Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги Конституция қабул қилинади

Янги Конституция қабул қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев Конституция байрами муносабати билан йўллаган табригида 2022 йилда янги қомус қабул қилинишини айтди.

«Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур.

Олий Мажлис палаталари, ҳурматли депутат ва сенаторларимиз, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимларимиз, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлиларимиз, бутун халқимиз бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдирадилар, деб ишонаман.

Атоқли давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг «Яхши бўлиш учун – ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак», деган сўзларида, ўйлайманки, теран ҳаётий маъно мужассам.

Дарҳақиқат, бугунги шиддатли давр биздан замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Ана шундай талабга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонунимизнинг янги лойиҳасини тайёрлашимиз, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш, ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни 2022 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилиш, ўйлайманки, миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлади», дейиади табрикда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг