Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда Туркманистон мустақиллиги куни нишонланди

Тошкентда Туркманистон мустақиллиги куни нишонланди

Фото:«Xabar.uz»

Туркманистоннинг Тошкентдаги элчихонасида тантанали қабул маросими бўлиб ўтди. Туркманистон давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан уюштирилган тадбирда юртимиздаги хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, дипломатлар, санъат ва маданият намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Қабул маросимида Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев иштирок этди.

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Язгул Маммедов йиғилишда сўз олиб, 2019 йил расмий Ашхобод учун халқаро аҳамиятга молик воқеаларга бой бўлаётганини қайд этди.

Жорий йил 12 август куни Туркманистон биринчи Каспий иқтисодий форумига мезбонлик этилди. 11 октябрь куни эса Ашхободда МДҲ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтди. Сиёсий машварат якунида бир қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, иқтисодий жабҳада стратегик ҳамкорлик тўғрисида декларация қабул қилинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлигига тўхталган элчи ўзаро робиталар дўстлик ва ўзаро ишончга асосланганини таъкидлади.

«Бугун Туркманистон ва Ўзбекистон алоқалари жадал суръатда ривожланаётганини мамнуният ила қайд этишни истар эдим. Бунда эса икки давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстлик, ишонч ва ўзаро хайрихоҳлик муҳим аҳамиятга эгадир. Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлик касб этгани давлатлараро алоқалар изчил ривожланаётганидан далолат беради. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир учрашуви ўзаро манфаатли, сермаҳсул ва фаол мулоқотнинг мантиқий давоми саналади», – деди элчи Язгул Маммедов.

Дипломат Туркманистоннинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келаётгани, расмий Ашхобод томонидан  ташкил этилаётган тадбирлардаги фаол иштирок этаётгани учун Ўзбекистон раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, хусусан, ташқи сиёсат маҳкамасига ташаккур изҳор этди.

Ашхобод саммити якунида МДҲ тузилмаларидаги раислик Ўзбекистонга топширилган эди. Туркманистон элчиси ушбу масъулиятли вазифада мамлакатимиз раҳбариятига муваффақият тилади.

Мустақиллик куни Туркманистоннинг бош байрами саналади. 1991 йил 26 октябрь кунги референдумда республика аҳолисининг 93 фоизи собиқ Иттифоқ таркибидан мустақил давлат сифатда ажралиб чиқишни ёқлаб овоз берган. 1991 йил 27 октябрда Туркманистон мустақиллиги декларацияси қабул қилинган. Шу тариқа мазкур сана миллий байрам сифатида нишонлаб келинди. Мамлакат парламентининг 2018 йилдаги қарори билан эса мустақиллик байрами 27 сентябрга кўчирилди.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг