Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Раҳбарнинг масъулиятсизлиги ишчининг ўлимига сабаб бўлди

Раҳбарнинг масъулиятсизлиги ишчининг ўлимига сабаб бўлди

Касбий мажбуриятларга бўлган бепарволик баъзида аянчли оқибатларга сабаб бўлади. Бу каби ҳолатлардан бири тўғрисида Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ катта терговчиси майор Ж. Сафаров сўзлаб берди.

«48 ёшли О.С. МЧЖ раҳбари сифатида шаҳар туманларининг кўп қаватли уйларида таъмирлаш ишлари ўтказиш вазифасини ўз зиммасига олган эди. Шартномада мазкур ташкилот уйларнинг ташқи қисмини бўяш ва том қисмини тўлиқ таъмирлаш ишларини ўтказиш учун масъул эканлиги белгиланди. Албатта, бу каби ишларга одатда профессионаллар жалб қилинади. Аммо уларнинг хизматлари О.С.га қиммат туюлди.

Пулни тежаш мақсадида у камроқ пул эвазига мазкур ишларни бажаришга рози бўлган одамларни ёллади. Ишчилар билан барча шартлар муҳокама қилингач, кейинги кунданоқ ишга киришишга келишилди. Усталар уйларнинг ташқи томонини бўяшга киришдилар. Аммо сентябрь ойининг кунларидан бирида тушликдан сўнг кутилмаган ҳолат рўй берди. Ишчилардан бири – 43 ёшли И.А. мувозанатни йўқотиб, 10 метрлик баландликдан йиқилди. Атрофдагилар шу заҳоти тез ёрдамни чақирдилар ва етиб келган тиббиёт ходимлари И.А.ни бехуш ҳолатида касалхонага олиб кетишди. Аммо унга кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, орадан 9 кун ўтгач И.А. ҳаётдан кўз юмди.

Раҳбар қонун бўйича ишчисининг ўлими учун жавобгарликка тортилиши керакми? Ҳа, агар қоидабузарликлар кузатилган бўлса. Раҳбар биринчи навбатда ишчиларига хавфсизлик техникаси бўйича йўриқнома бериши ва уларга риоя қилинишини кузатиши керак. Аммо бу ишлар амалга оширилмаган эди. Унинг масъулиятсизлиги бир кишининг ўлимига олиб келди», дейди катта терговчи.

48 ёшли О.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш») бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг