Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўшмачи билан кўнгилхушлик қилиб, камига пул талаб қилган ИИБ ходимига ҳукм ўқилди

Қўшмачи билан кўнгилхушлик қилиб, камига пул талаб қилган ИИБ ходимига ҳукм ўқилди

Фото:«Xabar.uz»

Фарғонада қўшмачи билан кўнгилхушлик қила-қила, камига ундан пул ҳам талаб қилган ички ишлар органи ходимига ҳукм ўқилди.

Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси Ф. Абдураимов ёзмоқда. Унга кўра, 2020 йил 19 апрель куни Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан «Орият» тадбири ўтказилади. Мазкур тадбирда шаҳарнинг «Янги Аср» кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи, муқаддам одам савдоси жинояти учун судланган ва жазо муддатини ўтаётган (шартли жазо берилган бўлса керак - таҳр.) Шоира Файзиматова (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз уйида  қўшмачилик қилаётгани аниқланади. Натижада унга нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.

Айни тадбирда Фарғона шаҳар ИИО ФМБ бошқармаси катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов ҳам иштирок этади (бундан Д. Абдуллажонов жиноят-қидирув бўлимида ишлаши англашилади - таҳр.). Ўша куннинг ўзида воқеликдан хабар топган Шоиранинг қадрдонларидан бири Гулёра Жалилова ИИБ тезкор вакили Д. Абдуллажоновга қўнғироқ қилиб, дугонасига ёрдам беришини илтимос қилади.

Қўшмачига «ёрдам бериш учун астойдил ер шимарган тезкор вакил ишни «ҳуқуқий тушунтириш» беришдан бошлайди: «Аввал одам савдоси жинояти билан судланган экансиз. Қўшмачилик ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Шунинг учун тергов жараёнида сизни қамаб қўймаслигини терговчи билан гаплашиб беришим мумкин. Фақат бунинг эвазига унга икки минг доллар бериш керак

Аёл рози бўлади. Кейинги учрашувда «ҳожатбарор» аёлга жинсий алоқа қилишни таклиф этади. Шоирада танлов йўқ эди...

Шундан сўнг тезкор ходимнинг вақти-вақти билан Шоиранинг уйида «меҳмон» бўлиши одатга айланади.  Ҳар гал «носқовоқ бўшаб», калла жойига келгач, аёлдан пул қисташга ўтади. Гап орасида қилаётган айшу ишрат аёлнинг фойдасига ишлаши мумкинлигини ҳам қистириб қўяди, денг: «...ҳомиладор бўлиб олсангиз, судда сизга анча енгиллик  бўлади, омалей...» 

«Кўрсатаётган хизмати» талаб қилинаётган пул ўрнига ўтмаслигига амин бўлгач, Ш. Файзиматова икки нафси ҳам оч бўлган  тезкор ходимнинг адабини бериб қўйиш пайига тушади. Ва ДХХ  Фарғона вилоят бош­қармасига мурожаат қилади.

2020 йил 3 май куни Д.Абдуллажонов аёлдан  ўзи талаб қилган пулни олаётган пайтга қўлга тушади...

Қисқаси,  Фарғона шаҳар ИИО ФМБ тезкор вакили Дилмурод Абдуллажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а»-банди, 28,211-моддаси (пора беришга суиъқасд қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. 

Мазкур ишни кўриб чиққан суд раиси судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосига тайинланганини айтса-да, бироқ муддатини очиқламаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг