Сенат Президент администрацияси бўйича қонунни маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги Конституциявий Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституцияда мамлакатимизда миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлатчилигимиз ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг самарали тизими яратилган. Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти асослари алоҳида бобларда батафсил баён этилган.
Конституциянинг XIX боби Ўзбекистон Республикаси Президентига оид бўлиб, унда Президент давлат бошлиғи мақомида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек, унинг мамлакат бошқаруви ва тараққиётини таъминлашдаги муҳим ваколатлари мустаҳкамланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини шакллантириши, Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Қонунда Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлиги ҳамда алоқалари ҳуқуқий тартибга солинмоқда. Қонунни тайёрлаш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар тажрибалари ўрганилган ҳамда таҳлил қилинган. Қонунни маъқуллаш жараёнлари Сенатнинг расмий интернет платформалари орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди ва сенаторлар томонидан кенг муҳокама қилинди.
Сенаторларнинг фикрича, Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter