Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ёрдами Афғонистонга етказилди (фото)

Ўзбекистон ёрдами Афғонистонга етказилди (фото)

Бугун, 25 июнь куни Кобулда Афғонистон халқига инсонпарварлик юкларини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Яқинда Афғонистоннинг Хост ва Пактика провинцияларида рўй берган вайронкор зилзила оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистондан ун, ўсимлик ёғи, консерва маҳсулотлари, оёқ кийимлар ва дори-дармонлар, жами 74 тоннадан иборат инсонпарварлик ёрдами иккита юк самолётида Афғонистонга етказилди.

Маросимда сўзга чиққан Афғонистон Муваққат ҳукумати ахборот ва маданият вазири в.б. Хайрулла Хайрхва Афғонистон ҳукумати номидан Президент Шавкат Мирзиёевга, барча дўст Ўзбекистон халқига ушбу оғир ва синовли вазиятда афғон элига кўрсатган бебаҳо ёрдами учун чуқур миннатдорлик билдирди.

«Ўзбек замини хазиналари саналмиш қадимий Самарқанд ва Бухоро ислом маданияти марказлари бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, уларни, жумладан, бутун афғон халқи эъзозлайди.

Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг бундай чинакам самимий кўмаги қардошлик ришталаримизни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги яқинлашувга хизмат қилади», — деди Афғонистон маданият ва ахборот вазири.

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистонга кўрсатилаётган бу ёрдамнинг биродарлик хусусиятига эга эканини таъкидлар экан, унинг инсонпарварлик мазмунига тўхталди.

Гуманитар юкларнинг Афғонистон халқига етказилиши «афғон халқи учун энг оғир дамларда ҳам афғон заминида доимо тинчлик ва фаровонлик ҳақида ўйлайдиган» Ўзбекистон Президентининг шахсий ташаббуси эканлиги таъкидланди.

Аввалроқ озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур предметлар ва медикаментлардан иборат жами 74 тонна юк ортилган самолёт Афғонистонга жўнаб кетгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг бир неча вилоятида 22 июнь куни содир бўлган кучли зилзила оқибатида минглаб одамлар қурбон бўлган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги мазкур фожиа юзасидан баёнот бериб, афғон халқига ёрдам беришга тайёрлигини билдирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг