Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

«Британча мағлубият, СССРни чўктирган «айсберг», АҚШ чақолмаган «ёнғоқ»»: буюк давлатларнинг афғондаги миссиялари ҳақида

«Британча мағлубият, СССРни чўктирган «айсберг», АҚШ чақолмаган «ёнғоқ»»: буюк давлатларнинг афғондаги миссиялари ҳақида

Фото:«Яндекс»

АҚШнинг Афғонистондаги миссияси муваффақиятсиз якунланди, июль ойи бошида 90 фоиз ҳарбийлар мамлакатдан олиб чиқиб кетилди. АҚШ-Толибон сулҳининг бир қисми сифатида қаралаётган армияни олиб чиқиш операцияси жаҳонда нотинч вазиятни юзага келтирмоқда.

Афғонистон тарихан кучлар нуқтасини мувозанатлаштирувчи муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланиб келади. Мақолада «буюк давлат»ларнинг мамлакатдаги миссиялари ҳақида сўз юритамиз.

Аҳмадшоҳ ва Дўст Муҳаммадхон – Афғон давлатининг ташкил топиши

1504 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Кобулни ишғол этади. Эҳтимол Бобур афғон ҳудудида муваффақиятли сиёсат олиб борган сўнгги ажнабий ҳукмдор эди. Афғон ерларининг назорати узоқ вақт Бобурийлар сулоласига тегишли бўлди.

Нодиршоҳ XVIII аср бошида кучайган афғон қабилаларини бўйсундирди. 1747 йилда шоҳнинг вафоти мустақил афғон давлатининг ташкил топишига сабаб бўлди.  Буни пуштунлардан Аҳмадшоҳ амалга оширди. Янги шоҳ пуштун қабилаларини бирлаштириб, 1760 йилгача Деҳлидан Араб денгизига қадар империяни барпо этган. Аҳмадшоҳнинг вафотидан кейин давлат парчаланиб кетди, аммо 1826 йилда Пуштун Муҳаммадзай қабиласининг етакчиси Дўст Муҳаммад тартибни тиклади. Афғонистон айнан шу даврдан бошлаб бутун дунёга «керак бўла бошлади». Шимолда янги куч сифатида етилиб келган Чор Россияси ва жанубни эгаллаётган Британия империяси ўртасида қолиб кетган Дўст Муҳаммад мустақилликни сақлаб қола олди. Афғонистон ХIХ асрнинг шу давридан бери босқинчиларга «чақилмас ёнғоқ» бўлиб келмоқда.

Самарасиз кетган 81 йил: Инглиз-афғон урушлари

Афғонистондаги нотинч ҳолатларнинг таг илдизларида Буюк Британиянинг улушлари йўқ эмас. Стратегик жиҳатдан муҳим минтақада жойлашган афғон ерлари рус ва инглиз манфаатларининг кесишиш нуқтасига тўғри келиб қолди. Инглизлар 81 йил давомида афғон ерларини сақлаб қолишга интилди. Бироқ…

Биринчи инглиз-афғон уруши

Дўст Муҳаммад кучли сиёсатчи бўлса-да, унинг Чор Россиясига қарши тура олиши сўроқ остида эди. Бундан ташқари, шоҳ билан олиб борилган дастлабки музокаралар муваффақиятсиз тугади. Инглизлар Дўст Муҳаммадни душман санай бошлади. Ҳибсдаги афғон ҳукмдори Шужо ул-Мулкни тахтга қайтариш баҳонасида Афғонистонга бостириб киришди.

1839 йилнинг апрелида Британия қўшини Қандаҳорга кирди. Шужо ул-Мулк шоҳ тожига сазовор бўлади. Аммо афғонлар чет эл истилосига ҳам, инглизлар томонидан тайинланган маҳаллий подшоҳга ҳам тоқат қилмадилар.  Шу тариқа қўзғолонлар бошланди. Бухорога қочиб кетган Дўст Муҳаммад қайтиб, инглизларга қарши жанглар олиб борди. Инглизлар роса ҳолдан тойдирилди. Оқибатда инглизлар ўз позицияларини тўла назорат қилолмади. Дўст Муҳаммаднинг ўғли билан музокаралар пайтида Буюк Британиянинг сиёсий агенти сэр Уилям Хэй Макнахтен ўлдирилади. Бу эса ҳар қандай келишув афғонлар учун аҳамиятсиз эканлигини кўрсатиб қўяди. 1842 йил 6 январда инглизлар йирик қўшинларини Кобулдан олиб чиқиб кетди. 1843 йилда Дўст Муҳаммад тахтни қайтариб олди.

Иккинчи инглиз-афғон уруши

Ҳиндистоннинг Афғонистон билан муносабатларини яхшилаш учун Буюк Британия Бош вазири Бенжамин Дизраэли 1875 йил ноябрда Лорд Булвер-Литтонни губернатор этиб тайинлади. Афғонистонда Россиянинг таъсирини камайтириш тўғрисида топшириқлар лорднинг бирламчи вазифаларидан эди.

1878 йили Шералихон инглиз миссиясини Кобулда қабул қилишдан бош тортди. Буюк Британияга бу Афғонистонга қарши босқинчилик уруши очишга баҳона бўлди. Ноябрда Афғонистонга қарши уруш ҳаракатлари бошланди. Вафот этган Шералихон ўрнига тахтга ўтирган Ёқубхон таслимчилик сиёсатини юритиб, 1879 йилда «Гандамак» битимини имзолади. Амир Ёқубхоннинг бу сиёсати мамлакатда кескин қаршиликка учради. Кобулда унга қарши қўзғолон кўтарилди. Тез орада собиқ амир Афзалхоннинг ўғли Абдураҳмоннинг қўшини Кобулни қамал қилди. Инглизлар танг аҳволда Кобулни Абдураҳмонга топширди. Қандаҳор Буюк Британия таъсир доирасида қолди.

Фото:«British battles».

Афғонистон тахтининг қонуний вориси амир Шералихоннинг ўғли Аюбхон Қандаҳорга ҳужум бошлади. 1880 йили инглиз ҳарбий бригадаларини янчиб ташлади. Шу тариқа иккинчи маротаба инглизлар афғон ҳудудида мағлубиятга учради.

Учинчи инглиз-афғон уруши

Биринчи жаҳон уруши охирида Афғонистон мустақил давлат ҳисобланса-да, амалда Буюк Британияга қарам давлат эди. «Ёш афғонлар ҳаракати» 1919 йилнинг февралида сарой фитнасини уюштириб, амир Ҳабибуллахонни ўлдиришди. Тахтни Омонуллахон эгаллади. 1919 йилнинг 28 февралида Омонуллахон Афғонистонни мустақил давлат, деб эълон қилди. Британия эса бунга чидай олмай 1919 йилнинг майида ҳужумга ўтди. Бу учинчи инглиз-афғон урушининг бошланиши эди. Инглизлар августга келиб афғонларни тан олишга мажбур бўлди. Болшевиклар афғонларнинг мустақиллигидан ўз позициясини мустаҳкамлашда фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Шунинг учун ҳам Афғонистоннинг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олди. Шу тариқа учинчи инглиз-афғон уруши якун топди. Буюк Британия Афғонистонни босиб ололмаслигини тушуниши учун 81 йил керак бўлди.

Буюк Британиянинг йирик империя эканлигини, Миср ва Ҳиндистон каби йирик мамлакатларни афғонлардан кўра кўпроқ идора этгани одамни ажаблантиради. Афғон халқи инглизларни шу янглиғ «қувиб юборди». Бироқ «камбағални туя устида ҳам ит қопади» деганларидек иккинчи «тинчликпарвар» ҳам топилди. Бу СССР эди.

СССРни емирган совет-афғон уруши

Совет Иттифоқининг Афғонистонга босқини 1979 йил декабр охирида бошланди. Режа бўйича Афғонистонни бўйсундириш, АҚШ билан кечаётган совуқ урушда ўзини кўрсатиб қўйиши, Афғонистон ҳудудида коммунизм ўрнатиши лозим эди. Совет Иттифоқи Афғонистон уруши пайтида антикоммунистик мусулмон партизанлари ҳамда бутун коммунизмга қарши давлатларга қарши ҳаракат олиб борган. 1989 йил феврал ойининг ўрталарига қадар кечган баҳслар СССР афғон заминини бош эгиб тарк этиши билан тугаган. Ҳозирги Афғонистон қутблашган дунё давлатларнинг ҳалокатли натижаси ўлароқ намоён бўлмоқда. Деярли 10 йиллик жанглар афғон халқини шу шароитда яшашга кўниктириб қўйди. СССР замонавий тарихдаги Афғонистоннинг имиджини ўз қўллари билан чизиб берди.

Коммунистлар келгач ҳукумат халқ томонидан кам қўллаб-қувватланадиган кучлар қўлига ўтди. Улар барча ички мухолифатни шафқатсиз тозалай бошлади. Афғонистон жоҳиллик ва разолат ботқоғига айланди. СССР армияси шу йиллар давомида ниҳоятда кўплаб инсонларнинг қонини тўкди. Аслида тез тугаши керак бўлган бу уруш айрим ҳарбийларнинг тирикчилигига айланиб қолди. Энди улар урушнинг тезроқ тугашини эмас, кўпроқ давом этишини исташар эди. Ўз навбатида, афғонлар ҳам бундай шароитда тирик қолишга, советлар билан курашишга ўрганиб қолишди. Борган сари СССР армияси кўпроқ зарар кўрар, тоғлик афғонлар совет армиясини ҳолдан тойдирарди.

Фото:Lenta.ru

СССРнинг хунрезликлари шу даражага чиқдики, 1982 йилга келиб 2,8 миллион афғонистонлик Покистондан бошпана сўраган ва яна 1,5 миллион киши Эронга қочган. Мужоҳидлар эса шу жойида яна бир 30 йиллик «хато»га йўл очиб бердилар. АҚШдан қуроллар олиб, Совет ҳаво кучларига қаршиликлар бошлади. Афғонистондаги қизил армиянинг мағлубияти том маънода АҚШнинг қасоси бўлди. «Вьетнам уруши»да Вашингтоннинг муваффақиятсизлигига СССР партизанлари сабабчи эди. Афғонда эса америка партизанлари советларни силласини қуритди. «Партизан урушлари» ҳеч қачон тугамайдиган урушлиги яна бир бор ўз исботини топганди.

1988 йилда Совет Иттифоқи АҚШ, Покистон ва Афғонистон билан шартнома имзолаб, ўз қўшинларини олиб чиқишга рози бўлди. Бу 1989 йил 15 февралда якунланди. Энг асосий жиҳат советларнинг Афғонистонда ҳеч нарсага эриша олмагани, ҳисобсиз сарфланган харажатлар таъсири ўлароқ давлатнинг парчаланиб кетишига замин ҳозирланиб боргани бўлди. СССРнинг Афғонистондаги ҳаракатлари мамлакатни совуқ урушдаги АҚШ билан рақобатидан-да кўпроқ чарчатди. Горбачёв СССР ҳокимияти тепасига келган пайтда мамлакатда генералларнинг обрўси ошиб кетган, Афғонистон эса уларнинг «таомхонаси» эди. Горбачёв қўшинни олиб чиқиб кетиш тўғрисида чиқарган қарори СССРнинг парчаланиб кетишидаги сабабларнинг энг асосийси бўлганини унутмаслик лозим. Шундоқ ҳам иқтисодиёти нотўғри пойдеворга қурилган, нураб бораётган СССР унинг ҳам 10 йилини самарасиз ўтказди. Шундай қудратли империяни ҳам афғонлар емириб юборишга куч топди.

«Чорак асрлик мағлубият»: АҚШнинг афғон заминидаги юришлари

20 йил давом этган урушдан сўнг Қўшма Штатлар Афғонистонни тарк этди. Хабарларга кўра, АҚШнинг қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлган Афғонистон армияси ва полицияси бир ой давомида бир қанча туманини йўқотган.

Афғон заминидаги бу галги юришлар аввалгиларидан фарқ қилади. 2001 йил 11 сентябр воқеалари ёдингизда бўлса керак, айнан шу воқеалар кенг кўламли антитеррор ҳаракатларга сабаб бўлди.

Америка Қўшма Штатлари нега ютқазди? Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, бу сафар курашнинг моҳияти ўзгарди. Америкаликлар маҳаллий аҳолининг кўз олдида ҳеч қачон халоскор сифатида кўрилмаган. АҚШ ҳарбийлари билан яхши муносабатда бўлган Афғонистон ҳукумати Толибончалик обрўга эга эмас. АҚШ ва НАТОдаги бошқа барча ҳарбийларини киритган давлатларга бутун афғон халқи қарши кайфият ҳосил қила бошлаши 20 йиллик ҳаракатлар 0 натижа билан якунланишига сабаб бўлди. АҚШ ўз вақтида чиқиб кетаётгандек кўринса ҳам, аслида бу умумий аҳволнинг ёмонлашуви, АҚШ сиёсатининг ўзгариши натижасидир.

Фото: Wikipedia.

20 йиллик ҳарбий ҳаракатлар олисдаги АҚШ учун қимматга тушди. Умумий воқеийликда АҚШ СССР каби шарманда бўлмасдан туриб чиқиб кетаётгани «сеҳрли диёр»нинг фойдасига ишлар, аммо йўқотилган 20 йилнинг бадалини ким тўлайди?

Қандаҳорлик толиблар диний олими америкалик журналист билан суҳбати давомида: «Толиблар жанг қилиш учун бошларини тикишга тайёр. Пул учун курашаётган армия ва полиция қандай қилиб уларни енга олади?», — деган эди.

Афғонларни жангга руҳлантиришда толиблар устунликка эга эдилар. Уларнинг Исломий таълимотларга асосланган, хорижий истилочиларга қарши курашга даъвати афғон ўзига хослигини акс эттирди. Афғонистонликлар учун жиҳод сифатида кўрилган бу жанглар миллий қаршиликнинг бир қисми бўлган. Афғонистонда америкаликларнинг мавжуд бўлишининг ўзини миллий ғурурни топташ, дея ҳисоблашди. Бу билан афғонлар ўз уйларини ҳимоя қилишди. Умуман олганда, диний фактор икки афғон ҳукумати ўртасидаги ихтилофнинг сақлаб турилишига сабаб бўлди.

Америкаликлар афғон заминини ташлаб кетар экан, бу бутунлай янги сиёсий ҳолатни юзага келтиради. Рус ОАВларида американи «шарманда»га тенглаштираётган журналистлар бир пайтлар ўзлари ҳам шу ҳолда эканликларини унутгандек назаримизда. Британ матбуоти ҳам АҚШни нўноқликда айбламай қўя қолсин. Афғон ерларига сўнгги икки асрда учта буюк давлатнинг тиши ўтмади. Улар Афғонистоннинг ўрнига бир-бирларини мағлуб этиб қўйдилар.

Энди афғон ҳудудида ким ҳаракат қилиши асосий масалага айланмоқда. Номзодлар ҳам дарров топилган: Россия, Хитой ва Туркия. Россия ва Туркиянинг Афғонистонда АҚШдан кўпроқ нимадир қилишига ишониб бўлмаса-да, Хитойнинг бу заминга катта кўнгилсизликларни олиб келиши тайин. Афғон ерларида чинликлар… Бу ҳақда бошқа мақоламизда гаплашсак, бу алоҳида мавзу.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг