Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Австралия — Хитой: совуқ муносабатлар қайноқ палласига чиқмоқда

Австралия — Хитой: совуқ муносабатлар қайноқ палласига чиқмоқда

Фото: «Colonel Cassad - LiveJournal»

Австралия бош вазири Скотт Моррисон кучли ва ақлли сиёсатчилиги сир эмас, аммо унинг ўта мукаммал сиёсати ортида «сунъий интеллектлар» йўқми деган хаёлга бориш мумкин. «Моррисон ҳокимиятда турган икки йил давомида бирмунча оппортунистик сиёсатни амалга оширди», деган айбловни қўймоқда Хитой ОАВлари. Аслини олганда, Хитойга Австралияга ўхшаган ноқулай рақиб керак эмас, битта лекини бор фақат...

АҚШ борган сари Хитой билан сиёсий ва иқтисодий жабҳа етакчилиги учун курашда қийналиб қолмоқда. АҚШ сиёсатдонлари вазиятни тўғри тушуниб, ўзлари учун қулай, қулай бўлганда ҳам ўзининг кенг обрўсига эга давлат керак эди. Австралия АҚШ истаганидан ҳам ортиқроқ «жекпот» аслида.

Моррисоннинг даврида АҚШ билан муносабатлар жуда яхшиланди. Устига-устак қиролича Британияси «Брексит»дан азият чекаётган бир даврда инглиз тилида сўзлашувчи бу давлатларнинг яқинлашиши ажойиб уйғунлашув сифатида баҳоланиши лозим.

Австралия шу тариқа Хитойни ўзига рақиб қилиб олди. АҚШ Австралия орқали Хитойни сиқувга олмоқчи бўлаётган бўлса, Хитой бирйўла бутун америкапарастлар билан курашга киришга қарор қилмоқда. Мақолада Хитой ва Австралиянинг яқин келажакдаги тахминий ҳаракатлари, ўзаро қарама-қаршилигига сабаблар ва натижалар таҳлил қилинади.

1

Хитой сиёсий, иқтисодий ва пандемия инқирози даврида ҳам тез иқтисодий ўсишни сақлаб қолмоқда. Дастлаб иқтисодий ўсиш Хитойни Австралия учун асосий савдо ва сармоявий шерикка айлантиради ҳамда унинг муваффақияти Пекинга минтақавий ва глобал ишларда ўз позициясини тасдиқлаш имконини тақдим эта бошлади. Бироқ, шу билан бирга, маоизм мафкурасининг таназзули, минтақавий ва ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши, Коммунистик партиянинг одамлар кундалик ҳаёти устидан назоратининг пасайиши, Партия зўравонлик сиёсатининг кенгайиб бориши яқин келажакдаги Хитой билан муносабатларнинг совуқлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Хитойнинг агрессия сиёсати бошланишини мутахассислар Дэн Сяопиннинг ўлими ва партиядаги бўлинишлар кучайиб, ворисликнинг қийин даврини бошдан кечириши билан боғлашмоқда. «Замонавий Хитой меъмори» ҳисобланган Дэн Сяопиндан сўнг Хитой ўта ривожланиб кетганлиги партиявий муаммолар йўқлигини англатмайди. Доктор Стефан Шерлокка кўра, агар партиявий ворислик бузғунчи, айниқса, қуролли кучларнинг қўллаб-қувватлашидан фойдаланадиган, ашаддий миллатчиликка мурожаат қиладиган фашистик раҳбарият пайдо бўлишига олиб келадиган бўлса, Хитойнинг янада тажовузкор ташқи сиёсати ривожланиши мумкин. Хитой агрессияси Иккинчи жаҳон уруши давридаги немис сиёсатига монанд бўлмоқда, дейди аналитиклар.

Австралия-Хитой муносабатларида анъанавий равишда глобал геосиёсий ва стратегик муаммолар ҳукмрон бўлиб келган, аммо 1980-йиллардан бери икки мамлакат бир қатор умумий икки томонлама ва минтақавий манфаатларни, шу жумладан мустаҳкам иқтисодий алоқаларни ўрнатгандилар. Шунга қарамай, ўсиб бораётган геосиёсий куч сифатида Хитой «янада кўпроқ» истаётгани ҳам сир эмас. Хусусан, «Кариб инқирози» даврида социалистик Кубанинг туғилиши ғашига текканидек, энди Хитойнинг тумшуғи тагидаги Австралия «ашаддий душман» билан «ишқий муносабат»га киришиши турган гапки, АҚШга ёқмади. Австралиянинг Хитой билан муносабатлари АҚШ-Хитой муносабатларининг калитига айланиб боришига йўл очди.

Умуман олганда, Хитой ва Австралиянинг ўзаро муносабатлари биринчи бор инқирозга учрагаётгани йўқ. 1996 йилда бу икки мамлакат жиддий баҳслашиб қолганди: Австралиянинг Хитой-АҚШ сиёсий тарозисидаги ўзгача мувозанати ҳали бугунгидек ривожланмаган Хитойни қаттиқ ранжитган эди.

Ўшандан бошлаб Австралия сиёсати АҚШни қўллаб-қувватлайдиган ва Хитойга нисбатан унчалик дўстона бўлмаган томонга ўзгарган, дейилади етакчи нашрлар таҳлилчилари шарҳларида. Ўша пайтларда, Тайван сайловлари чоғида Хитойнинг ракета синовларига жавобан АҚШ Тайван бўғозига денгиз кучларини юборганида Австралия қўллаб-қувватлагани кутилмаган ҳодиса бўлгани ҳеч кимнинг хотирасидан кўтарилмаган бўлса керак.

Халқаро муносабатларда Хитой ўзига қаратилган танқидларни дунё миқёсидаги асосий ўйинчилари орасида ўз ўрнини эгаллашига йўл қўймаслик, деб ҳисоблайди ва бунда турган гапки, АҚШни айбдор сифатида кўради. Австралиянинг бундай вазиятдаги оппортунистик сиёсати (сиёсий вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга уриниши) Хитойда «кенгурулар ватанига» нисбатан салбий муносабатларни уйғотди.

2

Хитой билан алоқалар Австралия ташқи сиёсатининг муҳим жиҳатларидан бири бўлиши керак эди. Сабаби оддий: Австралия ҳар қанақасига олганда ҳам, кўпроқ оролни эсга солади, ҳақиқий қитъада ташқарида, қитъага кириши эшиклари Чин давлатидан бошланади. Хитойга нисбатан биринчи отилган тошлар 1996 йил март ойида бўлиб ўтган Тайван президентлик сайловлари пайтида унинг Тайван бўғозидаги ҳарбий машғулотларига, шунингдек 1996 йил июль ойида Австралиянинг АҚШ билан мудофаа алоқаларини янгилаши бўлди. Хитой буни ўзига нисбатан ҳақорат деб қабул қилди. Ва муносиб жавоб беришга ҳаракат қилди. Тайванга бирламчи саноат вазири жаноб Андерсоннинг ташрифи ва Австралиянинг Тайванга уран сотиши мумкинлиги ҳақидаги музокараларни танқид қилди, 1996 йил апрель ойида Австралия ҳукумати Хитойга ёрдам дастурининг бир қисмини қисқартиришга қарор қилиши эса ўртадаги ришталарга қўйилган оловни янада алангалатиб юборди.

Ўзаро муносабатлар совуқлашиб бораётганидан хавотирланган Говард 1996 йил ноябрь ойида Австралия коалицион ҳукумати сайлангандан кейин Хитой сиёсатини танқид қилмаслигига ваъда бериб, хитойликларни ўзаро ҳамкорликда ишлашга чақирди. Хуллас, Говард сихни ҳам кабобни ҳам сақлаб қола олди.

Коалицион янги ҳукумат Хитой билан яхши алоқаларга киришиши керак эди. Аммо ҳаммаси ўйлангандек бўлиб чиқмади. Янги ҳукумат ташқи сиёсий кун тартибининг бир қисми Австралиянинг АҚШ билан хавфсизлик алоқаларини йўлга қўйиш қилиб белгиланди. AUSMIN музокараларида (Австралия-АҚШ) икки мамлакат хавфсизлик тўғрисидаги янги декларацияни имзолади ва қўшма машғулотлар доирасини, шу жумладан, АҚШ ходимларининг Австралия ҳудудида мунтазам иштирокини кенгайтиришга келишиб олдилар. Хуллас, Хитойнинг иши кўпаядиган бўлди. Бир нарсани яхши тушуниш керакки, Хитойнинг АҚШ билан муносабатлари қиймати қиймати бошқа давлатлар билан бўладиган конфликтлардан бир бош баланд туради.

Хитойнинг «People Daily» газетаси ўша пайтда вазиятни шундай баҳолаганди: АҚШ мудофаа вазири Уильям Жеймс Перри Япония ва Австралияни АҚШнинг Осиёдаги хавфсизлик чораларининг шимолий ва жанубий таянчлари деб билади. АҚШ Хитой билан рақобатлашиш учун Япония ва Австралиядан фойдаланиши, албатта, мантиқан тўғри позиция эди, аммо Хитой бу вазиятда на Японияни, на Австралияни «жон қўшни» қилиб олиб қололмади ёки олиб қолишни истамади.

«People Daily» шарҳида АҚШ «Совуқ уруш»ни қайта қўзғаётгани, Япония ва Австралия унинг гумашталари экани ёзилганди. Доктор Стефен Шерлок «People Daily» шарҳи аксиламерикача кайфиятда ёзилганини таъкидлаш баробарида, ўзи ҳам Австралиядан Вашингтон ўз мақсадлари йўлида фойдаланишидан қўрқишини яширмаган.

3

Шу йил бошида Хитойнинг коронавирус пандемияси шароитидаги илк хатти-ҳаракатларидан глобал ғазаб кучайиб бораётган бир пайтда, Австралия бу вируснинг келиб чиқишини расмий текширишга чақирган биринчи мамлакатлар қаторида эди. Австралиянинг бу қарорга келишини Хитой ўзига нисбатан ҳақорат деб қабул қилди. Расмий Пекин ким вируснинг келиб чиқишидан шубҳа қилаётган бўлса, уларга дарғазаб жавоб қайтара бошлади.

Масалан, Канберра «пандемияга қарши курашда халқаро ҳамкорликни бузиши мумкин бўлган «ўта масъулиятсиз» ҳаракатларда айбланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида мустақил текширувни ўтказишга чақирган резолюция билан тинчлантириш сиёсатига ўтган бўлса ҳам, Хитой унутмади.

Сўнгги ойларда Хитой Австралияни савдо тарифларини тушириб юбориш билан жазолашни бошлади.

Умуман олганда, Хитой ташқи сиёсатда юксак салоҳиятга ва тажрибага эга давлат. Австралия билан келишмай қолгач, рақибига нафақат иқтисодий, балки маънан таъсир ўтказишни ҳам бошлаб юборди. Хусусан, хитойлик дипломатлар Австралия оммавий ахборот воситаларига Пекиннинг Канберрага шикоятлари рўйхатини тақдим этгани тўғрисида маълумотлар тарқалди. «ABC News»нинг маълумотларига асосланадиган бўлсак, хитойликлар австралияликларни:

  • хитойлик инвестицияларни ноҳақ тўсиб қўйиш,
  • Хитойнинг коронавирусга қарши жавоблари тўғрисида «дезинформация» тарқатиш,
  • Пекиндаги хакерликни ноҳақ айблаш
  • Шинжон, Тайван ва Гонконгда «тинимсиз истаксиз аралашув» билан шуғулланиш

каби ножоиз ҳаракатларда айблаган. Австралия бош вазири Скотт Моррисон «Биз ўз манфаатларимизга мувофиқ ўз қонунларимизни ва қоидаларимизни белгилаймиз», деди. «Ҳеч қандай бошқа миллатнинг буйруғи билан эмас, хоҳ АҚШ бўлсин, хоҳ Хитой ёки бошқа биров». Моррисоннинг бундай кескинлиги таҳлилчилар томонидан ҳайрат билан қабул қилинди. Ҳатто вазиятни «муштлашув дипломатияси» деб аташди.

«Агар биз оммавий ахборот воситаларининг оғзини беркитишга, фикр марказларимизни ўзгартиришга, стратегик активларимизни сотишга ва «COVID-19» нинг келиб чиқиши ҳақида гапиришга тайёр бўлсак, барчасини тузатиш мумкин», деди Кристофер Жералд Улманн («Nine News» сиёсий муҳаррири) Хитой қўйган айбловларга фикр билдира туриб.

«Твиттер»да ушбу ҳужжатга муносабат билдираётган Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили «бутун дунё миллатларининг аксари Австралияни қўллаб-қувватлашини» қистириб ўтди.

Олти йил олдин Хитой раҳбари Си Цзиньпин «Хитой ва Австралия ўртасидаги бепоён хайрихоҳлик уммони»ни олқишлаган эди. Бироқ, Пекин дипломатик ва иқтисодий жиҳатдан кучайиб бориши ва дунёдаги асосий оқимга айланиш йўлида Австралиянинг тўсқинлик қилмоқчи бўлиши муносабатларни ёмонлаштириб юборди.

Австралия стратегик сиёсат институтининг миллий хавфсизлик бўйича мутахассиси Майкл Шоебрижнинг айтишича, Канберранинг Пекин билан муносабати стратегик, ҳарбий, кибер, технологик усулларидан агрессив равишда ёндашиш билан ўзгарган.

4

Буюк Британия ҳануз дунёдаги Канада, ЖАР, Ҳиндистон, Австралия каби кучли давлатларга катта таъсир ўтказади. Аммо бир савол туғилади: «Қиролича Британияси Австралияни деб, Хитойга қарши чиқадими?»

Буюк Британия, «Брексит»дан сўнг савдо келишувларига эришмай туриб, дунёнинг энг кучли давлатларидан бирига нисбатан сиёсий, иқтисодий ва маънавий босим ўтказишга кучи етадими?

Буюк Британиянинг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Том Тугендҳат Австралия билан чуқур бирдамлигини билдирганлиги ОАВларда тарқалди. Австралия билан бирдамлик Буюк Британияга қимматга тушиши мумкин, негаки, Буюк Британия ташқи савдосида Хитойнинг улуши катта — инглизлар «Next-Brexit»дан кейинги музокараларни ҳам ўйлаб қўйишса чакки бўлмасди. Австралия ОАВлари эса Британиянинг кичик муносабатини кенг тарзда ёритишга урғу берди. Бу катта эҳтимол билан яқинлашиб келаётган Канберра-Пекин қарама-қаршилигида Австралиянинг ёлғизланиб қолмаслиги учун.

Бунга жавобан Хитой Австралия товарларининг аксарияти импортини амалда тақиқлади, шу билан бирга, давлат оммавий ахборот воситалари ва ташқи ишлар вазирлиги аксилавстралия позициялари эгаллашди.

Канберра эса ўз дипломатик ўйинини кучайтирмоқда. Бу ишлар аслида сўнгги декадада авж олган эди. Бироқ шу пайтгача бу сиёсатнинг мақсади яширин эди. Энди маълум бўляптики, бу Шарқий Осиёдаги йирик қарама-қаршиликларда Хитойнинг зарбаларига муносиб туриб бериш учун қилинган ишлар. Австралия ХХ аср охирига нисбатан охирги ўн йил давомида ўз ҳарбий кучлари учун муҳим ресурсларни яратди. Австралия ҳарбий жиҳатдан ҳам Хитойдан кам бўлгиси келмади.

Шу ойнинг бошида Германия мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр ўз мамлакатининг Австралия денгиз флотига ҳарбий офицерларни тайинлашдан манфаатдорлиги ҳақида гапирди, чунки иккала давлат ҳам Ҳинд-Тинч океанидаги хавфсизлик муаммоларини биргаликда ҳал қилишга мажбур бўлишади. Сўнгги бир неча йил ичида Австралия ва Франция ўзларининг мудофаа муносабатларини чуқурлаштирдилар, президент Эммануэл Макрон бошчилигида, Канберра ва Ню-Деҳлини Ҳинд-Тинч океани асосий ҳимоячилари деб ҳисоблашди; шу йилнинг сентябрь ойида узоқ вақтдан бери таклиф қилинган уч томонлама Австралия-Франция-Ҳиндистон мулоқотининг биринчи қисми бўлиб ўтди. Катта эҳтимол билан бу икки давлат ҳам Австралияни қўллаб қувватлайди.

Франция ва Германиядан фарқли ўлароқ, Буюк Британия Ҳиндистон-Тинч океани стратегиясини расмий равишда қабул қилмаган. «Brexit»дан сўнг Европа иттифоқи билан муносабатлар инқирозга киргач, Осиё Британиянинг янги шериклари бўлиши кутилаётганди, бироқ ҳали ҳам Осиёдаги фаоллиги кам. Буюк Британиянинг Австралия, Канада, Янги Зеландия ва АҚШни ўз ичига олган «Five Eyes» разведка иттифоқи ҳам бу қарама-қаршиликда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак, Австралия Хитой учун «чақилмас ёнғоқ» бўлиши мумкин. Кўп томонлама бу давлатлар дунёдаги энг илғор ҳисобланади. Бу қарама-қаршилик икки давлат учун ҳам манфаатли эмас аслида. Қарама-қаршилик қанчалик чуқурлашиб борса, зарар ҳам ошиб бораверади. Муносабатлар ҳам чигаллашиб кетмоқда. Яхшиликка бўлсин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг