Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Энди зўр бўлади...» – Гулистон туманидаги 27-мактабда қувончли воқеа юз берди (фото, видео)

Сирдарё вилоятида ҳам бошқа вилоятлардаги каби ахборот технологияларининг ўқитилишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, меҳнат бозорини малакали IT-мутахассислари билан таъминлаш йўналишларида қатор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда. Албатта, бунда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва унинг вилоятдаги таркибий бўлинмаларининг хизмати эътиборга лойиқ. Сўзимизнинг исботи сифатида қуйидаги факт ва рақамларга эътибор қаратамиз.

Республикада биринчилардан бўлиб, вилоятдаги 190 та мактабгача таълим ва 315 та халқ таълими объектларига қадар тўлиқ оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган ҳамда юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти таъминланган.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – IT-Паркнинг Гулистон шаҳридаги филиалида 15 дан ортиқ ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатадиган корхоналар фаолият юритади. Бу эса 100 дан ортиқ иш ўринни яратиш имкониятини беради.

Гулистондаги 1-сонли хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб интернати негизида Информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаби ташкил этилди. Яна шунингдек, 2022 йилда 3 та ва 2023 йилда 2 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши режалаштирилган.

Ахборот технологиялари бўйича ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш учун Сайхунобод туманида ахборот технологиялари техникуми ташкил этилмоқда.

Эътиборлиси, республикада биринчилардан бўлиб вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида юз фоиз – жами 11 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Мазкур марказларда компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш ва бошқа йўналишлар бўйича 2019-2020 йилларда 1319 нафар, 2021 йилда 1458 нафар жами 2 777 нафар тингловчи жалб қилинган.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ёшларнинг IT-соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида турли тадбирлар ўтказилиб, ушбу тадбирларда 5000 дан ортиқ ёшлар қатнашди.

Бугун, 8 октябрь куни эса Гулистон туманидаги 27-сонли кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари ҳаётида кутилмаган қувончли воқеа содир бўлди.

– Қарийб қирқ йилдан буён ўқитувчилик қиламан, – дейди  мактабнинг кимё фани ўқитувчиси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби Собира опа Бобоева. – Ўқувчиларимиз бизда таълим олиб, ҳаётда муносиб ўринларини топишаётганидан доимо хурсанд бўламиз. Мана учинчи йилдирки, мактабимиз битирувчилари туман миқёсида биринчи ўринни эгаллаб келишмоқда. Бугун эрталаб мактабга келиб кўзимга ишонмай қолдим. Сабаби, информатика синф хонамизга замонавий компютерлар ўрнатилиб, жудаям чиройли қилиб безатилибди. Суриштирсам, Ахборот технологиялари вазирлиги мутахассислари компьютер техникалари ва зарур мебель жиҳозлари билан мактабимизга ўзига хос совға тайёрлашибди. Ўқувчиларимизнинг қувончини айтмай қўя қолай. Миннатдормиз, барака топишсин. Ҳамкасбларимиз ва ўқувчиларимиз бу имкониятдан самарали фойдаланишлари шарт.

Информатика синф хонасини кўздан кечирамиз. Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг суҳбатларига қулоқ соламиз:

– Энди зўр бўлади, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида қатнашаман, – дейди 10-синф ўқувчиси Чарос Оролова. – Компьютерларимиз эскириб қолганди. Тўгаракка ҳар куни келаман.

 – Ҳақиқатда яхши бўлди, – дейди информатика фани ўқитувчиси Баҳром Амиров. – Тўғриси, мавжуд компьютерлар замон талабига жавоб бермай қолганидан ўқувчиларимиз олдида хижолат тортардик. Энди яйраб дарс ўтамиз.

Хуллас, бугун АКТ мутахассислари тайёрлаган сюрприз Гулистон туманидаги 27-сонли кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактабда катта байрамга сабабчи бўлди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг