Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега кўпчилик давлат хизматчиси бўлгиси келмайди?

Нега кўпчилик давлат хизматчиси бўлгиси келмайди?

Фото: «Tengrinews.kz»

Қилаётган ишингни севишинг керак, ана шунда меҳнат –
ҳатто энг оғир меҳнат ҳам – ижодга айланади.
М.Горький

Ростдан ҳам, нега? Ҳамма эмас, кўпчилик нега давлат хизматчиси бўлгиси келмайди? Халқ тилида айтганда, «давлатнинг иши»да ишлагиси йўқ? Бирон мутахассисликни эгаллаш учун йиллаб олий ўқув юртида ўқийди, лекин айнан давлат хизматчиси бўлишни истамайди. Истагани ҳам тез орада бошқа ҳунарга қўл уради. Бугун савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида умуман бегона соҳа мутахассислари минглаб топилади (балки ўн минглаб). Бунга сабаб режимсиз иш, қоғозбозлик, доимий босим, рағбатнинг мавжуд эмаслиги ва ҳоказоларми?

Президентимиз ўтган бир йил давомидаги ҳар бир чиқишида бошқача ишлаш пайти келганини таъкидламоқда. «Бошқача ишлаш» деганда нимани тушуниш керак? Олдин қанақа иш тартиби бўлган?

Мисол учун, бир йигит Тошкент давлат педагогика университетини битирди ва ўз вилоятига ишга кетди. Пойтахтда ўқиган замонавий йигит кучга тўлиб-тошган, ўз туманига бориб нималарга қодирлигини кўрсатишни истайди. Яқинларининг умидини, ишончини оқлашни орзу қилади. Уни Тошкентда ўқитиш ота-онаси учун осон бўлмаганини яхши тушунади. Дейлик, у туман халқ таълими бўлимига ёки туман ҳокимлигига мутахассис бўлиб ишга кирди. Таълим жараёнида ўрганган билимини ҳаётга татбиқ этишни, шу пайтгача бўлган иш услубига янгилик киритишни, инновацион ўзгаришларни амалга оширишни режа қилади. Ўзидаям анчагина ғоя бор. Жамоа ҳам ёш мутахассисни илиқлик билан қарши олади.

Нима деб ўйлайсиз, бу эртак қачон ўз якунига етади? Биринчи ойданоқ! У пахтага боради, ғаллага боради, кредит олганларни қувади, ҳуда-беҳуда топшириқларни бажарадики, асло ўз ишига қўли тегмайди. Зиммасидаги вазифа шундайлигича қолади. Баъзида ҳафталаб иш жойида бўлмайди. Бўлган пайтдаям алмисоқдан қолган компютер (бу ерда асосан «тажрибали», «эски кадрлар» «пасянс»у «паук» ўйнаб ўтиришади, янги ўйинларниям билмайди ҳатто...), ишлаб-ишламай қоладиган интернет, оғзидан боди кириб шоди чиқадиган раҳбар, зиёфатдан боши чиқмайдиган ҳамкасблар...

Инсоф билан айтинг, инсон қачон сидқидилдан ишлашни тўхтатади? Унутманг, янги кадрлар кам маошга ҳам, туну кун ишлашга ҳам тайёр. Қадимдан уста бўлиш учун одамлар 7 йил шогирд тушган, машаққатларга чидаган. Янги кадр ҳам чидайди, ўзи энди 4 йиллик ўқишни битириб келган бўлса. Йўқ, бизнинг қаҳрамон бир ойдаёқ чарчайди. Чунки унда мотивация йўқолди. Ғояларини амалга оширишига кўзи етмайди. Бу соҳада ўз келажагини кўрмайди. Ўзи орзу қилмаган ҳаёт қачон тугашию, қачон ўзи истаган ишида маза қилиб ишлашини билмайди. Балки бир умр оддий мутахассис бўлиб, далама-дала юриб ўтиб кетар...

Агар ходимда мотивация бўлмаса, рағбат бўлмаса, у нега жонини жабборга бериб ишлаши керак?! Оиласига вақт ажратолмай, ота-онасининг хизматини қилолмай, пенсияга бир касалликни бўйнига олиб чиқиши керак? Олган маоши ўзи айтиб бўлмайдиган даражада бўлса...

Президентимиз айтган «бошқача ишлаш» тартиби бундан фарқ қилади. Бунинг учун авваламбор, эскича қарашдаги раҳбарларни тарбиялаш керак.

Доимий босим, тартибсиз иш вақтига, бир тўда мақсадсиз ходимлар жамоаси пайдо бўлишига ким сабабчи бўлади? Шу ҳақида ҳеч ўйлаганмисиз?

Тўғри топдингиз, РАҲБАР!

Ишёқмас, танбал, айёр, лаганбардор, ура-урачи, коррупцияга ботган, оч қорним тинч қулоғим деб ўтирадиган раҳбарларнинг даври ўтди. Катта йиғилишларда эътиборга тушиб қолмай деб биқиниб ўтирадиган, ўзидан улуғ раҳбарнинг олдида қўзичоқдай беғубор бўлиб, ўз ходимларига бўрилигини кўрсатадиган раҳбарлар энди ҳеч кимга керак эмас.

Энди давлат идораларида ёш кадрларнинг ғоясига қулоқ тутадиган, уларнинг ишлаши учун имкон берадиган, ишхонада соғлом муҳитни шакллантира оладиган раҳбарлар керак! Ходимларга мотивация бера олмаса, улар ҳақида қайғурмаса, бундай раҳбарнинг боридан йўғи яхши.

Мавзу давом этади...

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг