Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарёда стадион бузилиб ўрнида болалар боғчаси қуриляпти

Сурхондарёда стадион бузилиб ўрнида болалар боғчаси қуриляпти

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ҳокимият маҳалла стадиони ўрнида болалар боғчаси қуришни бошлади. Ижтимоий тармоқларда мазкур қурилишнинг бошланиши акс этган видеотасвирлар ва стадион бузилишидан норози аҳолининг чиқишлари тарқалди.

Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдириб, мазкур «Янгиер» маҳалласида 4,8 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилиши ва 3-7 ёшдаги болалар сони 382 нафарни ташкил этишини маълум қилди.

Қайд этилишича, маҳалла ҳудудида 5 та оилавий нодавлат ва 1 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, улар маҳалладаги болаларни тўлиқ мактабгача таълимга қамраб олиш қувватига эга эмас.

«Шу сабабли маҳалла аҳолиси томонидан ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилоти қуриш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган», – дейилади хабарда.

Ҳокимликка ушбу мурожаатлардан сўнг маҳаллада давлат мактабгача таълим ташкилоти қуриш бўйича давлат дастурига таклиф берилган.

Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2023 йил 11 сентябрдаги 83-сон баёнига мувофиқ Президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги 404-сонли қарорининг 11-бандида Қумқўрғон тумани «Янгиер» маҳалласи ҳудудидан 90 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши белгиланган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида умумий майдони 1 гектар 15 сотих ўлчамдаги ўйингоҳ (ҳокимлик заҳирасидаги)нинг бўш турган қисмидан давлат боғчаси қурилиши учун 35 сотих ер майдони ажратилган.

«Ҳозирги вақтда ушбу қурилиш ишлари олиб борилаётган ер майдонидан ташқари замонавий спорт майдончаси қуриш учун 80 сотих ер мавжуд», – дейилади ҳокимлик муносабатида.

Ўз навбатида, ижтимоий фаол журналист Сардор Усмоний болалар боғчаси учун стадиондан бошқа жой бўлмаганлигини шубҳа остига олади ва давлат раҳбарининг ҳар бир маҳаллада спорт майдончалари бўлиши зарурати ҳақидаги гапларини эслайди.

Шунингдек, унинг айтишича, ҳокимлик муносабатидан сўнг стадион қурилишига қарши фикр билдирган аҳоли вакиллари маҳаллий ИИБга чақиртирилмоқда.

 «Яна қолганларга ноқонуний намойиш уюштириш билан пўписа ҳам қилинаётган экан», – деб ёзади у. 

Ҳозирча маҳаллий ҳокимият аҳоли вакилларининг ИИБга чақиртирилиши юзасидан бирор изоҳ бермади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг