Вадим Абрамов йирик ҳисобдаги ғалабадан хурсанд бўлмади. Нима учун?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ЖЧ саралаши иккинчи босқичи, учинчи турида Яманга қарши кечган ўйиндан сўнг (5:0) матбуот анжуманида иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Матбуот анжумани аввало мураббийнинг ўйин ҳақидаги фикри билан бошланди.
— Барчани ғалаба билан табриклайман. Футболчиларда бироз ҳаяжон сезилди, чунки ўйин аҳамияти юқори эди. Аммо улар бу босимни енгиб ўта олишди ва ғалаба қозонишди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.
— Жамоангиз йирик ҳисобда ғалаба қозонди, аммо нима учун сизнинг кайфиятингиз яхши эмас?
— Мен у ёшдан ўтганман. Ғалаба қозондик, бу яхши. Аммо хурсандчиликни баралла нишонлаш шарт эмас.
— Кеча «Яманни доскада ютиб бўлдик, энди майдонда ютиш қолди», деган эдингиз. Ўйин доскада бўлганидек чиқдими ёки ўхшамаган жойлари бормиди?
— Бу энди сизга яхшироқ кўринган бўлиши керак. Чунки тепада ўтирдингиз, мен эса пастда.
— Аммо биз тактик чизмалар чизилган доскани кўрмаганмиз!
— Тўғри, бироқ худди шундай мен ҳам бугунги ўйинни тўлиқ таҳлил қилишим учун видеони кўриб чиқишим керак. Албатта менга ёқмаган жойлар бўлди ва ўхшамаган жойларни тўғрилаш учун ҳаракат қиламиз.
— Йирик ҳисобдаги ғалаба алдамчи таассуротга сабаб бўлмайдими? Кучлироқ рақибга қарши кечадиган ўйинда бундай таассурот панд бериб қўйиши мумкин.
— Ҳисоб ўйинга мос бўлди. Бироқ ҳаммаси рисоладагидек бўлди, деб айтмаган бўлардим. Менга ёқмаган жойлари бор, аммо бу ҳақда гапиришни истамайман. Биз хатоларни тўғрилашга ҳаракат қиламиз.
— Санжар Қодирқулов МТЖнинг дастлабки йиғинида йўқ эди, қандай қилиб таркибда пайдо бўлди?
— У «Бунёдкор»да қўл остимда ўйнайди ва унинг имкониятларини яхши билардим. Аммо шунда ҳам дарҳол миллий жамоага чақирмадим, аввал олимпиячилар сафидаги ўйинини кўриб, ишонч ҳосил қилгандан сўнг таркибга жалб этдим. Агар у бугун омадли ўйнамаганда менга нисбатан жуда катта танқидлар ёғиларди. Масалан, Лутфулла Тўраев борасида кўплаб танқидлар бўлди. Ишонинг, агар у бугун майдонда бўлганда, ўйинни бузиб қўймаган бўларди. Аммо танқидлар ёмғиридан сўнг бироз кайфияти тушди, «Бухоро» билан кўнгилдагидек ўйнай олмади. Шу боис термада олиб қолиб, уни қийнамасликка қарор қилдим.
— Майдон марказида футболчиларнинг тизимли ўйинини кўрмадик. Қанотлардан тўпни узатиш сизнинг кўрсатмангиз эдими?
— Майдон марказидаги ўйинни йўлга қўйиб олишга бизда вақт бўлмади. Агар жамоа билан ҳеч бўлмаса 10 кун йиғин ўтказиб, иккита ўртоқлик ўйини ташкил этганимизда, ўйинни анча яхшилаб олган бўлардик.
— Виталий Денисов таркибга чақириладими?
— Унинг имкониятларини жуда яхши биламан. Аммо Денисов ҳозирча ўйин амалиётига эга эмас. Шу сабабли спорт формасида бўлган ўйинчиларни чақиришга қарор қилдим. Виталий Денисов ҳозир қандай ҳолатда эканини билмайман. У ўз клубида ўйнай бошлагани ҳамоно албатта ўйинларини кўриб чиқамиз. Ўзбекистон паспортига эга барча футболчилар учун терма жамоа эшиги очиқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter