Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда муҳим молиявий форум бўлиб ўтди

Тошкентда муҳим молиявий форум бўлиб ўтди

Бугун Тошкент шаҳрида II Халқаро молия-банк форуми бўлиб ўтди. Ушбу тадбир молиявий фаолиятнинг деярли барча соҳаларини қамраб олди ва унинг доирасида банк, инвестиция-кредит, суғурта ва қайта суғурталаш, лизинг, капитал бозори ва биржа фаолияти йўналишларида бир қатор муҳим ва аҳамиятли мулоқот ҳамда муҳокамалар ўтказилди. Тадбир давомида молия секторини ривожлантиришнинг ҳозирги тенденциялари ва истиқболларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Форум турли мамлакатлар экспертлари ва мутахассисларининг илғор тажрибаларни алмашишлари учун ўзига хос халқаро бизнес платформа ҳисобланади. Тадбир шунингдек, маълум тармоқлар ёки молия бозорининг турли секторлари вакиллари ўртасида Б2Б музокараларини ўтказиш имкониятини беради.

Форум расман «Янги иқтисодий воқеликлар контекстида МДҲ ҳудудида интеграция» ялпи мажлиси билан очилади, унда интеграция, трансформациялар ва молия соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади. Шундан сўнг, Форум иши бир неча тематик сессияларда давом этади.

Мамлакатимиз ва хорижий банклар, шунингдек, бошқа молия институтлари ўртасида шартнома ва меморандумлар имзоланиши Форумнинг муҳим қисмларидан бўлди. Умумий қиймати 567,2 миллион доллардан ортиқ бўлган 28 та ҳужжат имзоланди. Хусусан, «Ўзмиллийбанк» АЖ ва Россиянинг ВТБ банки ўртасида 50 миллион долларлик кредит линиясини жалб этиш бўйича келишувга қўл қўйилди. Ушбу шартнома бўйича Xabar.uz ахборот таҳлилий портали яқин вақт ичида атрофлича маълумот беришни режалаштирган.

Форум «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ, МДҲ Молия-банк кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кўмагида ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг