумидаги романлар муаллифи сифатида машҳур бўлган ёзувчи. Унинг китоблари 500 миллион нусхада сотилган ва бир нечта мукофотни қўлга киритган. Шу жиҳатдан Жоан Роулинг китоблари энг кўп сотилган муаллиф сифатида ҳам танилган.

Британиялик бу адиба тасаввури ва истеъдоди туфайли миллионлаб ўқувчиларни ошуфта қилувчи дунёни акс эттирди. У гўё «йўқ жой»дан пайдо бўлди. Роулингнинг Поттер ҳақида ёзган китоблари асосида суратга олинган фильмлар кассабоп киноэпопеяларга айланган. Британия адабиёти ривожига ҳисса қўшгани учун Жоан Роулинг «Хьюго мукофоти», Британия империяси Фахрий легион нишонлари билан тақдирланган...

Болалик, айрилиқ ва китоблар

Жоан Роулинг 1965 йил 31 июлда Англиянинг Глостершир графлигида муҳандис Питер Жеймс Роулинг ва Энн Волан оиласида дунёга келган. Унинг онаси оддий уй бекаси бўлиб, ярим француз, ярим шотландиялик эди. Отаси эса заводда муҳандислик қиларди. Жоан икки ёшга тўлиши арафасида синглиси Дайанн ҳам туғилди. 1969 йили оила қўшни Винтербурн қишлоғига кўчиб ўтди.

Хонадон бекаси Энн бор вақтини оиласига бағишлар, фарзандларининг яхши таълим олишларига интиларди. У қизларига эртаклар ўқиб беришни канда қилмасди. Беш ёшида Жоан ёддан билмаган бирорта эртак қолмади. Унинг адабиётга меҳри уйғонишида онасининг ўрни беқиёс бўлди.

Жоан бошланғич маълумотни авлиё Михаил мактабида ўқиди. Тахминларга кўра, мазкур илмгоҳ директори Альфред Данн кейинчалик ёзилган Гарри Поттер мактабининг директори Альбус Дамблдорнинг прототипи бўлган.

Бўлажак адиба болалигида фантастик ҳикоялар ёзар, уларни синглисига ўқиб берарди. «Ҳозиргача эсимда, мен Дайаннга унинг қуёнлар уясига тушиб қолгани ва қуёнлар оиласи қулупнай едиргани ҳақида айтиб берардим, – деб хотирлайди Роулинг. – Биринчи ёзган ҳикоям (беш ёки олти ёшимда) Қуён ҳақида бўлганини аниқ эслайман. Бу қаҳрамон қизамиқ билан оғрийди ва ҳузурига дўстлари, шунингдек, улкан Асалари хоним келади».

Тўққиз ёшида уларнинг оиласи Татшиллдаги коттежга кўчиб ўтди. Жоан уятчан, одамови бўлиб ўсди. У мудом хаёл суриб юрар, дафтарига нималарнидир ёзарди. Ўзининг айтишича, бу осон бўлмаган.

Опа-сингил Роулингларнинг ўртоқлари Винтербурнга кўчганларидан кейин пайдо бўлди. Улардан бирининг фамилияси Поттер эди. Роулинг тан олишича, ўзиникидан кўра шу фамилия унга ёққан.

Роулинг 15 ёшда бўлганида оила яна кўчди. Бу Жоан учун кўникиб қолган муҳитни ўзгартириш, айни ўсмирлик даврида дўстлари билан хайрлашиш, янги мактабга ўтиш дегани эди. Бувиси унга Жессика Митфорд таржимаи ҳоли ёзилган эски китобни совға қилди. Митфорд Роулингнинг қаҳрамонига айланди ва у бу адибанинг барча китобларини ўқиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, Жоаннинг бувиси вафот этди, онаси эса паришонхотирлик склерозига йўлиқди. Даволаш ижобий натижа бермади, шу боис унинг аҳволи ёмонлашаверди.

«Мен бахтиёр эмас эдим, – дейди Роулинг. – Бу ҳаётимнинг энг оғир даври бўлган». Жоан уйдаги ҳаётдан норози эди. Унинг онаси бетоб, ўзининг эса отаси билан муносабати яхши эмасди.

Уйдаги оғир шароитга қарамай, Жоан мактабда яхши таҳсил олди. У синфбоши эди. Университетга киришдан олдин эса инглиз, француз ва немис тилларини ўрганди, имтиҳонларни иккита «аъло» ва битта «яхши»га топширди. Аммо 1982 йили у Оксфорд университетидан йиқилиб, Эксетер университетига ўқишга кирди. Таҳсилни тугатгач, француз ва классик филология бўйича бакалавр даражасини олди. Университет профессори Мартин Сорреллнинг айтишича, «Жоан қора сочли бўлиб, жинси куртка кийиб юрар, кўринишидан муҳим ишлар билан банд одамдек таассурот қолдирарди. Аслида у ҳеч қандай иш қилмас, мусиқа тинглар, Диккенс ва Толкинни ўқир эди».

Муштумзўр исканжаси

1986 йили Париж университетини тамомлаган Роулинг Лондонга жўнади ва «Халқаро амнистиялар» тадқиқот бўлимида котиба бўлиб ишлай бошлади. Кейинчалик ишдан бўшаган Роулинг ёш йигитча билан Манчестерга кетишга қарор қилди. 1990 йили, Манчестердан Лондонга жўнайдиган поезд тўрт соат ушлаб қолинганида эса, Роулингнинг миясига сеҳргарлик мактабида ўқийдиган бола ҳақидаги роман ғояси «тўла-тўкис шаклланган ҳолда» келди. Бу ғоя қаердан пайдо бўлгани номаълум. У Гарридан бошланди ва барча қаҳрамонлар, воқеалар шиддат билан ёпирилди.

«Аксига олиб ўша пайтда ёзиш учун ручкам йўқ, бировдан сўраб туришга эса уялардим, – дейди Роулинг. – Ўйлайманки, бу яхшиликка бўлган. Мен шунчаки ўтирдим ва тўрт соат мобайнида (поезд ушлаб турилганида) ўйладим. Барча тафсилотлар миямда кўпчиди ва ўзининг сеҳргар эканлигини билмайдиган қора сочли кўзойнак таққан болакай борган сайин менга ҳақиқатда мавжуддек туюлаверди. Агар ўшанда воқеаларни қоғозга туширганимда, эҳтимол, фикрларни пайсалга солишим ҳам мумкин эди». 

Роулинг уйига етиб боргач, дарҳол ёза бошлади. Ўша йилнинг декабрь ойида, ўн йиллик паришонхотирлик склерозидан сўнг Роулингнинг онаси вафот этди. «Онам ўлганида мен Гарри Поттерни ёзаётгандим, – эслайди Жоан. – Мен унга ҳеч қачон Гарри Поттер ҳақида айтиб бермаган эдим».

Онасининг ўлими Роулингга қаттиқ таъсир қилди. Шу боис биринчи китобда Гаррининг ота-онасидан ажралишини батафсил ёритди – муаллиф бу ҳиссиётни бошидан кечирган эди.

Бу орада «Гардиан» газетасида эълонни ўқиб қолган Роулинг инглиз тилидан сабоқ бериш учун Порту (Португалия)га кўчиб ўтди. У кундузи дарс берар, кечқурунлари эса Чайковский мусиқасини тинглаб яна ёзишда давом этди. Ўша ерда барда Роулинг тележурналист Жорж Арантес билан танишди. 1992 йил 16 октябрда уларнинг тўйи бўлиб ўтди. 1993 йилнинг 27 июлида қизалоқ Жессика Изабель Роулинг Арантес дунёга келди (гўдак исми Жессика Митфордга эҳтиром сифатида қўйилган). Фарзанд туғилгач, оила мустаҳкамланиши ўрнига эр-хотин келиша олишмади. Роулинг биографчиларининг айтишича, адиба никоҳда бўлганида муштумзўрлик қурбони бўлган. Арантес берган интервьюга кўра, у тонгги соат бешда Жоанни уйдан ҳайдаб чиқарган ва урган.

1993 йилнинг декабрь ойида Жоан Роулинг қизалоғи ва жомадонга солинган «Гарри Поттер»нинг учта бўлими билан бирга синглисининг ёнида бўлиш учун Эдинбург (Шотландия)га кўчиб ўтди. Ҳаётининг айни шу босқичида унда оиласидаги парокандалик, руҳий жароҳатланиш ва ишсизлик билан боғлиқ узоққа чўзиладиган сиқилиш ҳолати бошланди. Роулинг, тиббий тилда айтганда, клиник руҳий сиқилишга дучор бўлган, унда ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикрлар ғужғон ўйнар эди. Роулинг  ижтимоий ёрдам пули ола бошлади. Ўзининг сўзларига қараганда, Роулинг «замонавий Буюк Британияга хос – дайдиликдан холи камбағал эди».

Университетни тугатганига етти йил бўлган Роулинг ўзини «энг катта омадсиз» деб ҳисобларди. Унинг оиласига дарз кетди, ўзи қўлида боласи билан ишсиз қолди. Аммо Жоан ўзининг омадсизлигини эркинлик деб ҳам баҳолади: «Омадсизлик муҳим бўлмаган юмушлардан узоқлашишни англатар эди. Ўзимни аслиятимдан кўра бошқача кўйга солишни бас қилдим ва бутун қувватимни мен учун аҳамиятли ҳисобланган ягона ишни якунлашга қаратдим. Агар бошқа ишга ҳам улгурганимда қатъият кўрсатмасдим. Мен эркин бўлдим, чунки катта қўрқувим рўй берди. Мен ҳануз ҳаёт эдим, яхши кўрадиган қизим бор. Менинг эски ёзув машинкам ва улкан ғоям мавжуд эди. Тошдан иборат пойдевор мустаҳкам бўлиб, мен унинг замирида ҳаётимни барпо этдим».

Эри қизини олиб кетиш учун келганида Жоан янада тушкунликка тушиб қолди. У ҳимоя ордери олди ва 1994 йилнинг августида ажрашиш ҳақида судга ариза берди. Муаммо суд орқали ҳал бўлгач, Арантес Португалияга қайтиб кетди. Ана шундан сўнг Жоаннинг ҳаёти аста-секин маромига кела бошлади.

«Раҳмат сенга, Алиса»

Роулинг ҳануз ижтимоий ёрдам пули ҳисобига яшар эди. У кўп сонли кафеда ўтириб ёза бошлади. Бу эса кейинчалик турли гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлди. Роулинг ижарага олган уйда иситиш тармоғи йўқлиги боис емакхонада ижод қилган эмиш! У эса шундай изоҳ берди: «Мен қишнинг чилласида Эдинбургда иситиш тармоғи бўлмаган уйни ижара олиш даражасида аҳмоқ эмас эдим. Қизим сайрда яхши ухлагани сабабли кафеда ёзганман».

1995 йили Роулинг «Гарри Поттер ва фалсафа тоши» романининг қўлёзмасини эски машинкасида ёзиб тугатди. Асарнинг учта бобини ўқиб баҳо бериши сўралган Брайон Ивенснинг шавқ-завққа тўла тақризидан сўнг адабий агентлик ношир излай бошлади. Китоб ўн иккита нашриётга юборилди ва уларнинг барчаси чоп этишдан бош тортди. Орадан бир йил ўтиб, ниҳоят яшил чироқ ёнди. Лондондаги «Bloomsbury» нашриёти муҳаррири Барри Каннингем китобни босишга рози бўлган ва 1500 фунт миқдорида аванс ҳам юборган эди. Аслида Роулинг Каннингемнинг қизчаси Алиса Ньютондан миннатдор бўлиши керак. Каннингем китобни саккиз ёшли Алисага берган, қизалоқ ўқиб чиққач эса давомини талаб қилиб туриб олган эди. Гарчанд Каннингем Гарри Поттер ҳақидаги китобни нашр этишга рози бўлса-да, Роулингга болалар адабиётидан кам пул ишлашини айтиб, бошқа иш билан шуғулланишни тавсия қилди. Шундан сўнг, 1997 йили Роулинг асарнинг давомини ёзиши учун «Scottish Art Council» томонидан 8 минг фунт миқдорида грант пули олди.

1997 йилнинг июнида «Bloomsbury» «Фалсафа тоши»ни 1000 нусхада чоп этди, унинг 500 таси кутубхоналар ўртасида тарқатилди (бугун китобнинг ана шу нусхалари 16 мингдан 25 минг фунтгача туради). Орадан беш ой ўтгач, «Фалсафа тоши» биринчи мукофотни қўлга киритди. Февралда эса «Йилнинг энг яхши болалар китоби», кейинроқ яна бир нуфузли мукофотга сазовор бўлди. 1998 йил бошларида АҚШда мазкур романни чоп этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун кимошди савдоси ўтказилди ва 105 минг доллар эвазига «Scholastic Inc» нашриёти ютиб чиқди. Роулингнинг сўзларига кўра, у бу ҳақда эшитиб сал бўлмаса ўлиб қолаёзган. Америка нашриёти «Фалсафа тоши»ни «Гарри Поттер ва сеҳрли тош» номи билан чоп этди. Бунинг сабабини болалар номланишда «фалсафа» сўзи бўлган китобларни ўқишни хоҳламасликлари билан изоҳлашди.

Нашриётдан пул олган Роулинг нуфузли ҳудуддан уй харид қилди ва дарҳол кўчиб ўтди. Она-бола мушук, қуён каби уй жониворларини ҳам боқа бошладилар. Илгари бунга қурблари етмасди.

Биринчи романнинг давоми «Гарри Поттер ва махфий хона» 1998 йилнинг июлида нашр қилинди. Кейинги йили декабрда эса «Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси» чиқди. Ҳар иккала китоб ҳам нуфузли мукофотларни қўлга киритди. Тўртинчи китоб – «Гарри Поттер ва олов кубоги» 2000 йилнинг 8 июлида Буюк Британия ва АҚШда бир вақтда чиқди ҳамда ҳар иккала мамлакатда рекорд ўрнатди. Буюк Британияда биринчи куни 372.775 нусхада сотилди. Америкада эса дастлабки 48 соатда 3.000.000 донаси сотилиб кетди. Роулинг романни ёзаётганида оғир ҳиссиётлар ҳолатида бўлганини тан олди: «Тўртинчи китобнинг ярмини ёзганимда сюжетда жиддий хатога йўл қўйганимни сездим... Бу китоб билан менинг айрим қора кунларим боғланиб кетган... Бир бобни 13 марта қайта ёзганман, аммо ўқиганлардан ҳеч ким буни илғай олмайди». Муаллиф яна бир нуфузли мукофот билан тақдирланди.

Ҳужжатли ва бадиий фильм

2001 йилнинг 26 декабрида Роулинг анестезия бўйича мутахассис Нил Майкл Мюррейга турмушга чиқди. Бу ҳар иккаласининг ҳам иккинчи никоҳи эди. 2003 йил 24 мартда уларнинг ўғли Дэвид Гордон Роулинг Мюррей туғилди. Қизалоқ Маккензи Жин Роулинг Мюррей эса 2005 йил 23 январда дунёга келди. Оила Эдинбургда, ёзувчилар Иэн Рэнкин, Александр Макколл ва Кейт Аткинсон билан ёнма-ён яшайди.

«Гарри Поттер ва олов кубоги» билан бешинчи роман – «Гарри Поттер ва қақнус нишони» оралиғи уч йилга чўзилди. Танаффус чоғида матбуотда Роулингда ижодий таназзул бошлангани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Кейинроқ Роулинг мазкур романни ёзиш ундан катта куч талаб қилганига иқрор бўлди.

«Гарри Поттер ва чала зотли шаҳзода» номли олтинчи китоб 2005 йил 16 июлда чиқди. У ҳам рекорд ўрнатди – дастлабки 24 соатда 9.000.000 нусхада сотилди. Китоб чиқишидан аввал Роулинг мухлислардан бирининг хатига жавоб берар экан, шундай деди: «Олтинчи китоб узоқ йиллар режалаштирилган, бироқ жиддий равишда ёзишдан олдин қилаётган ишимга мутлақо ишонч ҳосил қилишим учун икки ой мобайнида режани кўриб чиқдим». Мазкур нашр ҳам «Йил китоби» сифатида мукофотланди.

2006 йилнинг декабрь ойида мазкур туркумдаги еттинчи китоб номи эълон қилинди – «Гарри Поттер ва ўлим туҳфалари». Китоб ҳолида эса 2007 йил 21 июлда нашр этилди. Биринчи куни Буюк Британия ва АҚШда 11.000.000 дона сотилди.

Мазкур китобни ёзаётганида Роулинг ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинаётган эди. Унда Роулинг Гарри Поттер ҳақидаги биринчи китобини ёзган Эдинбургдаги эски уйига боради ва кўз ёшларини тия олмайди. «Мен айнан шу масканда ҳаётимни ўзгартириб юбордим». Фильм 2007 йилнинг 30 декабрида Буюк Британиянинг UTV канали орқали намойиш этилди. 

Жоан Роулинг қалам ҳақига ҳар йили бир нечта ноль қўшилаверди. Саккизинчи китоб ҳам ёзилди.

Бу орада киночилар «Гарри Поттер»ни экранлаштириш таклифини бердилар. «Warner Bros.» Роулингнинг ҳар қанча талаб ва ғояларини қабул қилди. Энг асосий шартлардан бири фильм Британияда ва британиялик актёрлар иштирокида суратга олиниши керак эди. Қолаверса, Роулинг фильмлар туркумини қўллаб-қувватлашда ҳомийликни ютиб олган «Coca-Cola» бир ташкилот ва қатор дастурлар учун 18 миллион долларни хайрия қилиши кераклигини шарт қилиб қўйди.

Дастлабки тўртта, олтинчи ва еттинчи китоб сценарийсини Стив Кловз ёзди. Роулинг фильм воқеалари кейинги китобларга зид тушмаслиги учун у билан бирга ишлади. Фильмлар устидан ижодий назоратни ҳам қўлига олди, сценарийларнинг ҳаммасини кўздан кечирди ва кейинги икки қисмнинг продюсери сифатида иштирок этди.

Дастлаб режиссёр сифатида Стивен Спилберг кўзда тутилган эди. Бироқ Спилберг ўйлаб кўриб, рад этди. У асар асосида мультфильм ишлашни хоҳлаган, Роулинг ва «Warner Bros» бадиий фильм суратга олиш истагида эдилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам лойиҳа тижорий жиҳатдан муваффақият қозониши турган гап эди.

125 миллион долларлик бюджет асосида ишланган фильм харажатларни бир неча карра қоплади. Миллиардга бир неча танга етмади, холос. Ваҳоланки, шов-шувли «Узуклар ҳукмдори» 900 миллионга ҳам тортмади. Роулинг мухлислар қалбида фантазия жанри устаси Жон Толкиендан ҳам ўзиб кетган эди.

2011 йили Жоан Роулинг фильм ижодкорлари билан бирга Гарри Поттер ҳақида туркум фильмлари билан «Кино санъатига Буюк Британия ҳиссасини қўшгани учун» махсус мукофоти билан тақдирланди.

Роулинг Гарри Поттер билан боғлиқ барча манбалар янги веб-лойиҳа – «Pottermore»да жамланишини эълон қилди. 2012 йил апрелда, сайт ишга тушгач эса, у Гарри Поттер энциклопедияси устида иш бошлади. Тушадиган маблағ хайрия мақсадларига йўналтирилиши белгиланди.

Миллиардерми ёки?..

Роулинг ўзининг адабий агенти Кристофер Литлл билан хайрлашди ва Нил Блэр ташкил этган агентликка ўтди. Бир йилдан сўнг Блэрнинг «Blair Partnership» агентлиги ўз сайтида Роулинг катталар учун асар чиқаришга ҳозирланаётганини эълон қилди. Роулинг эса янги лойиҳа ва Поттер туркуми ҳақида қуйидагиларни қайд этди: «Гарчанд «Гарри Поттер»ни ёзиш менга ҳузур-ҳаловат бахш этган бўлса-да, навбатдаги романим ундан мутлақо фарқ қилади». 12 апрелда мазкур китоб номи «Тасодифий лавозим» бўлиши ошкор этилди. Роулинг ҳали чиқмаган романи ҳақида Челтнем фестивали, Чарли Роуз шоуси ва «Lennoxlove» китоблар анжуманида интервью берди ва чиқишлар қилди.

«Тасодифий лавозим» бир миллион нусхада чоп этилиб, дунё бўйлаб сотилди.

2013 йилнинг сентябрида «Warner Bros.» Роулинг билан ижодий ҳамкорликни кенгайтирганини эълон қилди ва Ньют Скамандер ҳақида туркум фильмлар устида иш бошлади.

Бугунги кунда Гарри Поттер дунё миқёсида бренд ҳисобланиб, 15 миллиард долларга баҳоланган. Кейинги тўртта китоб энг тез сотилган нашр сифатида тарихда қолди. Умумий ҳажми 4195 саҳифа бўлган мазкур туркум тўлиқ ёки қисман 65 та тилга таржима қилинган. Энг муҳими эса, «Гарри Поттер...» китобдан узоқлашиб, компьютер ва телевидениега юз бурган ўсмирлар ўртасида мутолаага қизиқиш уйғотгани билан қадрлидир.

Бир пайтлар ижара уйда истиқомат қилган Роулинг Шотландиядан XIX асрга тегишли кошонани сотиб олган. Шунингдек, ғарбий Лондондаги Кенсингтон шаҳрида унинг 4,5 миллион фунт стерлингга баҳоланган уйи мавжуд. Мазкур мулк жойлашган кўча кеча-ю кундуз махсус соқчилар томонидан қўриқланади.

«Forbes» 2004 йили Роулингни китоб ёзиш орқали илк бор миллиардер бўлган инсон ва кўнгилочар соҳадаги иккинчи энг бой аёл деб топган эди. Бироқ адиба журнал ҳисоб-китобини инкор қилиб, пули жуда кўплиги, бироқ миллиардер эмаслигини таъкидлади. 2012 йили «Forbes» уни миллиардерлар сафига қўшмади, буни Жоан Роулингнинг хайрия учун 160 миллион доллардан ошиқ пул сарфлагани ва Буюк Британияда солиқ ставкалари юқори эканлиги билан изоҳлади.

Роулинг Гарри Поттер тарихи билан боғлиқ китоблардан ташқари, болалар учун бошқа асарлар ҳам ёзган. Чунончи, 2001 йилдан 2008 йилгача «Хаёлий ҳайвонлар ва уларнинг яшаш жойи», «Ҳазилкаш Қуён ва унинг нодон мазахчиси», «Сеҳрли Омад фаввораси», «Уч оға-ини ҳақида эртак», «Афсунгарнинг пахмоқ юраги», «Афсунгар ва сакровчи тувак», «Квиддич қадимдан бизнинг кунларимизгача», «Куйчи шоир Бидлянинг эртаклари» ва бошқа китобларни ёзди.

Кечирим, ваҳима ва ғоялар

Бу орада гиёҳвандликдан халос бўлиш учун даволанаётган Арантес «бадфеъл хотинини бақириб йиғлаётган гўдак билан уйининг эшигидан чиқариб ташлагани» ҳақида интервью берди. Интервью «бомба» бўлмади. Ҳаётда ютқазган одам кимни ҳам қизиқтирарди?

Шундан сўнг Арантес қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлди. Британиялик журналистларга берган интервьюсида у кўз ёши тўкиб Жоандан кечирим сўради. Эрталабки қуёш нурлари остида газета варақлаб, Арантеснинг тавбаси ҳақида ўқиган Жоан Роулинг енгил тин олди. Бу қачондир рўй беришини у ҳис қиларди. Энди Роулинг ўтмишидан озод эди.

2013 йилнинг апрель ойида «Little Brown» нашриёти томонидан қандайдир Роберт Гэлбрейтнинг «Какку овози» номли илк романи чиқди. Нашриёт муаллифни «2003 йили фуқаролик хавфсизлиги соҳасига ишга ўтган штатлик собиқ ҳарбий терговчи» деб таништирган эди. Қаттиқ муқовада 1500 нусхада босилган мазкур китоб бошқа детектив муаллифлари ва танқидчиларнинг ижобий баҳосини олди. Ҳатто китоб «юлдузли дебют» деб номланди. Кейинроқ «Какку овози» муаллифи Роулинг бўлиб чиқди. Орадан бир неча кун ўтгач, китоб сотуви 4000 фоизга ўсди ва нашриёт уни талабларга мувофиқ 140.000 нусхада чоп этди.

Роулинг китобни ўқувчилар баҳоси ва холис фикрларни билиш учун тахаллус остида чоп этганига иқрор бўлди. Мазкур асарнинг давоми бўлмиш «Пилла қурти» 2014 йилнинг июнь ойида нашр қилинди.

Жоан Роулингдан ҳаётининг қайси палласида ўзининг машҳурлигини ҳис этганини сўрашганида у шундай деб жавоб берган: «Америка бўйлаб иккинчи ташрифим сира унутилмайди. Бу вақтда китобларим ниҳоятда оммалашиб кетган, бироқ мен ҳали мазкур жараён билан жисмонан тўқнаш келмаган эдим. Тадбир ўтказиладиган жойга машинада бораётганимиз ёдимда. Одамлар турган навбат бир нечта мавзега қадар чўзилиб кетган эди. Мен «Scholastic» нашриётида ишлайдиган ва дўстимга айланган Крис Морандан: «Крис, қандайдир сотиш акцияси бўляптими?» деб сўрадим. У эса менга қараб туриб: «Ақлдан озмадингми? Буларнинг ҳаммаси сен учун туришибди-ку!» – деди. Ҳайратомуз, шу билан бирга ваҳимали эди бу. Қўрқинчли, чунки мен бундай бўлишини кутмаган эдим. Аввалги сафар бир неча юз киши келган бўлса-да, бироқ ҳозиргидек тумонат одам йиғилмаган, шов-шув қилишмаган эди.

Роулинг омма орасида онда-сонда кўринади, кам интервью беради. Айнан шу боис бўлса керак, унинг шахсига қизиқиш ошаверади.

Жоан Роулинг аввалгидек қўлда ёзишни яхши кўради. Ручка ва қоғоздан фойдаланиб дастлаб қораламаларни битади, кейин эса матнни компьютерда теради.

– Менда китоб учун ғоялар қаердан туғилади, тушунмайман, – дейди у. – Бу ҳақда ҳеч қачон билмасам керак. Агар миямда мени хаёл суришга мажбур қиладиган шунчаки кичик бурма-бурма жойлар борлиги ойдинлашса, барча хушвақтликлар йўқолиб кетса керак.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг