Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент мактабларда тил ўргатиш сифатини кескин танқид қилди

Президент мактабларда тил ўргатиш сифатини кескин танқид қилди

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифати пастлигини кескин танқид қилди. 17 январь куни мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

– Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик, – дея ҳақли савол қўйди Президент.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бошқа мактабларда ҳам таълим сифатини ошириш, фанлар ва хорижий тилларни чуқур ўргатиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

– Таълим тизимини “оёққа қўймас” эканмиз, ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳам қилолмайди. Бунга бутун халқимиз, жамиятимиз маҳкам киришиши керак. Нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижроси бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси қўйилди.

– Бир нарсани чуқур тушуниб олишимиз керак: иқтисодиётимизга жуда катта марра олганмиз. Бу йил экспортимизни 14 миллиард долларга чиқармоқчимиз. 2025 йилга қадар мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга, экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Буни ким қилади? Билимли кадрлар! – дея таъкидлади Президент.

Ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиши белгиланди.

– Бу Агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган бўлди. Бунда ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда ишчи гуруҳ тузиб, ҳудудлардаги шароитларни ўрганиш, танланган мактабларни янги стандартлар асосида ўқув йилига тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ихтисослаштирилган мактабларга қабул тартиби, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди.

Агентликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази негизида илмий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. У ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро методика асосида илғор таълим дастурлари ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Бу ишларни самарали ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда Президент таълим муассасалари агентлигининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг