Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳақиқат йўлида кафанини елкасига ташлаган олим»

«Ҳақиқат йўлида кафанини елкасига ташлаган олим»

Кеча, 28 июнь куни атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 73 ёшида вафот этди.

Мамлакатимиз зиёлилари марҳум олимнинг миллат ва адабиёт равнақига қўшган ҳиссасига юксак баҳо бериб, уни илиқ сўзлар билан ёдга олмоқда.

«Иброҳим ака илмда ҳам, ҳаётда ҳам ҳар томонлама ўрнак бўлган Шахсият эди. Алишер Навоийни бизга эмас, бизни Алишер Навоийга яқинлаштира олган давримизнинг буюк олимларидан бири эди. Иброҳим ака мумтоз адабиётни ҳам, замонавий ва жаҳон адабиётини ҳам чуқур ўзлаштирганди. Бадиий сўз тафтини нозик илғайдиган, фалсафани, тарихни теран англайдиган олим эди. Ҳалол ва самимий суҳбатдош эди. Ҳар қандай вазиятда ҳақ сўзни, ҳақиқатни айта олган мард эди. «Алишер Навоий туркий адабиётнинг пойтахти», деган эди бир суҳбатида. Бизга ана шу пойтахтга йўл кўрсатган, ўзи ҳам илми билан, чин инсоний фазилатлари билан қалбимизни забт этганди. Ана шундай олим, қадрдон устозимиз энди орамизда йўқ. Афсус, тиригида қадрига ета олмадик...» – деб ёзди Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқул.

«Ҳақиқатга чанқоқ, ҳақиқатга содиқ инсон эди… Иброҳим ака орқасига бир қараса, келажак авлод олдида юзи қизарадиган бир иш қилмаганини, аксинча, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан бошини тик тутиб юришга ҳақли эканини кўради. Ҳақни ёзди, ҳақни айтди, керак бўлса майдонларга чиқиб халқнинг дардини, орзу-умидларини баралла сўзлади. Ҳатто ошкоралик даврида, юракдаги гапларни эмин-эркин баён этишга имкон берилган даврда ҳам, сиёсат тап этиб ўзгариб эртага бошимга бир бало келиб қолмасин тағин, дея қўрқа-писа инидан чиқмай ётган жуда кўп «зиёли»дан фарқли ўлароқ, ўрис-совет мустамлакасидан озод бўлиш ҳаракатига очиқ қўшилди. Қўшилдигина эмас, маънавий бошлиқларидан бирига айланди. Чинакам зиёлига хос фазилатини кўрсатди», – дея хотиралари билан ўртоқлашди ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

«Иброҳим Ҳаққул ўзини зиёли, ижодкор санайдиган тириклар ичида ноёб ҳодиса ўлароқ, тик туриб яшаб ўтган шахс сифатида тарихда қолди. Бировга ялтоқланмади, умид билан «тепалар»га боқмади. Бақир-чақирсиз, тамасиз, сокин яшаб ўтди. Бутун онгли ҳаётини шу миллатнинг адабиёти ва маънавиятига бахшида қилди», – дея марҳум олимнинг аъмолига чизги берди публицист Алишер Назар.

«Ўтган асрнинг 80-йиллар охири – 90-йиллар бошларида Иброҳим аканинг кўп суҳбатларини эшитганман. Ундан олдин эса, раҳматли шоир Чори Аваз Иброҳим Ҳаққулнинг «Чўлпон» нашриётида чоп этилган «Занжирбанд шер қошида» китобини совға қилган эди. Ўшандан бери бир умрга Иброҳим аканинг мухлиси бўлиб қолганман. У кишининг «Тасаввуф ва шеърият», «Аҳмад Яссавий ҳикматлари», «Навоийга қайтиш», «Тақдир ва тафаккур» ҳамда ўнлаб мақолаю интервьюларини ўқиб, умуман, адабиётга «Иброҳим аканинг кўзи» билан қараган бўлсам ажаб эмас. Иброҳим ака гарчи адабиёт тарихи билан кўп шуғулланган бўлса-да, ўзи айни яшаётган давр, жамият ва воқеликка шундай теран ва лўнда таъриф берардики, бундан узоқ вақт ҳузурланиб юрар эдим. Устоз бутун дунё адабиёти ва бадиий фалсафасини чуқур англайдиган кам сонли инсонлардан бири эди», – дея эҳтиромини изҳор қилди ЎзЖОКУ Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани Акбар Нурматов.

«2019 йил март ойи эди. Профессор Иброҳим Ҳаққул билан бир неча илтимослардан кейин суҳбат ёзиб олдик. Суҳбат шунчалик қизиқ ва айни пайтда кескин ўтдики, адабиётшунос унда ўзбек жамиятининг энг оғриқли дардларини гапириб, шу дардларга ўз малҳамларини ҳам таклиф қилганди. Мен эса... адабий суҳбатлар, умуман, суҳбатлар учун ўзига хос «планка» белгилаб олдим. Бу кейинги фаолиятим учун кучли босим ҳам эди. Катта шахсият – Иброҳим Ҳаққул босими. Шу босим мени адабий суҳбатларни доим ўйлаб уюштиришга, катта натижани мақсад қилиб, унга ойлаб тайёргарлик кўриш ва бошланган қатор даражасини туширмасликка ундаб туради. Иброҳим Ҳаққул мен учун ана шундай даража, ана шундай шахсият эди. Унинг вафоти халқимиз, адабиётимиз учун катта йўқотиш», – деб ёзди журналист Илёс Сафаров.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон мухтасар таъзиясида И.Ҳаққулга «Умрлик дўстим ва акам! Беназир олим ва мунаққид! Шахс ва Инсон!» дея таъриф берди. 

Блогер ва олима Шаҳноза Соатова марҳум олимни «амали билан сўзи бир, ҳақиқат йўлида кафанини елкасига ташлаган давримизнинг виждони», дея алқади.

Истеъдодли шоир Насрулло Эргаш эса Иброҳим Ҳаққул руҳига эҳтиром рамзи сифатида қуйидаги шеърни ёзди:

Ёлғон эди, ёлғон бўлиб қолди дунё,

Наҳот сиз ҳам чин дунёга кетдингизми?

Рауф Парфи, Навоийнинг ёнига ё

Бизни ташлаб Бухорога кетдингизми?

Навоийнинг девонидан наво излаб,

Наҳот сиз ҳам чин маъвога кетдингизми?

Ёки авжи саратонда ҳаво излаб,

Бизни ташлаб Бухорога кетдингизми?

Дилни тирнаб қолмоқдамиз алам билан,

Аламларга сиз давога кетдингизми?

Ҳақсўз деган елкадаги кафан билан

Бизни ташлаб Бухорога кетдингизми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг