Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ботқоқ»дан чиқиш шарт эди — «Ўзбекистон почтаси» АЖ ривожланиш йўлига ўтмоқда

«Ботқоқ»дан чиқиш шарт эди — «Ўзбекистон почтаси» АЖ ривожланиш йўлига ўтмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Охирги йилларда дунё миқёсида почта хизматларига талаб кескин камайиб, ходимлар сони қисқартирила бошланди. Қайси мамлакатнинг почта тизими тезроқ замон талабларига мослаша олса, нафақат ўзини сақлаб қолиши, балки янги хизмат турлари билан мижозлар эътиборига яна  тушиши кундек равшанлашди.

Мамлакатимиз почта хизмати ҳам ана шундай оғир кунларни бошидан кечирди ва унинг асоратлари ҳали-ҳануз сезилмоқда. Тизимда ходимлар сони 2 баробар қисқаришга тушди. Тасарруфдаги хизмат биноларининг аҳволини эса тасаввур қилаверинг. Аммо «ботқоқ»дан чиқиш, яна ўз ўрнини эгаллаши шарт эди. «Ўзбекистон почтаси» АЖ раҳбарлари алмашди, ривожланиш йўллари танланди.

Энг муҳими, ҳудудлардаги тармоқларнинг аҳволини ўрганишга киришилди, эътибор қаратилди. Албатта, йиллар мобайнида йиғилиб қолган тоғдек муаммоларни бир лаҳзада ҳал қилишнинг имкони йўқ. Почта тизими ходимларининг руҳини кўтаришга энг асосий вазифа сифатида қаралди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари жойларда бошқа йўналишлар қатори почта корхоналарига бориб, почта ходимларининг ҳолидан хабар олиб, муаммо ва камчиликлари ҳақида сўрашди.

«Меҳнат қилиш учун шароит қандай, иш ҳақи қанча, малака ошириш ёки олий маълумот олиш истагидагилар борми, қандай қилиб почтанинг нуфузини ошириш, сифатли хизмат кўрсатиш мумкин?». Мана шу каби саволларга жавоб изланди. Ўнгланиш учун қадамлар ташланди.

Ривожланиш учун малакали кадрлар зарурлиги оддий ҳақиқат. Шу йўналишда ўрта маълумотли почта ходимларининг бир гуруҳи Тошкент ахборот технологиялари университетига сиртдан ўқишга қабул қилинди, ҳудудларда ахборот хавфсизлиги йўналишида семинарлар навбати билан ўтказила бошланди. Ҳудудларда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан ҳамкорликда мижозларга хизмат кўрсатиш марказларини очиш йўлга қўйилди.

Бугунги кунда 16 турдаги электрон давлат хизматлари, 2 турдаги банк хизматлари (пластик картадан нақд пул ечиш ва маблағ билан тўлдириш), Инфокиоск орқали хизмат кўрсатиш, мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплекслардан (почтамат) фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини республика ичида онлайн сотиш ва мижозларга етказиб беришни йўлга қўйиш бўйича миллий онлайн савдо майдончасининг веб-версияси ишга туширилди, аҳолидан тўловларни қабул қилиш учун мўлжалланган мобил қурилмалардан фойдаланишга киришилмоқда.

Вилоят ва туман марказларига хизмат кўрсатувчи почтачилар босқима-босқич электроскутерлар билан таъминланмоқда. Шу билан бирга, давлат хусусий шерикчилик асосида почта алоқаси объектларини қайтадан замонавий кўринишда қуриш, ягона дизайн асосида шаҳарсозлик талабларига мослаштириш ишлари бошланди.

Бугун, 23 февраль куни «Ўзбекистон почтаси» АЖ филиаллари раҳбарлари учун «Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш» мавзуида махсус ўқув курсининг очилиши бўлиб ўтди.


Ўқув машғулотларида «Ўзбекистон почтаси» АЖ Бош директори в.б. Алишер Файзуллаев,  Тошкент давлат юридик университети «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедраси профессори Ҳайдарали Муҳаммедов, АТ «Алоқабанк» бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон почтаси» Кузатув кенгаши аъзоси Шавкат Искандаров ҳамда «Мулоқот самарадорлиги, раҳбар ходимлар креатив фикрлаш кўникмаларини оширишнинг инновацион усуллари», «Селф-менежмент», «Тайм-менежмент» каби мавзуларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этади.


Шунингдек, иштирокчилар Тошкент шаҳридаги IT-Парк фаолияти ва «Тошкент почтамт» филиалида почта жўнатмаларини қабул қилиш, ишлов бериш ва етказиб бериш жараёнлари билан яқиндан танишишлари режалаштирилган.

Мазкур курслар 27 февралга қадар давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг