Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқишга бордингизми ёки хизмат сафарига? Бу фарқни билмасангиз, пулингизга куйиб қолишингиз мумкин!

Ўқишга бордингизми ёки хизмат сафарига? Бу фарқни билмасангиз, пулингизга куйиб қолишингиз мумкин!

Кўпчилик амалиётда ходимни малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларига юборишни оддий хизмат сафари билан бир хил жараён деб ҳисоблайди. Бироқ меҳнат қонунчилигига кўра, булар ҳуқуқий мақом ва компенсация тўловлари жиҳатидан жиддий фарқ қиладиган икки хил жараёндир. Ушбу ноаниқликларга ойдинлик киритиш ва қонуний талабларни тўғри тушуниш ҳам ходим, ҳам иш берувчи учун муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида бу масалалар аниқ равишда ажратиб кўрсатилган. Кодекснинг 286-моддасида турли хизмат сафарлари ва ўқитиш турлари таснифланган бўлиб, биринчи ўринда хизмат сафари кўрсатилган бўлса, тўртинчи ўринда иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарликдан ўтиш, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировка ўташ даври қайд этилган. Бу жараёнларнинг ҳар бири алоҳида моддалар билан тартибга солинади, яъни Меҳнат кодексининг 287-моддаси бевосита хизмат сафарлари ва уларга тўланадиган компенсацияларга бағишланган бўлса, 290-модда ходимларни қайта тайёрлаш, малака ошириш ҳамда улар билан боғлиқ компенсация тўловларини тартибга солади.

Асосий фарқ ходимнинг сафар давомида бажарадиган вазифасидадир. Меҳнат кодексининг 287-моддасига мувофиқ, хизмат сафари бу ходимнинг иш берувчининг фармойишига биноан доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга маълум муддатга сафар қилишидир. Яъни, хизмат сафарига борган ходим бевосита иш берувчидан олган аниқ хизмат топшириғини бажаради ва меҳнат фаолиятини давом эттиради. Агар ходим йўлланма асосида қайта тайёрлаш ёки малака оширишга юборилса, у ерда ҳеч қандай ишлаб чиқариш топшириғини бажармайди, балки асосий вақтини ўқишга ва таълим олишга сарфлайди. Шу боис, ходимнинг бошқа жойга малака ошириш ёки ўқиш учун юборилиши ҳеч қачон хизмат сафари ҳисобланмайди.

Табиий равишда, бошқа ҳудудга ўқишга борган ходимнинг харажатларини қоплаш масаласи юзага келади. Меҳнат кодексининг 290-моддаси биринчи қисмига кўра, агар иш берувчининг йўлланмаси бўйича ходимнинг касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтиши бошқа жойга кўчишни талаб қилса, унга ўқиш жойига бориб келиш транспорт харажатлари ҳамда турар-жойни ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар тўлаб берилади.

Кўпчиликни қизиқтирадиган яна бир муҳим жиҳат бу кундалик овқатланиш ва бошқа харажатлар учун тўланадиган суткалик пуллар масаласидир. Кодекснинг 290-моддаси иккинчи қисмида белгиланишича, жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланган ички ҳужжатда касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкага юборилган ходимларга яшаш жойидан ташқарида яшаганлик учун компенсация, яъни суткалик тўлови белгиланиши мумкин. Яъни, ходим ўқишда бўлган даври учун суткалик пулларни олиши учун бу қоида ташкилотнинг жамоа шартномасида ёки ички локал ҳужжатларида очиқ-ойдин кўрсатилган бўлиши шарт. Агар бу ҳужжатларда назарда тутилмаган бўлса, суткалик тўловларни амалга оширишда муаммолар юзага келиши мумкин.

Ҳозирги вақтда кўплаб ташкилотларда жамоа шартномалари янгиланаётган ёки қайта кўриб чиқилаётган бир пайтда, кадрлар ва бухгалтерия бўлимларига ходимларни касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкага юборишда қоплаб бериладиган барча тўловларнинг, жумладан транспорт, турар-жой ва суткалик харажатларнинг аниқ миқдорларини ички ҳужжатларга киритиб қўйиш қатъий тавсия этилади. Бу келажакдаги турли меҳнат низоларининг олдини олади ва қонунийликни тўлиқ таъминлайди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг