Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Танани аяб ўтирмайдиган касаллик. У ҳатто ногиронлик даражасига олиб келади (видео)

Бугун яқинларимиз ёки кўп танишларимиздан «Кечаси билан тиззам оғриб чиқади», «Оёғим босишга бермайди» деган шикоятларни эшитиб қоламиз. Ҳа, бўғим хасталиклари одамни аста-секинлик билан енгади. Агар ўз вақтида чора кўрилмаса, тўшакка михлаб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.

Англаганингиздек, навбатдаги мавзуимиз бўғим хасталиклари ҳақида. «Xabar.uz» сайти галдаги суҳбатни Тошкент тиббиёт академиясининг ревматологи Мирҳамидов Мирзиёд Восилжонович билан ўтказишни режалаштирди.

Ҳозирги кунда бўғим ёки оёқ-қўлдаги оғриқдан шикоят қилмаган одамни топиш қийин. Айниқса, халқимиз «Ревматизм» номини кўп ишлатади. Яъни бўғими оғриётган ҳар иккита бемордан бири ўзига «ревматизм» ташхисини қўйиб олади. Бунга аниқлик киритиш учун, аввало, бўғим ҳақида қисқача маълумот беришни ўринли деб биламан.

Ўзи бўғим бир нечта элементлардан ташкил топган. Булар қуйидагилар:

  • Бўғим бўшлиғи;
  • Суякларнинг эпифиз қисми;
  • Бўғимларнинг тоғай қисми;
  • Бўғим капсуласи;
  • Бўғим пардаси;
  • Бўғим суюқлиги.

Аҳамият берсангиз, бўғим ўта мураккаб тушунча. Боиси у бир қанча элементлардан иборат.

Демак, бўғимда оғриқ пайдо бўлишининг бир нечта сабаблари бор. Шулардан бири – травма. Яъни жароҳат, бунинг учун бемор шу бўғимини уриб ёки қайириб олган ёхуд ноқулай ҳаракат қилган бўлади. Мазкур вазиятда юқорида санаб ўтилган бўғим элементларидан бирида ўзгариш кузатилади: силжиш, чўзилиш, синиш, узилиш ва ҳоказолар. Ушбу ҳолатда бемор травматологга мурожаат этиши керак. Борди-ю, безовталик жароҳатга боғлиқ бўлмаса, яъни бўғимда ўз-ўзидан муаммо келиб чиқса, бу касаллик ҳисобланади.

Бўғими безовта қилаётган беморда асосан қуйидаги шикоятлар юзага келади:

- бўғимлардаги қисирлаш ёки қарсиллаш.

- бўғимлардаги оғриқ.

- бўғимлардаги шиш кабилар.

Бўғимдаги қарсиллаш ёки қисирлашнинг ўзини 2 ва 3 хилга бўлиш мумкин. Биринчиси: бу ҳаммамизга маълум ҳолат, яъни қўлларни мажбуран қисирлатиш. Бунда бўғимлар ҳаракати вақтида бўғим пардаси томонидан суюқлик ажралиб чиқиб, унинг ичида газ пуфакчалари ҳосил бўлади. Айнан мана шу пуфакчаларнинг ёрилиши натижасида қарсиллаш овози келиб чиқади. Қарсиллаш маълум бир вақтдагина кузатилади, пуфакча ёрилгач эса тўхтайди. Яна қарсиллаши учун қанчадир вақт ўтиши керак.

Бўғимлардаги қарсиллашнинг кейинги тури ҳаракат вақтида учрайди. Бу ҳолат бўғимлардаги тоғай билан боғлиқ. У жиддий саналиб, мутахассис кўригини талаб этади.

Навбатдаги безовталик бу – оғриқ. Оғриқлар бир нечта бўғим хасталикларида учрайди. Шулардан бири старт характеридаги оғриқ, яъни бемор узоқ вақт ҳаракатсиз ҳолатда бўлиб, сўнг туриб юра бошлаганида оғриқ кузатилиши. Яъни бунда бўғим ҳаракатга қаршилик қилади. 3-4 қадам юргач эса аҳвол енгиллашади ва бемор бемалол юриб кетади. Бу бўғим тоғайи билан боғлиқ ҳолатдир.

Кейинги безовталик бўғимлардаги оғриққа қўшимча бўладиган шиш. Бу тиббиёт тилида – АРТРИТ деб номланади. Артрит – бўғим шамоллаши. Артрит бир нечта бўғим касалликларида учрайди. Улардан энг кўп кузатиладигани ревматик иситма (халқ тилида ревматизм дейилади), ревматоид артрит (халқ тилида полиартрит дейилади) ва ҳоказолар.

Ревматик иситма – ёшликда ривожланадиган томоқ оғриқлари, яъни тонзиллит ва фарингит билан кўп оғриган беморларда учрайди. Бу дардга чалинган хасталар бўғимида шиш ва оғриқ кузатилади. Артритнинг ўзига хослиги – учувчан характерга эгалиги, яъни бугун тизза бўғимида шиш ва оғриқ турса, эртасига бирдан йўқолиб, безовталик тирсак, елка ёки болдир-товон бўғимларига кўчиб қолади.

Ревматоид артрит эса бўғимлар шамоллаши билан кечади. Унинг ўзига хослиги шундаки, артрит бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ бўғимларда учрайди ва кундан-кунга янги бўғимлар қўшилиб бораверади. Асосий оғриқ вақти – эрталаб, куннинг иккинчи ярмига бориб безовталик секин-аста камаяди. Яъни бунда бемор эрталаб уйғонганида ўрнидан ўзи мустақил туролмайди, турса ҳам қийинчилик туяди, сочини таролмайди, кийимини ечиб-кийишга қийналади, қўл бармоқларини буколмайди, чойнак-пиёла ушлолмайди. Буларнинг бари эрталабки карахтлик дейилади. Куннинг ўртасига келганда, яъни қуёш тикка кўтарилган вақтдан бошлаб бемор аҳволи секин яхшилана боради.

Бугун аҳоли орасида энг кўп учраётган бўғим касалликлари бу – остеоартроз, ревматик иситма ва ревматоид артритлардир.

Остеоартрозда асосий муаммо тоғайда бўлади. Касаллик белгиси: бемор узоқ ўтиргач ўрнидан туриб юрмоқчи бўлганида тизза ёки тос-сон, яъни юклама тушадиган бўғимларида оғриқ сезади, 3-4 ёки 10 қадамча ташлагач аҳволи енгиллашиб, юриб кетади. Кун охирида яна шу бўғимларида оғриқ сезади, яъни қанча кўп юклама берса, безовталик шунча кучаяди. Бу касаллик кўпроқ ўрта ёшли, ёши катта ва тана вазни юқори инсонларда учрайди.

Ревматик иситма эса асосан ёшлик пайтида – 7 – 15 – 25 ёшларда бошланади, тонзиллит ва фарингит билан кўп оғриган беморларда аниқланади.

Энди касалликнинг олдини олиш ҳақида гаплашсак.

Остеоартроз – бу ҳаёт давомида орттириладиган хасталик. Унинг ривожланишига сабаб бўладиган омиллар қуйидагилар: ёш, касб, тана вазни ва керакли минераллар етишмаслиги. Яъни бу дарднинг олдини олиш учун тана вазни юқорилар, узоқ вақт оёқда тик турувчи касб эгалари, масалан – ўқитувчилар, сартарошлар, хирурглар, стоматологлар ва бошқалар – тизза, тос-сон ва болдир-товон бўғимларига тушадиган юкламани камайтиришлари лозим. Улар тизза бўғимларига тушадиган юкламани камайтириш учун сон суяги устидаги тўрт бошли мушакни махсус машқлар ёрдамида доимий шуғуллантириб юришлари зарур. Шунингдек, танани керакли минерал ва озуқалар билан тўйинтириш ҳам муҳим: мева-сабзавотлар, кўкатлар, денгиз маҳсулотлари ва кальций сақловчи егуликлар.

Ревматик иситма касаллиги (яъни ревматизм)нинг олдини олиш учун эса тонзиллит ва фарингит хасталикларини ўз вақтида тўғри даволаш ҳамда улардан сақланиш даркор. Шунингдек, ижтимоий муҳитни ҳам яхшилаш лозим.

Ревматоид артрит профилактикасига келсак, ҳозирча бу касалликнинг келиб чиқиш сабаби бутун дунёга номаълум. Шу боис бирламчи профилактика ўтказилмайди, лекин касалликнинг келиб чиқишига туртки бўладиган омиллар мавжуд. Булар: танадаги инфекция ўчоқлари, милклардаги шамоллашлар, чекиш ва бошқалар. Шуларни бартараф этиш керак.

Суҳбатнинг тўлиқ шакли билан видео орқали танишишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг