Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатларга муносабат билдирди

Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатларга муносабат билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Лекин халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқ.

Айниқса, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклиги қайд этилди. Ҳозирда жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, яна 16 таси интизомий жавобгарликка тортилди.

Олий Мажлис палаталари етакчилари бошчилигида парламент аъзолари жойларда халқ билан очиқ мулоқот ўтказган пайтда жамоатчилик ушбу йўналишлардаги мавжуд адолатсизликларни очиқ-ойдин баён қилган.

Ушбу тажриба асосида, бундан буён депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда Одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб борадилар.

Аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва масъулиятига баҳо бериб борилади.

Олий Мажлисдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишига бош-қош бўлиб, ҳар ярим йилда натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб боради.

Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига «Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият» махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг