Ўзбекистонда 2024 йилда 3,7 млн тонна картошка етиштирилган – вазирлик
![Ўзбекистонда 2024 йилда 3,7 млн тонна картошка етиштирилган – вазирлик](http://static.xabar.uz/crop/1/5/920__95_1597908964.jpg)
Бир муддат олдин Қозоғистон ҳукумати айрим давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга 6 ой муддатга картошка экспортини чеклагани ҳақида хабар қилинган эди. Ушбу хабар ортидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда картошка нархи кескин кўтарилиши ҳақида турли хабарлар тарқала бошлади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий муносабатига кўра, мамлакат аҳолисининг картошкага бўлган йиллик талаби 4 миллион тоннани ташкил этади.
2024 йилда эса мамлакатда жами 3,7 миллион тонна, шундан асосий майдонда 2,7 миллион тонна ва такрорий экин сифатида 1 миллион тонна картошка етиштирилган. Мазкур ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган ва табиий йўқотиш 100 минг тонна (3 фоиз) атрофида белгиланган.
2024-2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан 245,5 минг тонна картошка захирага жамғарилган ва fsp.agro.uz онлайн платформаси орқали субъектлар кесимида мониторинг йўлга қўйилган.
Захирага жамғарилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига чиқариш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар 10 кунлик тармоқ жадвали ҳудудлар кесимида тасдиқланиб, ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборилган.
Жорий йил 20 январ ҳолатига маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан жами 6,3 минг тонна картошка ички бозорларга савдога чиқарилган, захира қолдиғи 239,2 минг тоннани ташкил қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter