Ўзбекистонлик ёш теннисчилар Elite халқаро теннис академиясида
Жорий йил ўзбекистонлик теннисчиларимиз учун омадли йил бўлди, дейиш мумкин. Нуфузли мусобақаларда қўлга киритилган муваффақиятлар ва эришилган ғалабалар шулар жумласидандир. Бинобарин, спорт дунё ҳамжамиятида мамлакатимиз обрўйини янада юксакка кўтарилиши кафолати демак.
Ўзбекистон теннис федерацияси ва «Ўзмиллийбанк» АЖ кўмагида республикамизнинг истиқболли ёш теннисчилари учун Сербияда ўқув-машғулотлари ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, мазкур машғулотлар «Elite» халқаро теннис академиясида ўтказилмоқда. Бу эса, ўз навбатида теннисчиларимизнинг тажрибали мутахассислар раҳнамолигида кўникма ҳамда маҳоратларини оширишга самарали хизмат қилади.
«Elite» халқаро теннис академиясида амалиёт ўташ мамлакатимиз терма жамоасининг бўлажак аъзолари – ёш авлод теннисчиларининг кейинги Осиё ва Олимпия ўйинлари ҳамда бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок етиш учун ўйин маҳорати даражасини оширишга ёрдам беради.
ЎТФ ҳузуридаги Теннис кенгаши томонидан ўтказилган саралаш натижаларига кўра, айни пайтда Федерация Бош котиби Ирода Тўлаганова бошчилигидаги 6 нафар ўғил ва 4 нафар қиз боладан иборат жамоа Сербияга жўнаб кетди.
«Elite» теннис академиясида ўқув-машқ жараёни икки босқичда ўтказилиши режалаштирилган:
- 2024 йил ноябрь-декабрь ойларида;
- 2025 йил январь-февраль ойларида.
«Ўзмиллийбанк» АЖ ушбу муҳим лойиҳани қўллаб-қувватлайди ҳамда теннисчиларимизга ишонч билдиради. Умид қиламизки, академиядаги ўқув машғулотларидан олинган тажриба спортчиларимизни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади ва уларнинг юқори натижаларни қўлга киритишининг кафолатига айланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter