Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эҳтиёт бўлинг, ҳар жойда «темир қотил»!

Эҳтиёт бўлинг, ҳар жойда «темир қотил»!

Фото: Ижтимоий тармоқлар

1931 йилда рус ёзувчилари — Ильф ва Петров томонидан илк автомобиль намуналари кўчаларда пайдо бўлгандаёқ, пиёдаларнинг кейинги тақдири эҳтимолий хавотирга олинган эди. Орадан салкам бир аср ўтиб, бу хавотир чинаккам хавфга, восита эса — «темир қотил»га айланиб улгурди.

26 январь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу ҳаёт-мамот масаласига, кундан кунга қурбонлари сони ошиб бораётган йўлдаги авариялар мавзусига алоҳида эътибор қаратилди.

«Бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Шунинг учун авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда», дея таъкидларкан, давлат раҳбари бу муаммони бартараф қилиш учун мутасаддиларга, аввало, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш «жинояти»га қарши жазони кучайтириш бўйича қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритиш топшириғини берди.

Албатта, ўз вақтида долзарб масалага қаратилган эътибор, «жиноят» деб таъриф берилган танқидга мутасаддилар тезкор чоралар кўришади, деб умид қиламиз. Афсуски, бу муаммоли масалаларда шу қадар чалкашликлар борки, унга ечим топиш ҳам осон бўлмаса керак. Мисол учун, ҳозир нима кўп — «права» берадиган автомактаблар кўп.

Энди тасаввур қилиб кўринг, ўзи ўқувчини минг чорлов билан жалб қилиб, пулини олаётган автомактаб, қандай қилиб уни «вождение»га мажбурлай олади. Агар қатъий талаблар қўйилса, бошқа келувчи ўқувчилардан айрилади. Камига ҳар бир ўқувчи бу ерга ўзи шарт қўйиб келса. Шу ўринда автомактабларнинг нуфузи ҳам ўша мижозлар қўядиган «шарт» асосида — яъни, ҳайдовчилик гувоҳномасини тезроқ бериш, дарсга кам чақириш (ёки умуман қатнашмаслик), нарх арзонлиги борасидаги тафовутлар асосида табақаланади. Қолаверса, ҳар бир мактаб имтиҳон олувчилар билан «ош-қатиқ» бўлиб кетган.

Яна бир қизиқ жиҳати, уларнинг жойларда ўзига хос агентлари ҳам бўлиб, умумтаълим мактабларидан тортиб, устахоналар, мошина бозорларию бошқа турли жойларда манфаатдорлар тарғибот билан шуғулланади. Ўшандаёқ «права» берувчилар, бўлғуси «шумахер»га ҳужжатни бошқалардан тезроқ бериш, ортиқча қийнамаслик ва бошқа қулайликлари билан реклама қилинади. Бу соҳа шу аснода ишлайдиган бир механизмга айланиб улгурган. Шу мактабларни битирувчиси бўлган баъзи танишларим борки, «Д» категорияли гувоҳномаси бўла туриб, машинани калитини бурашниям билмайди.

Энди шу каби мактаблар битирувчиларининг айримлари (камчилик) автомобилини «бисот» биладиган ва авайлаб бошқарадиганлар бўлса, кўпчилиги — таввакалчи учарлар.

Таассуфки, бугун катта трассада ўшалар ҳукмрон. Қоидага риоя этиб, белгиланган тезликда ҳаракатланиб кўрингчи, ёндан сиқиб, қувиб ўтиб, камига сўкиб ҳам кетади. Тўрт «полоса»ли йўл четида пиёдалар харакатланяптими, бирор машина тўхтаб турибдими ёки кўприк устида ҳаракатланяпсизми, фарқи йўқ, улар фараларини ёқиб-ўчириб, йўл бер деб таҳдид қилгани-қилган.

Ҳозир кўплаб авариялар айнан ўша нотўғри қувиб ўтиш, (масалан қияликка чиқишда) оралиқ масофа сақламаслик ва юқори тезлик оқибатида юз бермоқда. Ривожланган мамлакатларда ҳайдовчи ким бўлишидан қатъи назар тасма тақиб, кейин харакатланади. Машина бошқаришда қоидаларга эътибор беради. Бизда эса, шу тасмани таққан ё қоидага риоя қилган лаллайгану, олддагини қувиб ўтиб тез ҳайдаган, светафордан ўтип кетишга улгурган — уддабурон, деган тескари тушунча бор, ҳарқалай аксариятида шу дунёқараш.

Шу ўринда ҳайдовчиларда, айниқса киракашларда бир одат борки, машина ҳаракатланди дегунча телефонни қўлга олади, номер теришга эътиборини бериб, баъзан бетон тўсиққа қараб кетиб қолади, улар учун оддий бу эрмак йўловчини юрагини така-пука қилиши аниқ.

Яна бир рулдан чалғитувчи ёмон эрмак — «семичка» чақиш бўлиб, кўпчилик узоқ масофага қатновчи ҳайдовчиларда бу урфга кирган.

Бир сафар олис манзилга кетаётганимизда киракаш ҳайдовчи йўл-йўлакай нос капалайман деб, катта тезликдаги машинани чайқатворди. Бундан, йўловчи хорижлик икки сайёҳ чунонам қўрқиб кетиб, ваҳима билан бақириб юборишди. Лекин ўша киракаш бунга эътибор ҳам бермади, камига безбетларча уларга қаратиб кафтидаги нос қолдиғини пуфлаворди. Ўшанда салон ичига тарқаган аччиқ кукундан акса ураётган сайёҳлар, қайтиб бу ерларга келмайман деб аҳд қилгани аниқ. Камига жазирамада уларни метан шохобчада тушириб, қанча куттирган эди.

Бизда ҳайдовчилар ўта таъсирчан. Рулга ўтирдими, мусиқани ёқиб, ўшанинг таъсирига тушади, машина бошқаруви ҳам шунга мослашади, йўлдаги чуқурларни «териш» илинжида қарама-қарши йўналишда ҳам ҳаракатланаверади. Қаршисида машина кўринса ҳам четга қочишга унчалик шошилмайди. Гуёки «шумахер» образида.

Афсуски, бирор ҳодиса юз берса, энг аввало, жабрдийда йўловчи бўлиб қолади. Аксарият ҳолатларда ҳайдовчи авария вақтида ҳимояланиб қолади. Кўпчилик ҳодисалар ҳам буни тасдиқлайди. Йўлдаги баъзи ҳайдовчиларга хос олифтагарчилик, ҳовлиқиш, кибр ортидан келувчи фалокат жабрини йўловчи тортади. Бирор ҳодиса юз бермаган тақдирда ҳам, юқори тезлик, баъзи қўрқинчли ҳолатлар оқибатидаги қўрқувлар ёмон кассаликларга олиб кемайди, дейсизми?

Трассада таксилар доим юқори тезликда харакатланади, ишонаверинг, шунча маблағ сарфлаб йўлларга ўрнатилган радарларнинг уларга деярли таъсири йўқ. Қайси киракаш борки, қаерда радар бор, кўчмалари қаерга ўрнатилган, ҳаммасидан хабардор. Уларда ўзаро тизимли алоқа мавжуд.

Хўш, нима қилмоқ керак?

Биринчидан, Президент такидлаганидек, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш «жинояти»га қарши жазони кучайтириш.

Иккинчидан, автомактаблар лицензиясини уларнинг битирувчилари бузадиган қоидалар асосида мониторинг қилиб бориш ва шу асосда уларнинг кейинги тақдирини белгилаш лозим.

Учинчидан, ОАВда, автомактабларда, такси фаолиятини йўлга қўйган фирмаларда, ўқув юртларида, масжиддаги маърузаларда ҳам имкон қадар ўша «шумахерлар»нинг психологиясини ижобий тарафга ўзгартирадиган тарғиботларни олиб бориш ва улар онгида «наъмунали ҳайдовчи» феноменини яратиш.

Тўртинчидан, ҳайдовчиларни қисман қаноатлантирадиган тезлик меъёрини жорий этиш ва индивидуал ҳаракатдаги радарларни кўпайтириш.

Бешинчидан, йўлларни талабга жавоб берадиган тарзда равон қилиб таъмирлаш.

Шу аснода айтадиганимиз: «юзда юрманг, юзга киринг». Шошилманг, манзилингиз яқин, умр йўлингиз узоқ бўлсин.

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг