Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Америка, Туркия, Франциядаги арзонгарчилик ёхуд қуёши кўп Ўзбекистонда эса... нега шундай?

Америка, Туркия, Франциядаги арзонгарчилик ёхуд қуёши кўп Ўзбекистонда эса... нега шундай?

«Франция Европадаги мусулмонлар энг кўп яшайдиган давлат, – дейди ҳамюртим Шодиёбегим Шарофий. – Бу ерда мусулмонлар истеъмол қиладиган махсус маҳсулотлар одатий кунларда жуда қиммат. Аммо Рамазон, ҳайит айёмлари бошланмасидан олдин катта-катта дўконлардан тортиб супермаркетгача айнан мусулмонлар истеъмол қиладиган маҳсулотларга катта чегирмалар берилади. 25, 50, 75 фоизгача нархлар туширилади...»

Демак, Францияда  бир кило помидор 3 евро, яъни 37 минг. Ушбу маҳсулотни 50 фоиз чегирма билан сотилса 18,5 минг сўм бўлар экан. Агар гўшт 120 минг бўлса, 50 фоиз чегирмаси билан бизнинг сўмимизга 60 минг бўлади. Аммо у ердаги ойликлар билан бизнинг ойликни солиштирсак-чи? Францияда ўртача ойлик 3 минг доллар (35 миллион сўмдан ошади бизнинг пулга) ойлик оладиган одам 60 минг сўмга бир кило гўшт олади. Бизда эса ўртача 3 миллион сўм ойлик оладиган одам 70-80 минг сўмга бир кило гўшт олади. 

Шорахмат Қурбонов Facebook саҳифасида ёзаяпти: – Истанбулдан салом!

Бугун Истанбулда 1$=19,4 ТЛ ( турк лираси ) бўляпти. Бодринг ҳам, помидор ҳам, қулупнай ҳам бизнинг пулга 10-11 минг сўм атрофида! Айтгандек, Истанбул ҳозир совуқ, кеча ёмғир аралаш қор ёққан, одамлар куртка, пальтоларда юришибди.

Ушбу постдан кейин кўпчилик ҳамюртларимиз куни кеча сотиб олган маҳсулот нархларини изоҳда қолдиришди:

С.Шоҳимарданов: – Қулупнайни 90 минг деди, майдасини 50 минг сўм.

К.Асқарова: – Бодрингни 25 минг сўмдан олдик, помидор 40 минг – мазаси картон.

К.Қодиров: – Бугун, 30 март куни Чорсу бозорида бодрингнинг килосини 15 минг, помидорни 32 минг сўмдан олдим. Каҳратон совуқ теплицаларни уриб кетган шекилли?

Д.Жуманиёзова: – Бугун  помидорни Нукус бозоридан ўртачасини 38 минг сўмдан олдим, қимматиям бор.

А.Ходжаев: – Ҳозир ифторга помидор, бодринг олиб келдим. Помидорнинг бир килоси 31-37минг сўм, бодринг 15 минг, лимон 16 минг сўм.

Мустафа Муслим: – Туркияда кечга яқин яна ҳам арзонлаб кетади нархлар, бугун помидор олдим 10 лирадан.

Аспияхонова Аббосхон қизи: – Бугун Қўқон бозоридан 12-15 сўмгача бодринг, помидор 30-35 минг сўм.

 Н.Ирматова: – Бизда 40 минг помидор, бодринг 25 минг сўм эди, бугун 15 минг сўмга тушибди.

О.Ниёзова: – Туркияда сабзавот ва кўкатлар қишин-ёзин нархи бирдай бўлгани учун қишга банка ёпишни ўйламайсиз, мевалар ҳам шундай. Халқнинг ҳам назари тўқ.

 Н.Каримова: – Тўғри айтасиз, ўзбек бозорлари инсофсиз, экобозордан кеча бир кг.қулупнайни 250-300 минга олдим.

А.Ҳамидов: – Бозордаги нарх-навони, маҳсулотнинг кўп ёки камлиги белгилайди...

Азамат Тоштемиров Facebook саҳифасида ёзаяпти: – Нью-Йоркда ҳам сабзавот ва мевалар арзон экан. Бу ерда, ҳатто, шотут, шафтоли, қароли ҳам еяпмиз. АҚШда оғирлик (вазн) паундда (фунт) ўлчанади. Бир паунд – 450 граммдан зиёдроқдир. Сизларга тушунарли бўлиши учун қуйидаги рўйхатдаги бир паундлик маҳсулот ва унинг нархини иккига кўпайтириб, бир кило учун ўзимизнинг миллий валютанинг ҳозирги курсида (11438 сўм) баҳосини кўрсатдим).

Демак, нархлар билан танишамиз: (бир кг/сўм)

Банан 16-17 минг сўм.

Бақлажон 23-24 минг сўм

Олма (қизил) 27-28 минг сўм

Шафтоли 23-24 минг сўм

Помидор 27-28 минг сўм

Булғор қалампири 45-47 минг сўм

Қулупнай 45-46 минг сўм

Шотут 68-70 минг сўм

Бошқа штатларда нархлар бундан анча арзон, чунки, Нью-Йорк мегаполис бўлганлиги учун қиммат шаҳар ҳисобланади. Аммо бу ерда иш ҳақи бошқа жойлардан кўра анча юқори. Шаҳарда ўртача ойлик 7300 долларни (84 млн сўм) ташкил этади.

Демак, АҚШда 84 млн ойлик оладиган одам учун қулупнай нархи 45 минг, бизда ўртача 3 миллион ойлик оладиган одам учун қулупнай нархи 100 мингдан 300 минггача.

Куни кеча Xabar.uz сайтида  EastFruit  мониторинг таҳлили билан таништиргандик. Бир ҳафта давомида иссиқхонада етиштирилган қизил юмалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 29 фоизга ошди ва бу ўтган йилдаги нархдан деярли икки баравар юқори. 

EastFruit  мониторинг таҳлилларига кўра, 2023 йилнинг 17 мартидан 24 мартигача Ўзбекистонда бир килограмм помидорнинг ўртача улгуржи нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўмга ошди.

 24 март ҳолатига кўра, помидорнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1,8 баравар ва 2020-2021 йилларнинг шу санасига нисбатан 2,4 баравар юқори бўлди, яъни ўтган ҳафта юртимизда ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари бошқа мамлакатларга қараганда энг юқори бўлиб чиқди (1 кг):

Ўзбекистон – 3,16 доллар

Польша  – 2,79 доллар

Украина – 2,60 доллар

Тожикистон – 2,29 доллар

 Молдова – 1,61 доллар

 Грузия – 1,16 доллар.

Таҳлилчилар олдинроқ Ўзбекистонда помидор нархининг бундай тез кўтарилишига аномал совуқ сабаб бўлганини ёзишган эди. Тадбиркорлар ушбу экиннинг вегетация даврини ҳисобга олган ҳолда, яқин келажакда ушбу маҳсулот нархининг пасайиш эҳтимоли йўқ деб ҳисоблашмоқда.

Юқоридаги ҳамюртларимиз ҳам таъкидлаб ўтганидек аномал совуқда иссиқхоналарда етиштирилаётган помидорларни совуқ уриши сабаби айтиб ўтилмоқда. Лекин бизни яна бир савол қийнайди. Камёб нарса қиммат бўлади, аммо ҳар қадамда бозорда помидор бор-ку, агар ростданам иссиқхоналарда помидорларни уриб кетган бўлса топилмайдиган «матаҳ»га айланиш керакмасмиди?

Аномал совуқ бўладими, бўлмайдими азалдан шу, ҳайит, Рамазон каби айёмларда доимо тансиқ нарсалар шунақа қимматлашган. Маҳсулотларнинг қимматлашишига ҳеч қандай сабаб йўқ. Шунчаки ҳамюртларимиз шундай пайтда кўпроқ, кўпроқ ва яна кўпроқ фойдани кўзлайди ваҳоланки, бошқа мусулмон давлатларида айнан шундай қутлуғ кунларда хайрли ишлар қилинади.

Масалан, байрам пайтида покистонликлар муҳтожларни унутмайдилар ва Рамазон ойини хайрия, ҳамкорлик ойига айлантирадилар. Ишбилармонлар камбағал ва кам таъминланганларга шу ойда даромад олишлари учун ёрдам беришга ҳисса қўшадилар – асосий маҳсулотлар, сабзавот, гўшт ва бошқа буюмлар нархини пасайтиришади. Сурияда «Ўнта озиқ-овқат» деб номланган биринчи ўн кунликда муҳтожларни озиқ-овқат билан таъминлашга эътибор қаратилади. Ойнинг иккинчи қисми «ўнта кийим» деб номланади – улар ҳайитни нишонлашга кийим сотиб олишади ва камбағалларга ёрдам беришади. Охирги ўн кунлик эса «ўнта ширинлик», бозорларда машҳур ширинликларни сотиб олиш ва сотиш вақти.

Рамазон ойи Шобон ойининг ўрталарида Қатарда махсус маросим билан бошланади. Ушбу ойни нишонлаш халқнинг урф-одатлари ва ижтимоий маданияти билан ажралиб туради, озиқ-овқат дўконларида Рамазон учун махсус чегирмалар ўтказилади.

Малайзиядаги аксарият мусулмонлар масжидларда ибодатда бўлишади ва у ерда оилалари билан ифтор қилишади. Масжидларда Рамазоннинг машҳур таоми қўзичоқ ёки товуқли гуруч, баъзан эса турли хил сабзавотлар муҳтожлар орасида бепул тарқатилади.

                                                              Барно Султонова тайёрлади

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг