Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

20 йилдан бери онлайнда ишлаётган Эстония COVID-19 пандемиясига қарши қандай курашмоқда?

20 йилдан бери онлайнда ишлаётган Эстония COVID-19 пандемиясига қарши қандай курашмоқда?

Фото: «Prima Bergamo»

Эстония сўнгги йигирма йил ичида рақамли давлат сифатида яхши ном қозонди. Бу ҳақда ёзганмиз. Ҳозирги ҳикоя эса илғор технологиялар эстонларга коронавирус пандемияси даврида қандай кўмаклашгани ҳақида.

Эстонияда давлат хизматлари асосан электрон шаклда кўрсатилади.
Фото: «Getty Images»

Эстония Европанинг аксарият ишлар онлайнда ҳал қилинадиган намунали рақамли давлатига айланганига анча бўлди. Мамлакат электрон рақамли имзони 2000 йилдаёқ тўлиқ жорий этган, 2005 йилда эса мамлакат фуқаролари интернет орқали маҳаллий сайловда овоз бериш имкониятига эга бўлишди.

Бир қарашда, юқори даражали рақамлаштириш Эстонияга COVID-19 пандемиясидан минимал йўқотишлар билан ўтишда ёрдам берадигандек эди. Бироқ амалда мамлакат коронавирусдан анчайин талафот кўрди. Ҳатто Эстония 2021 йилнинг баҳорида бир муддат ҳар юз минг кишига касалланганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринга ҳам кўтарилди. Ҳукумат ўшандан бери тинмай турли даражадаги — ниқоблар тақишни мажбурлашдан тортиб локдаунларгача — чекловларни қўллаб келяпти.

Шунга қарамасдан, айнан рақамли технологиялар Эстонияни қутқарди, акс ҳолда пандемиянинг дастлабки тўлқинлари зарбасидан ўнгланиш қийин кечарди. Пандемия даврида рақамли технологиялар мамлакат аҳолиси корига чиндан-да яраганини статистик маълумотлар тасдиқлайди.

Эстонияга келмасдан туриб хизматлардан фойдаланиш

Эстониянинг ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқларидан бири — «электрон давлат»нинг яратилиши бўлди. 2000-йиллардаёқ мамлакатда солиқ декларацияларини электрон шаклда топшириш ҳамда бошқа давлат хизматларини интернет орқали олиш йўлга қўйилганди. 2014 йилда бошқа мамлакатлар фуқароларига Эстония электрон хизматларини таклиф этувчи электрон резидентлик дастури ишга тушди. Ушбу шаклдаги резидентлик фуқаролиги бўлмаган шахсларга ўз мамлакатларида туриб ҳам Эстонияда тадбиркорлик билан шуғулланиш, банкда ҳисобрақами очиш, солиқ тўлаш каби имкониятларни тақдим этди.

Эстонияда аҳоли жон бошига стартаплар сони Европадаги ўртача кўрсаткичдан 4,6 баравар кўп.

«Startups Estonia» тадбирида тақдим этилган робот йўлак бўйлаб ҳаракатланмоқда.
Фото: «Starship Technologies»

«Visit Estonia» портали маълумотларига кўра, ҳозирда Эстония аҳолиси 600 дан зиёд электрон хизматлардан фойдаланяпти, тадбиркорлар учун тақдим этилган хизматлар сони эса — 2 400 та! Ноутбук экранидан узоқлашмасдан туриб, ўз компаниянгизга атиги 18 дақиқада асос солиш, шифокордан рецептларни масофада туриб олмоқчимисиз — бунинг учун Эстонияга боринг!

«20 йилдан бери онлайндамиз»

Антон Кекс — дастурчи, Таллин техника университетида нотиқ, электрон давлат учун айрим ечимларни ишлаб чиқишда бевосита қатнашган.

Агарда кўплаб нарсаларни рақамли форматга ўтказиш имконини берган ривожланган технологиялар бўлмаганида, Эстониянинг аксарият аҳолиси учун локдаун оғир кечарди, таъкидлайди у.

«Давлат ҳужжатларини олиб-жўнатишдан тортиб, хизматлардан фойдаланишгача — ҳамма ишни масофадан туриб бажара оламиз. Қарийб 20 йилдан бери шу тарзда ишлаб келяпмиз. Шунинг учун биз учун бу оддий нарсалар.

Бошқа мамлакатларда, ҳатто Германиядек йирик давлатда ҳам бирон нарсани расмийлаштириш учун тегишли жойга бориш, қоғозларни тўлдириш талаб этилади. Бизда эса ҳаммаси онлайн. Масалан, пандемия даврида кўплаб компаниялар давлатдан кўмак олиш учун нафақаларни шу тарзда расмийлаштири», — деди Антон Кекс.

Антоннинг фикрича, айнан аксарият ишларни онлайнда бажариш кўникмаси эстон жамиятига пандемия воқеликларига осон мослашишда қўл келди.

Соғлиқни сақлаш бўйича хизматларни ҳам масофадан олиш мумкин. Хусусан, Эстония суғурта Шифохона кассаси беморларга шифокорларнинг видеоқабулига навбатга туришни маслаҳат беради. Ўтган йилнинг март ойида татбиқ этилган ушбу хизмат анча самарали чиқди. 2021 йилнинг октябрига келиб шундай масофавий видеоқабуллардан 223 мингтаси амалга ошди — бу шифокорлар жами қабулларининг 9,3 фоизини ташкил этди. Энг катта кўрсаткич психиатрия йўналишида — жами қабулларнинг деярли 30 фоизи онлайнда ўтказилган. Албатта, бу бошланиши, барча тиббиёт муассасаларигача бундай имконият ҳали етиб бормаган.

Шифокор видеоалоқа воситасида беморга маслаҳат бермоқда.

Бутун Эстония худди ягона шифохона каби ишлай олади

Шифокор видеоалоқа воситасида беморга маслаҳат беряпти.
Фото: «Deutsche Apotheker Zeitung»

Рақамлаштириш тиббиёт ходимларининг ҳам юмушини енгиллаштиряпти. «Бу бизнинг бутун Эстония бўйлаб беморларни кузатиш, уларга маслаҳат бериш, касалликларни муҳокама қилишга мўлжалланган асосий ишчи платформамиз. Айниқса, эпидемия даврида унинг аҳамияти жуда катта, —  деди Нарва шифохонаси ковид бўлими шифокори Татьяна. — Соғлиқни сақлаш департаменти статистикани бевосита шифохонада туриб юритади, даволаниш босқичларида беморларни кузатиш ҳам рақамли технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Барча йўналишлар ва тадқиқотлар умумэстон маълумотлар базасида сақланади, шунинг учун ҳам бутун Эстония худди ягона шифохона каби ишлай олади».

Hoia иловаси ва собиқ Иттифоқ асорати

Пандемия даврида ахборот тизимларининг яна бир вазифаси — вирус тарқалишининг олдини олишда кўмаклашишдир. Бир ярим йил аввал 12 та эстон корхонаси қатор давлат муассасалари билан биргаликда илова ишлаб чиқди, у COVID-19га чалинган бемор билан алоқада бўлганларни аниқлашга қаратилган. Илова қўшни қурилмалар билан ўзаро алмашилган аноним кодлар воситасида ўз эгасига у касаллиги бор одам билан мулоқотда бўлган-бўлмаганини маълум қилади.

Бироқ илова кенг оммалашмади. «Назаримда, у сал кечикди, — деди Антон Кекс. Илова тўлиқ ишга тушган 2020 йилнинг сентябрида пандемиянинг биринчи тўлқини ўтиб бўлганди. Аввалига реклама етишмади, кейин эса одамлар уни ишлатишда маъно кўришмади».

Таллинда ниқоблар тақиш мажбурийлигига қарши намойишлар. 2020 йил 27 ноябрь.
Фото: «Baltnews»

Антон Кекс Эстонияда вакцинациялаш кўнгилдагидек кечмаётганига жўяли асос келтирди. «Нима бўлганда ҳам барибир собиқ Иттифоқдан чиққанмиз, кўряпмизки, одамларда давлатга ишонч ҳануз пастлигича қоляпти. Бу ҳолат биз интилаётган шимолий ва ғарбий Европа мамлакатларига нисбатан шарқий Европа мамлакатларида ҳам кузатиляпти. Шунинг учун ҳам илова кўпчиликнинг назарига тушмади. Айримлар шахсий маълумотлари ўғирланишидан шубҳаланса, яна бировлар доимий таъқиб қилинишидан чўчиди. Хуллас, кўпчилик Hoia қандай ишлашини билмасдан туриб ундан воз кечиб юборди, ҳолбуки, илованинг иши мутлақо махфийликка қурилган».

Масофавий таълим — самаралими?

Пандемия юзага келтирган яна бир улкан муаммо — масофадан ўқишга ўтиш бўлди. Уни амалга оширишда Эстония олдиндан мавжуд рақамли технологияларига суянди.

Сентябрь ойининг бошларида эстон матбуотида Таллин университети бир гуруҳ олимлари ўтказган тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унда масофадан ўқитишнинг мамлакат таълим тизимига таъсири ҳақида сўз боради. Маълум бўлишича, сўровда қатнашган мактаб ўқувчиларининг 41 фоизи самарадорлик борасидаги фарқни сезмаган, 31 фоизи эса «масофа» мактабга қатнаб ўқишдан ҳатто самаралироқ, деган фикрда.

Сўровда қатнашганларнинг фақат 40 фоизи масофадан ўқиш чоғида муайян қийинчиликларга дуч келганига иқрор бўлган. «Telia» компанияси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқот ҳам худди шунга яқин хулоса берди. Олинган маълумотларда айтилишича, Эстонияда ҳар 10 ўқувчининг фақат 1 нафари масофадан ўқишда ноқулайликни ҳис қилган. Бу шундан далолатки, Эстонияда мактаб тизимларига онлайн боғланиш тадқиқотда қатнашган бошқа мамлакатлар — Швеция, Норвегия, Дания, Финляндия, Латвия ва Литвадагидан яхшироқ йўлга қўйилган.

Катталар ўртасида ўтказилган (масофадан ишлаш) сўровнома натижалари ҳам шунга ўхшаш. Stat.ee статистика хизмати маълумотига кўра, 2020 йилнинг учинчи чорагига келиб Эстонияда меҳнат билан бандлар сони қарийб 653 минг нафар бўлган. Мамлакат статистика идораси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг баҳорига келиб тахминан 200 минг киши масофадан ишлаётган бўлган. Демакки, Эстонияда коронавирус пандемияси ҳали авж олмасидан туриб ишловчиларнинг деярли учдан бир қисми масофадан ишловчилар — касалликни юқтириш хавфи паст гуруҳга айланиб бўлишган.

«Бизда аҳолининг салмоқли қисми компьютерларда ўтириб ишлайди. Масофадан ишлашга ўтиш уларга деярли билинмади ҳам. Кейинчалик бу тарзда ишлаш бошқаларга ҳам ёқиб ҳам қолди, эҳтимол, пандемиядан кейин ҳам шундай давом этса керак. Одамлар кўпроқ хизмат кўрсатиш соҳасида ёки заводларда ишловчи мамлакатларда пандемиянинг зарбаси кучлироқ бўлди», — таъкидлади сўзининг якунида Антон Кекс.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг