Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Волонтёрлар кимлар? Ёки меҳрнинг нархи борми?

Волонтёрлар кимлар? Ёки меҳрнинг нархи борми?

Саккиз ёшли америкалик Кристиан Макмилами икки ярим йил ўртоқларининг мазахлашига чидади — сочини ўстирди ва узунлиги 25 сантиметр бўлганида саратон билан оғриган болалар учун парик ясашга берди. Унинг нимага сочини ўстирганини билган тенгдошлари уялиб қолишди. Кейин унинг тенгдоши Томас Мур икки йил давомида сочини ўстирди. Қоравойнинг жингалак сочларидан нақд учта парик ясалди. Кристиан Макмиламининг шу тарзда сафдошлари кўпайди. Дунёнинг ҳар бир бурчагида сочи тушиб кетган болаларга сочини совға қиладиган нафақат қизлар, ўғил болаларнинг сафи кенгайди.

Туркиялик Гюкшеж Коркмазга «каттарсанг ким бўласан», деб савол беришганида «уйсиз ҳайвонларга ва беморларга ёрдам бераман», деган жавобни айтади. Ва мактабда унга меҳрибонликни ўргатишларини кутади. Аммо унга меҳрибонликдан ҳеч ким сабоқ бермайди. Унинг ташқи қиёфаси, қад-қомати келишган бўлгани учун моделерликка таклиф қилишади ва шу соҳа бўйича ўқишини давом эттиради. Аммо бир куни кўчада уйсиз касал кучукни кўриб... карьерасидан — келажакдаги катта шон-шуҳратдан воз кечади, ишлаб пул топади, ўз жамғармасига ер сотиб олиб дайди итлар учун мурувват уйини ташкил қилади...

Кейинчалик айнан шундай болалар, яъни қалбан меҳрли болалар, бировнинг дардига бефарқ бўлмаганлар ўзининг ўқиши, ишидан ва бошқа хоббиларидан ортиб волонтёрлик қилишга қарор қилишади. Волонтёрликка йўл ана шундай — кимгадир чин дилдан яхшилик қилиш истагининг кучлилиги орқали очилади. Волонтёрликка йўл том маънода меҳрибонлик қилиш истагининг чексизлигидан бошланади. Меҳрибонликни эса пулга сотиш ҳам сотиб олиб ҳам бўлмайди.

 Турли йўналишларни қамраб олади

Яқин-яқингача кўпчилик волонтёрлик ҳақида маълумотга эга эмас эди. Ҳаттоки волонтёрликни касб ва бунга ҳақ тўланади деб ўйлайдиганлар борлиги мана бугунга келиб аён бўлмоқда. Энг ачинарлиси, волонтёрман, деб унинг ортидан манфаат излаётганларнинг кўплиги. Хўш, кўнгиллилар, яъни волонтёрлар кимлар? Булар жамият учун фойдали иш қилишни истайдиган ҳар хил одамлардир. Кўнгиллилар болалар, талабалар ва нафақахўрлар, саҳна юлдузлари, ижодкорлар, сиёсатчилар ва жамоат арбоблари бўлиши мумкин. Волонтёрликнинг энг фаол кўриниши қийин ҳаёт шароитида бўлган одамларга ёрдам беришдир — булар ногиронлар, етим болалар, ёлғиз кексалар, муҳожирлар, қочқинлар. Волонтёрларнинг мақсади: уларни моддий ва психологик қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда ижтимоийлашиш учун янги имкониятларни очишдир. Ҳозирги кунда кўплаб хайрия фондлари ва кўнгиллилар ташкилотлари ижтимоий кўнгиллилик билан шуғулланмоқдалар.

Еdunews.ru манбасига кўра, волонтёрларнинг фаолияти турли йўналишларни ўз ичига қамраб олади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ватанпарварлик тарбияси, фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар пайтида ёрдам кўрсатиш...

Яна ўша манбада кўрсатилишича, волонтёрлар одамларнинг турли қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган тадбирларда заргарлик буюмлари тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ўтказиши, мотивация уйғотадиган маърузалар ўқиш, атрофидаги болалар учун ҳаваскор театр гуруҳини ташкил қилиш, спорт мусобақаларини ўтказиши мумкин. Шу билан бирга, кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишнинг турли хил усуллари қўлланилади: концертлар, учрашувлар, яккама-якка мулоқот, ижтимоий тармоқлардаги постлар.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда асосий эътибор ёшларни тамаки, алкогол ва гиёҳвандликнинг зарари тўғрисида хабардор қилишга қаратилган. У кўпинча қизиқарли ўйин услубида (спорт тадбирлари, кўргазмалар, мусобақалар, юришлар) амалга оширилади.

Яна бир таниқли йўналиш — экологик кўнгиллилик. Ва бу ерда нафақат табиатни классик тушунчасида сақлаб қолиш, балки ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳақида ҳам гап боради.

Классик деб ҳисобланиши мумкин бўлган яна бир йўналиш — хайр-эҳсон. Бунга пандемия даврида ва Сардоба фожеасида кўнглидан чиқариб ҳомийлик қилган кўнгиллиларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Кўп одамлар донор бўлишни хоҳлашади ва бўлишади. Афсуски, бизда кўпинча донорлар етишмаяпти, чунки одамлар донорлик ҳақида билишмайди.

Аслида волонтёрлар учун бошқа мамлакатларда тренинглар ўтказилади. Жамоат хавфсизлиги бўйича кўнгиллиларни ўқитадиган махсус дастурлар мавжуд. Тренингларнинг мақсади волонтёрлар турли табиий офатларда одамларга қандай биринчи ва психологик ёрдам бериш, чин кўнгилдан дардкаш бўлиш кўникмаларини ўргатиш.

Бу дастурлар орқали кўнгиллилар нима қилаётганларини, нима учун рўйхатдан ўтаётганларини тушунишлари ва тайёр бўлишлари ўқитилади, яъни буни «аккредитация»га қиёслаш мумкин. Уларга савол берилганида кўнгилли: «Ҳа, мен биринчи ёрдамни қандай кўрсатишни биламан. Агар тошқин бўлса, нима қилишимни биламан. Ёнғин чиқса нима қилишимни биламан.» Шу билан бирга, фожиа содир бўлган жойда тўғридан-тўғри эмас, балки баъзи бир қўшимча ҳаракатлар билан қатнашиш имконияти ҳар доим мавжуд: масалан, гуманитар ёрдам йиғиш, кўнгиллилар омборда ишлаганда — улар қадоқлашади, саралашади. Пандемия шароитида озиқ-овқат етказиб бериш юмушлари шулар жумласидан. Бу, шунингдек, жамоат хавфсизлиги нуқтаи назаридан кўнгиллиларнинг жуда муҳим қисмидир. Ва буларнинг ҳаммаси ҳеч қандай манфаатларсиз амалга оширилади.

Кўнгиллиликнинг яна бир янги, тор, ҳали ҳам бутунлай «яшил» йўналиши бу оммавий ахборот воситаларининг кўнгиллилиги. Қаранг ОАВ ҳам кўнгилли бўлиб иштирок этишлари мумкин экан. Булар фотосуратчилар, журналистлар, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган одамлар, дизайнерлар... Улар жуда катта ёрдам беришади — нафақахўрларга эмас, тўғридан-тўғри қамоқхонага эмас, балки кўнгиллилар фаолиятини ташкил этувчиларга кўнгиллилар марказлари, хайрия фондлари, кўнгиллилар ҳаракатларини бошқаларга етказиш орқали, кўнгиллиларни қўллаб-қувватлаш орқали волонтёрларга айланишади.

2019 йилда қабул қилинган қонунда ҳам айнан кўнгиллилар фуқаролар, уларнинг гуруҳлари ёки кўнгиллилар ташкилотлари томонидан жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатлари йўлида ихтиёрий фаолиятни амалга ошириши тушунилади. Ҳужжатга мувофиқ, кўнгиллиликнинг мақсади жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уларнинг ташкилотчиларининг розилиги билан ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларда иштирок этиш, фуқаролик позициясини шакллантириш, ўзини ўзи ташкил этиш, жамиятдаги ижтимоий масъулият ҳисси, бирдамлик, ўзаро ёрдам ва раҳмдиллик бўлиши мумкин.

Ёлланма ишчилар билан адаштирманг!

«Товарлар, пул олиш, пайме орқали пул ўтказиш, бировга бирор нарсани етказиб бериш... бу соҳада кўнгиллилар жуда кўп. Бир нарсани тўғри тушунинг: сўнгги пайтларда менда шубҳа пайдо бўлди. Кўнгиллилик касбми ёки бу ҳақиқий ёрдам ёки шу билан даромад келтиришга уринишми? Фарқни аниқлай олмаяпман. Тушунтириб бера оласизми? Кўнгиллилик тушунчаси борми?», — деди Тошкент ҳокими ёшлар билан бўлган учрашувда. Ва бу савол кўпгина баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Ҳақиқатан ҳам бизда кўнгиллилар бор. Улар ўзларининг волонтёр эканликларини билмаган ҳолда волонтёр бўлиб фаолият юритишаяпти, десак тўғрироқ бўларди. Айниқса, пандемия даврида, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати нодавлат нотижорат ташкилотлари, ташаббускор гуруҳларни, волонтёр ва фаолларни коронавирусга қарши курашиш ва уни оқибатларини юмшатиш йўлида ҳукуматга кўмаклашишга чорлагани ва бу озми, кўпми ўзининг яхшигина ижобий натижасини бергани ҳам сир эмас.

Аммо хорижда айнан шу фаолиятга жуда анча олдин эътибор қаратилгани боис лойиҳалари ҳам кенг қамровли. Масалан, бунга мисол қилиб халқаро workcamp лойиҳасини келтириш мумкин. Ушбу лойиҳа орқали кўнгиллилар ўзлари учун тузилган лагерларга ўз ҳисобидан дунёнинг турли мамлакатларда бирлашиб турли маданият фестивалларида, ариқларни тозалаш, уйсиз ҳайвонларга меҳр кўрсатиш ёки оилаларда болалар билан бирга бўлиш каби исталган вазифани бажаришлари мумкин...

 Ҳаловатдан кечиш дегани...

«Волонтёрлик бу ўз ҳаловатингиздан кечиш дегани. Саратон касали бор болалар билан турли ўйинлар, тадбирлар ташкил қиламан. Кечагина кўрган дўстим бугун вафот этиши мумкин. Ҳар сафар бир дўстимни йўқотганимда «бўлди бошқа бу касалхонага келмайман», дейман, лекин уларсиз яшай ҳам олмайман. Уларнинг кўнглини кўтараолсам, бир дақиқасига қувонч қўша олсам, бир дақиқа бўлсада беморлигини эсдан чиқара олсам шунинг ўзи катта бахт».

«Мен одамларга позитив кайфият, хурсандчилик улашишни ёшлигимдан истардим. Ва масхарабозлик мактабида ўқиб бунинг уддасидан чиқаяпман».

«Ёшлигимдан инсон руҳияти мени қизиқтириб келган. Уларнинг кўнглини кўтариш, тўғри маслаҳат бериш мен учун энг катта масуълиятли вазифага айланди. Тасаввур қилинг, тушкунликка тушган одам йўқчиликдан азият чекаяпти. Ҳатто психологдан кўмак сўрашга моддий имкони йўқ. Айнан ана шундай пайтда мен ҳеч қандай манфаатсиз бир одамни ҳаётга қайтара олсам ўша куни дунёга қайта келгандек бўламан».

«Ҳайвонларнинг пули бўлмайди. Улар сизнинг қилган яхшилигингиз учун пул тўлолмайди, айнан менга ўхшаган кўнгилликлар улар учун жуда керак. Меҳримизга меҳр билан жавоб қайтаришининг ўзи катта ҳузур бағишлайди одамга».

«Табиат ҳар бир хатти-ҳаракатимиз учун, албатта, биздан ўч олади. Мен ўз хоҳишим билан ҳар доим кўча-кўйдаги елим идишларни йиғиштириш акциясида қатнашсам, экологиянинг тозаланишига ҳисса қўшаман...»

Беларус «Қизил хоч» ташкилотининг ана шундай ҳеч қандай манфаатларсиз, чин кўнгилдан одамларга фойдаси тегаётган аъзолари бугун 16 минг нафардан ошиб кетди...

Бизда ҳам савоб, хайрия ишларни қилишга ошиққан одамлар жуда кўп

Айниқса, хонадонларга озиқ-овқат етказиб бераётган ёки касал болаларга пул йиғиб, уларнинг хасталигини аритаётган волонтёрлар кўпчиликни ташкил қилади. Ишонамизки, уларнинг бу хатти-ҳаракатлари фақатгина озиқ-овқат ташиш ёки моддий маблағ томонидан ёрдам бериш эмас, балки касал одамлар билан гаплашиш, уларнинг кўнглини кўтариш, керак бўлса уйини тозалаш, бир кун вақтини сарфлаб кўчада уйсиз ва овқатсиз қолган кучук ва мушукларни топиб бошпанали қилиш, табиатсевар волонтёрлар эса айни пайтда ҳаммаёқда учиб юрган елим халталар, ниқоблар ва тиббий қўлқопларни териб экологиянинг тозаланишига ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

Бир волонтёр ўз кундалигида ёзганидек: «Пул билан ҳамма ёрдам бериш мумкин. Лекин одамларни қалбан тушуниш, қалбан қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Уларга бизнинг пулимиздан кўра меҳримиз, «тафти»миз муҳим. Худди шунингдек, ҳайвонларга ва табиатга ҳам бизнинг муҳаббатимиз муҳим. Бу муҳаббатни эса фақат ҚАЛБ АМРИ билангина улашиш мумкин».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг