Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзмиллийбанкнинг 2021 йилдаги муваффақият ва ютуқлари

Ўзмиллийбанкнинг 2021 йилдаги муваффақият ва ютуқлари

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатнинг энг йирик банкларидан бири бўлган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ (Ўзмиллийбанк) ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ҳисобланади ва йирик инвестицион ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади.

Ўзмиллийбанк 2021 йилда активларни ошириш, мустаҳкам ресурс базасини шакллантириш ва ундан оқилона фойдаланиш, банк хатарларини самарали бошқариш сиёсатини жорий этиш бўйича улкан ишларни олиб борди.

Рақамлар ва фактлар

2021 йили кредитлашни ошириш ва тадбиркорларга кўмаклашиш доирасида Ўзмиллийбанк томонидан инвестицион мақсадларга 11,9 трлн сўм, ковиддан кейинги даврда ишлаб чиқариш қувватларини тиклашга ва хўжалик юритувчи субъектларнинг айланма маблағларини тўлдиришга 10,0 трлн сўм йўналтирилган. Хусусан, 2021 йили экспортчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашга 5,4 трлн сўм кредит маблағлари ажратилди. Натижада 2021 йили экспортчилардан келиб тушган валюта маблағлари 725,8 млн АҚШ долларини ташкил этган.

Бундан ташқари, 2021 йилда давлат томонидан хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилган преференция ва имтиёзлардан фойдаланиш учун шароит яратиш мақсадида 931 нафар субъектга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат фонди томонидан 1,6 трлн сўмлик кафиллик ва компенсациялар тақдим этилди.

Шундай қилиб, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра банк активлари 89,9 трлн сўмни (олдинги йилга нисбатан 10,0 трлн сўмга ўсган), кредит портфели эса 74,0 трлн сўмни (8,4 трлн сўмга ўсган) ташкил этди ва соф фойда режаси 103 фоизга бажарилди.

Амалга оширилган лойиҳалар
Мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий иқтисодиётни янгилаш, қулай ишбилармонлик ва инвестицион иқлимни яратишда ҳуқуматнинг ишончли таянчи бўлиб айнан «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ хизмат қилди. Мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш ҳар доим Ўзмиллийбанкнинг устувор мақсадларидан бўлган.

Ушбу ташаббусларнинг асосий қисми иқтисодиётнинг ёқилғи-энергетика мажмуаси, тўқимачилик саноати, транспорт ва алоқа хизмати, коммунал хўжалигини ривожлантириш ва бошқа тармоқларида амалга оширилган.

2021 йили Банк 50 дан ортиқ инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга ва стратегик муҳим корхоналарга молиявий кўмак кўрсатишга умумий суммаси 1,2 млрд АҚШ доллари эквивалентида бўлган кредитлар ажратган. Хусусан:

· қурилиш соҳасига - 305 млн АҚШ доллари;
· энергетика тармоғига - 295 млн АҚШ доллари;
· транспорт, алоқа ва коммуникацияларга - 293 млн АҚШ доллари;
· коммунал хўжалигига - 75 млн АҚШ доллари;
· тўқимачилик саноатига - 62 млн АҚШ доллари;

Ўзмиллийбанк томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига 2021 йили 19 та йирик инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш таъминланди ва 6 500 дан зиёд ишчи ўринлари яратилди. Сўз қуйидаги лойиҳалар ҳақида кетмоқда:

- «Uzbekistan Airways» АЖнинг эҳтиёжлари учун янги Боинг-787-8 самолёти харид қилиниши;

- «Оҳангаронцемент» АЖ негизида қуввати йилига 3 млн тоннагача бўлган, қуруқ усулда цемент ишлаб чиқарувчи заводнинг қурилиши (114 та ишчи ўрни яратилган);

- ўз ичига 17,5 минг кв.метрли бозорни ва 16,3 минг кв.метрли кросс-докингни қамровчи «Food City Tashkent» агрологик ва савдо мажмуасини барпо этилиши;

- «Технопарк» МЧЖ негизида йилига 1,1 млн донагача кир ювиш машиналари ва 75 минг донагача савдо музлатгичлари ишлаб чиқарилишини ташкил этилиши.

Банк томонидан молиялаштириладиган яна бир йирик лойиҳа «Aroma-Kolor» МЧЖ ҳисобланади. Умумий қиймати 20,9 млрд сўм бўлган корхона гўшт ва колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси
Инвестицион лойиҳаларни ўзлаштириш, хизмат кўрсатиш соҳаси сегментини қўллаб-қувватлаш доирасида ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги «Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзмиллийбанк томонидан минтақаларда хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 1 575,0 млрд сўмлик маблағлари жалб қилинган.

Минтақаларнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятидан ва аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, жалб қилинган маблағлар хизматлар соҳасига йўналтирилади. Ушбу соҳага соғлиқни сақлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, туризм ва меҳмонхона бизнеси, таълим, транспорт, қурилиш ва таъмирлаш, IT-коммуникациялар, умумий овқатланиш ва бошқаларни киради. Имтиёзли кредитларни тақдим этиш ҳисобига жами 1824 нафар истиқболли лойиҳалар молиялаштирилган.

Банк томонидан хизматларни ривожлантириш соҳасида молиялаштирилган бундай йирик лойиҳалардан бири — умумий қиймати 40,0 млн АҚШ доллари бўлган «DEPO MALL» савдо-кўнгилочар мажмуаси ташкил этилиши ҳисобланади.

2022 йилга хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг учта йўналиши белгиланган:

Биринчиси: қишлоқ жойларида хизматлар соҳасини ривожлантириш, мавжуд тарихий объектларда, тоғли ҳудудларда, замонавий агросервисларда, қишлоқ хўжалигида экинларнинг юқори ҳосилдорлиги бўлган ҳудудларда туризмни тарғиб этиш.

Иккинчиси: аҳолиси 300 мингдан зиёд бўлган ўрта ва йирик шаҳар ва туманларда замонавий бозор хизматларини ривожлантириш.

Учинчиси:
Тошкент, Самарқанд ва Наманганда юқори даромадли хизматларни ҳамда таълим ва тиббиёт муассасалари жойлашган минтақаларда бошқа турдаги хизматларни ривожлантириш, замонавий савдо-кўнгилочар объектларни ривожлантириш.

Кўрсатилган йўналишлар бўйича 2022 йили савдо ва хизматлар ҳажмини 1,5 баробарга ошириш вазифаси берилган.

Чакана бизнес
Ўзмиллийбанк — чакана бизнесни ривожлантириш бўйича молиявий хизматлар бозорида етакчи позицияларни эгаллайди. 2021 йили банк ушбу йўналишда белгиланган вазифаларни муваффақиятли бажарди. Ўзмиллийбанк аҳолига ўндан ортиқ турдаги жозибадор омонатларни таклиф қилади. Натижада 2022 йилнинг 1 январи ҳолатига депозитлар ҳажми 8,5 трлн сўмни ташкил этди.

Аҳолининг зарур эҳтиёжларини қондириш мақсадида банк қуйидаги маҳсулотларни таклиф қилади: истеъмол кредити, автокредитлар, микрокредитлар, овердрафтлар ва таълим кредитлари.

Мижозларга қулай банк хизматларини тақдим этиш учун аҳоли кўп бўлган туманларда мини-банклар яратилган, у ерда барча турдаги чакана кредитлари берилади. Жисмоний шахсларда банкка келмасдан, «Milliy» мобил иловаси орқали онлайн тарзда кредит қарздорлиги ҳолатини, мунтазам тўловлар жадвалини кузатиб бориш, асосий қарз суммасини ва фоизларни тўлаш имкони мавжуд.

Шунингдек, жисмоний шахсларга кредит бериш жараёни ва ҳужжатларни расмийлаштириш соддалаштирилган. Натижада, 2021 йилнинг бошидан 10 273 та истеъмол кредити, 5814 та автокредит, 4907 та таълим кредити, 14 700 та овердрафт ва микроқарзлар ажратилган. Жами 44 мингдан ортиқ жисмоний шахсларга умумий қиймати 1 0114,6 млрд сўмдан ортиқ чакана кредитлар берилган.

Бугунги кунда Ўзмиллийбанк ипотека кредитини кенгайтириш дастурида фаол иштирок этмоқда, шу тарзда 2021 йили уй-жой харид қилишга 1 450,0 млрд сўм тақдим этилган.

Ривожланиш стратегияси
2021 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, Банкнинг келгуси ривожи унинг стратегиясига асосланади, деб таъкидлаш зарур бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майда «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини  ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши мамлакатимизнинг банк тизимини ривожлантириш, хорижий банклар тажрибаси ва молия соҳасидаги халқаро тенденцияларни қамраб олган трансформация жараёнларини амалга оширишга ижобий импульс берди.

Ўзмиллийбанкни халқаро стандартларга мувофиқ ишлайдиган замонавий тижорат банкига айлантириш ва ўз ривожланишининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадида «McKinsey & Company» халқаро консалтинг компанияси билан келишув имзоланди ҳамда Ўзмиллийбанкни икки босқичда ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа амалга оширилди.

Биринчи босқичда банк хизматлари бозори ва уни ривожлантириш истиқболларини, дунё тенденцияларини, чакана савдо бозорларини, мижозлар сегментациясини, банк хатарларини бошқариш жараёнини, банк ахборот технологиялари тизимини таҳлили ўтказилди. Иккинчи босқичда банкнинг стратегик мақсадлари шакллантирилган.

Олинган таҳлилий маълумотлар асосида «McKinsey & Company» халқаро консалтинг компанияси билан биргаликда 2025 йилгача Ўзмиллийбанкни ривожлантириш ва трансформация қилишнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилган, унинг ичига 32 та ташаббус ва 77 та лойиҳа киритилган. Уни амалга ошириш мақсадида Банкда Трансформацион офис яратилган.

Стратегияни муваффақиятли амалга ошириш натижасида банкнинг кредит портфелини 170,0 трлн сўмгача, соф фойдани эса 3,8 трлн сўмгача ошириш режалаштирилмоқда.

2022 йилги режалар
2022 йилда Ўзмиллийбанк ўз олдига муҳим мақсадларни қўймоқда. Банк активларини 95,6 трлн сўмгача, кредит портфелини 82,0 трлн сўмгача ошириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодиётнинг етакчи секторларини фаол кредитлаш сиёсатини амалга ошириш мақсадида 2022 йилда 22,6 трлн сўмлик кредит маблағларини қарийб 1596 лойиҳага йўналтириш мақсад қилинган. Шулардан, 12,5 трлн сўм инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга, хусусан:

- Йўловчи автобусларини харид қилиш йўли билан Тошкент шаҳрида жамоат транспортини яхшилаш;
- «Uzbekistan Airways» АЖ авиапаркини тўлдиришнинг лизинг етказиб беришларини молиялаштириш.
- Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 7097 хонадонли 81 та кўп қаватли турар жойларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш 35 900 дан ортиқ ишчи жойларини яратиш имконини беради.
Кўзланган лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш натижасида экспорт ҳажми 755,0 млн долларга, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ҳажми эса 785,0 млн долларга етади. Давлат бюджетига тушум 3,1 трлн сўмдан ортиқни ташкил этиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг