Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаримадан бўйин товлаган аёл МИБ ижрочисининг хизмат кийимини йиртиб ташлади

Жаримадан бўйин товлаган аёл МИБ ижрочисининг хизмат кийимини йиртиб ташлади

Бу аёл шундоғам МЖтКнинг 41-моддасида («Ҳақорат қилиш») назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани сабаб 118.400 сўм жаримага тортилганди. Жазони (жаримани) вақтида адо этмагани боис Мажбурий ижро бюросининг Чилонзор туман бўлими давлат ижрочиси А.Абдураҳманов унинг эшигини қоқишга мажбур бўлди.

МИБ ходимини қайси қарздор қучоқ очиб кутибди, дейсиз? Соҳа ходимлари бунга ўрганиб қолган. Шу боис аёлнинг аввалига айтган нордон-нордон гапларига кўпам парво қилинмади. Бироқ қарздор борган сари жазава тушаверди: «Мени ҳеч кимдан, давлатдан ҳам қарзим йўқ, йўқол, бир тийин ҳам тўламайман!».

Аёлни тушуниш мумкин, ортиқча чиқим кимга ёқибди?! Бироқ МИБ ходимиям хизмат вазифасини бажармоқда. Қўлида суднинг қонуний кучга эга қарори. Ижрога қаратилган суд ҳужжати амалга оширилиши шарт.

Шу гапларни тушунтирмоқчи бўлингандики, аёл баттар тутақди, сўнг... МИБ ходимини ҳақоратлашга тушди. Қаралдики, аҳвол жиддийлашиб бормоқда: ижрочи тартибни сақлаш учун профилактика инспекторини чақиришга мажбур бўлди. Инспектор келганидан кейин аёл бақир-чақирини баттар кучайтирди, уяли телефонида уларни тасвирга олиб, орган ходимлари гўёки ўзига куч ишлатаётгандек қилиб кўрсатиш ҳаракатига тушди... Вазият шу даражага етдики, аёл ижрочининг хизмат кийимини йиртиб ташлашгача борди.

Бунисига энди чидаб бўлмасди.

Дарҳол керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари бошланди. Сўнг жиноят иши очилди, тергов ҳаракатлари ўтказилди.

Ниҳоят, иш судга ошди. Бир юз ўн саккиз минг жаримани тўламаслик учун қилинган ноқонуний хатти-ҳаракати учун аёл Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра бир йил озодликдан чеклаш жазосига мустаҳиқ этилди.

Аёлга шу керакмиди?

У ким дерсиз? Исми-шарифини айтиш шартмас. Айтиш мумкин бўлган битта гап қолган: аёлнинг жиноий жавобгарликка тортилгани уни маъмурий суд тайинлаган жарима жазосидан озод этмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг