Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Маданият вазирлигидаги маданиятсизликлар

Маданият вазирлигидаги маданиятсизликлар

Фото: «Asakabank.uz»

Сиз 180 минг сўм ойлик эвазига душанбадан жумагача кунига беш соат меҳнат қилишни тасаввур қила оласизми? Юртимизда ана шунга кўниб, ҳалол меҳнат билан оиласига даромад келтираётган инсонлар бор. Бошқалар қатори пул улар учун ҳам муҳим, уларнинг ҳам орзу-ҳаваси бор. Бироқ бундай инсонлар жамиятга ўзининг керак эканини ҳис қилиш учун арзимаган бўлса-да, «хат-ҳужжатли иш»да меҳнат қилишни хоҳлайди, кун келиб кексаликда бир чимдим бўлса ҳам давлатдан пенсия пули олишни орзу қилади. Бироқ халқнинг ана шу ризқига ҳам кўз олайтираётган, арзимас маошга ишлаётган қўл остидаги хизматчиларни ҳимоя қилиш ўрнига, улар олдига ақл бовар қилмас шартлар қўйиб, қутулишга уринаётганлар бор.     

Қарийб бир йилдирки, Маданият вазирлигининг Бухоро вилояти Вобкент тумани бошқармаси бошлиғи Исом Баҳромов билан жиддий баҳс-мунозарага киришганман. Ҳаммаси мазкур бошқармада либосчи лавозимида фаолият олиб бораётган Матлуба Бозорованинг мурожаатидан сўнг бошланди.

Матлуба Бозорова Вобкент туман педагогика ўқув юртида «Кенг ассортиментли кийимлар тикувчиси» йўналишида таҳсил олган, маҳалла-кўйда «қўли гул чевар» номи билан танилган. У Вобкент туманидаги «Шишмаҳа» ҚФЙ ҳудудидаги ёш қизларга тикувчилик сирларини ўргатиб келади. 

Бир муддат аввал Исом Баҳромов Матлуба Бозорованинг 0,5 ставкада ишлайдиган шеригини, ундан сўнг ўзини ҳам турли баҳоналар билан ишдан бўшатади. Уларга шу вақтгача 225 минг сўм ойлик тайинланган эди. Шундан сўнг 180 минг сўм ойлик иш ҳақи билан унинг ўзини ҳужжатларда ҳовли супурувчи лавозимига расмийлаштиради. Бироқ бу ойликни олиш учун яна бир шарт қўйилади. 

Исом Баҳромов Матлуба Бозоровадан 180 минг сўм эвазига эрталаб 9:00 дан кечки 18:00 га қадар ишлашни талаб қилади. Акс ҳолда ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ёзишни буюради.

Шунингдек, Матлуба Бозоровага тўлиқ ставкада ишга кириши учун маданият йўналишида бирор коллежда ўқиши кераклигини айтади. Шу жойи жуда шубҳали. Матлуба Бозорова «Кенг ассортиментли кийимлар тикувчиси» йўналишида таҳсил олган ва, назаримда, қишлоқ қизларига тикиш-бичишни ўргатиши учун шу диплом асосли ҳужжат эмасми? Ёки Исом Баҳромовнинг ўзи ҳам ўрта-махсус ўқув юртида «ҳисобчилик» бўйича ўқиб, айни пайтда катта бир туманнинг маданият соҳасига масъул раҳбари бўлиб фаолият юритаётганини унутиб қўйдими?

Халқ дардини кимга айтсин? Уни ким ҳимоя қила олади? Халқ ҳадеб порталга ёзишга юзхотирчилик қилади, «Президентни шу муаммо билан безовта қиламанми?» деб дардини ичига ютади, журналистга дардини ёради.

«Маданият» сўзининг луғавий маъноси «шаҳарлик», «шаҳарга оид» бўлса, унинг маъновий изоҳи «одоб-ахлоқ»ни англатади. Аммо маданият аталмиш соҳа раҳбарлари халқни қийнаб, одобсизликка йўл қўяр экан, бошқалардан нима кутиш керак? Ўзбекнинг қизларига ҳунар ўргатаётган муаллимага бу тарзда тазйиқ ўтказиш ахлоқданми? Аслида-ку, «чевар»нинг «фаррош»га айлантирилгани, 180 минг сўм ойлик тайинланишининг ўзи инсон қадрига, ҳунар шаънига ҳақорат эмасми?

Бугун Ўзбекистон оёққа туриш палласида. Бундай вақтда одамларга ён босадиган, халққа ичи ачийдиган раҳбарларга эҳтиёж сезамиз. Мамлакат раҳбари жон куйдиргани билан қуйидаги айрим мансабдорларнинг қулоғи очилмас экан, меҳнаткаш халқимизни ҳеч ким кафтига олмайди. Тўғри, пул қўлнинг кири, бироқ нўноқ раҳбарлар — миллатнинг шўри!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг