Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода икки маротаба «бедарак йўқолган» вояга етмаган қиз қисмати учун муқаррар жавобгарлик таъминланади

Бухорода икки маротаба «бедарак йўқолган» вояга етмаган қиз қисмати учун муқаррар жавобгарлик таъминланади

Мактаб директори ўринбосари ўзи билан «гапи» чиққан қиз масаласида айбсиз эканини билдирмоқда.

Қизи қисматида ўзини айблаган ота

Тирикчилик ғамида болалар ташвишини ўйлаб, Россиянинг совуқ минтақаларига ишлаш учун жўнаб кетган ота салкам тўрт йилдан ортиқ вақт оиладан узоқда бўлди. Жорий йилнинг май ойида ўзи туғилиб ўсган маҳалланинг раиси томонидан бўлган «чақирув»ни фуқаро Б.Э. ток ургандек қабул қилди. Қора меҳнат зарбидан ёрилиб қонаган қўллари билан бошини чангаллади. Елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади. «Мана, менга Россия берган мева, мана, менга муҳожирликда кечган оғир кунларим жавоби...» — ўксинди ота. У хонадошларига кўз ёшини кўрсатмади, бошига тушган ташвишни сездирмаслик учун ўзини қўлга олди. Топган-тутганларини йиғиб, самолётга чипта олди. Ўзбекистонга, Бухорога қайтди. Келгач, ўз хонадонига эмас, маҳалла фуқаролари йиғини сари йўл олди. Уни Шофиркон туманидаги Султонобод МФЙ раиси Ҳамро Шарипов кутиб турарди.

«Фарзандларим бировдан кам бўлмасин, кемтик ўсмасин, деб хорижга ишга кетдим. 5 нафар болам аёлим тарбиясида қолди. Қизимнинг бу «йўл»га кириб кетишига қизим ёки аёлим эмас, мен сабабчиман, мен. Пул ишлайман, иморат қиламан, кам-кўстимни бутлайман, деб болалар тарбиясини унутибман. Гулдай, хушсуврат қизим ҳаётнинг енгил ва нобоп йўлига тушиб қолибди. Оталик талаби, оталик қаттиққўллигини кўрмай, эркаликда ўсган зийнатим чақиртошларда депсиниб, хазон бўлибди. Мен уни эмас, ўзимни, онасини айблайман. Қизимнинг келгуси ҳаёти учун оталик масъулиятини адо этолмадим, энди унинг кўзларига қандай қарайман! Мен айбдорман, мен!» — ота тинимсиз йиғлаган, кўз ёш тўккан.

Ҳамро Шарипов шулар ҳақида сўзлар экан, 16 ёшли Р.А. нинг мураккаб ҳаёт йўлига тушиб қолгани, айни балоғат ёшида йўлдан адашгани, бунда отаси ўзини айбдор санаётганини билдирди.

Ҳамро Шарипов, маҳалла раиси.

«Фуқаро Б.Э. биринчи турмушидан фарзанд кўрмагач, фуқаро Г.Ш. га уйланган. Улар узоқ йиллардан буён фаровон яшаб келишмоқда. 5 нафар фарзандли бўлишди. Тирикчилик ғами, болалар ташвиши сабаб ота Россияга ишга жўнаб кетганди. Болаларнинг онаси Г.Ш. ҳам меҳнаткаш аёл. Доимий кунлик ишларга жалб этилган. Фақатгина етишмовчилик туфайли болаларини боқиш ташвиши билан бўлиб, қизининг тарбияси билан шуғулланолмай қолган. Аммо, онаси узр сўраб кетган бўлса-да, унинг қизиққонлик билан айбни ҳали уйланмаган йигит – тумандаги 3-умумий ўрта таълим мактаби маънавият ишлари бўйича директори ўринбосарига ағдаргани жуда хунук ҳолат бўлди. Устига устак, йигитнинг ҳам ҳали ҳеч бир ҳолат очиқланмай туриб, мактаб директори талаби билан ишдан бўшатилганини оқлолмайман», — деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамро Шарипов.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда «Бухорода директорнинг маънавият бўйича ўринбосари мактаб ўқувчиси билан ётоқда топилди» сарлавҳаси остида тарқалган хабардан сўнг қизнинг онаси Г.Ш. аслида, директор ўринбосари бўлган йигит айбдор эмаслиги, важоҳат ва қизиққонликда ўзи билмаган ҳолда унга нисбатан ноҳақлик қилганини айтиб, йигитдан ҳам, мактаб директори ҳамда маҳалла раисидан ҳам узр сўраган.

Биринчи «йўқолиш»

Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Р.А.нинг биринчи «йўқолиб» қолиши 2024 йилнинг 11 февралида содир бўлган. Бироқ, воқеадан бир ойча илгари, қизнинг юриб-туриши, одоб-ахлоқидаги ўзгаришлар маҳалла аҳолиси ўртасида турли гап-сўзларни келтириб чиқараётгани боис ҳам, маҳалла масъуллари унинг хонадонига бориб, тушунтириш ишларини олиб боришган. Ва бу ҳақда далолатномалар ҳам тузишган.

Фуқаро Г.Ш. 11 феврал куни 3-умумий ўрта таълим мактаби директорига ўринбосари Аббос Манноновга шу мактабнинг 11-синфида таҳсил олиб келаётган қизи Р.А.нинг бедарак йўқолгани ва уни топишда ёрдам беришини сўраган. Аббос Маннонов бу хабарни мактаб директорига ҳам етказган. Мактаб директори ҳолат бўйича зудлик билан Шофиркон туман прокуратурасига маълум қилган. Қиз бир кун ичида, 12 феврал куни мактаб директори ўринбосари томонидан тонги соат 07:00 ларда топилган ва онасининг қўлига топширилган. Бунда қиз мактаб директори ўринбосари, маҳалла хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси иштирокида изланган ва қиз дугонасининг уйида экани аниқланган. Қиз ўшанда фуқаро У.А. билан бирга бўлганини онасига айтган. Бу ҳақда ички ишлар органларига маълум қилинган. Воқеанинг иккинчи куни мактаб директори ўринбосари етакчилигида Р.А. ҳамда У.А.лар суд тиббий экспертизадан ўтказиш учун олиб кетилган. 13 февралда эса қизнинг онаси Г.Ш. фуқаро У.А.га даъвоси йўқлигини билдириб, шикоят аризасини қайтариб олган.

Билдиришича, У.А. собиқ мактаб директори ўринбосари Аббос Манноновнинг яқин ўртоғи ва у айни пайтда армияда хизмат бурчини ўтамоқда.

Шундан сўнг қизнинг оиласи ва яшаш жойи жиддий ўрганила бошланган. Отаси хорижда бўлган ва онаси доимий меҳнат билан банд бўлиб, тирикчилик ташвишида бўлгани боис, фарзанд тарбиясига эътибор сусайиб кетган бўлган. Қайд этилишича, Р.А. билан бирламчи профилактик ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари самара бермаган. Шу сабабли унга ҳуқуқий-моддий-ижтимоий кўмак кўрсатилиб, жамиятга ижтимоий мослаштиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Қизнинг онаси Г.Ш. га келгусида содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишда доимо сергак бўлиши, назоратни кучайтириши тушунтирилган.

Отаси олисда, онаси доимий меҳнат билан банд бўлган айни балоғат ёшидаги қиз енгил ҳаёт йўлини танлаган бўлган. Унинг одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб, «йўқолиб» қолишлари онани анча чарчатган ва шундан сўнг у қизи Р.А.ни 14 феврал куни туман марказидаги «Идрок» хусусий мактабда таҳсилни давом эттириши тўғрисида директор номига ариза қолдирган. Ва қизини бошқа мактабга олиб кетган.

Иккинчи «йўқолиш»

Билдирилишича, онасининг танбеҳ ва назоратларини «тазйиқ» деб билиб, уйга келмаслик ва оиласидагилардан аразлаб юриш одатида бўлган қиз жорий йилнинг май ойида ҳам бир кеча «йўқолган». Бу гал «йўқолган»да ҳам Г.Ш. 3-умумий ўрта таълим мактаби маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарига қўнғироқ қилиб, ундан қизини топишда кўмаклашишини сўраган. Шунда директор ўринбосари телефон орқали Г.Ш.га у қизини бошқа мактабга кўчириб олиб кетгани, шунга қарамасдан, имкон даражада унга ёрдам беришини билдирган.

Қиз феврал ойидан буён назоратда экани боис, унинг яқин дугона ва синфдошларидан сўраб-суриштирган. Анча изланувлардан сўнг бу гал ҳам қиз мактаб директори ўринбосари кўмагида топилган ва у онасининг қўлига олиб бориб берилган.

Аббос Маннонов, мактаб директори ўринбосари.

«Ўшанда фуқаро Г.Ш.ни қизининг тарбиясига эътиборли бўлишга ва уни назардан қочирмасликка чақирдим. Маҳалла ва мактаб фаолларини ҳам воқеадан воқиф қилдим. Суҳбат ўтказилиб, кўпчилик томонидан онасига фарзандларининг кийиниш маданияти, хулқ-атворига эътиборли бўлиши уқтирилди. Афсуски, орадан бир неча кун ўтар-ўтмай, мактаб директори мени ўз хонасига тез етиб боришимни сўради», — деди собиқ ўринбосар.

Аббос Манноновнинг айтишича, мактаб директори ўз ўринбосарини хизмат хонасига чақирган ва унинг устидан шикоят борлигини, Р.А.нинг йўқолишида унинг қўли бор эканлиги ва қиз билан ишқий муносабатда бўлиб юрган шахс аслида у эканини ва ишдан бўшаши кераклигини айтган.

«Бу мен учун томдан тараша тушгандек хабар бўлди. Мен фақат онасига қизининг топилишида кўмаклашганман ва етмаганига, унинг устидан назоратини кучайтиришини талаб қилиб, маҳалла раиси ва бошқа масъуллар билан назорат қилишини тушунтириб, керакли тавсияларни бериб юрган бўлсам... оғриқли ҳолат-да!» —дейди  Аббос Маннонов.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган мактаб директори имзосидаги «Билдиришнома» хати қиз «йўқолган» кун, яъни 2024 йилнинг 11 феврал санасида эмас, 20 июнь куни қизнинг онаси Г.Ш. мурожаати асосида чиқарилган. Аслида, фуқаро Г.Ш. қизининг иккинчи маротаба – май ойида йўқолган пайтида мактаб директори ўринбосаридан шубҳаланганини билдирган бўлган. Она қизи билан юзма-юз жиддий суҳбатда бўлгандан кейин Р.А.нинг май ойида ҳам бир кеча «йўқолиб» қолишида Аббос Манноновнинг умуман даҳли йўқлиги, важоҳат ва қизиққонликда директор ўринбосарига нисбатан ноҳақ айбловда бўлганини тан олиб, узр сўраб, даъвосини қайтариб олган бўлган.

Ишдан бўшаш учун ёзилган ариза

Журналистик суриштирувга кўра, шундан сўнг мактаб директори Бекзод Аҳроров ўз ўринбосаридан ишдан бўшаш бўйича ариза ёзишини, бу гап тарқалиб, ижтимоий тармоқларга чиқиб кетса, мактаб обрўйига путур етишини таъкидлаган. Ва сўралган жойга Г.Ш. мурожаатига асосан, Билдиришнома чиқарганини билдирган.

«Мен аввало, директорга у қиз билан ҳеч қачон ишқий муносабатда бўлмаган, бундан ташқари, ишдан бўшайдиган бўлсам, йўқ жойдан айбни бўйнимга олишим билан баробарлигини айтдим. Директор эса агар ишдан бўшамасам, қиз ва ўзи ҳақидаги ишқий муносабатларни педкенгашга кўтариб чиқишини билдирди. Бу жудаям хунук вазият эмасми? Орият устида директор номига меҳнат шартномамни бекор қилиш бўйича ариза ёздим. Аммо, ўшанда ҳам кўплаб ўқитувчилар мен ишдан бўшасам, худди айбни бўйнимга олган бўлишим мумкинлигини айтишди. Орадан бир неча кун ўтгач, ўйлаб кўрдим ва директор номига меҳнат шартномамни бекор қилиш тўғрисидаги аризамни қайтариб олишим ҳақида ёздим. Адлия вакили ҳам бундай вазиятда Меҳнат кодексига асосан, ўз вазифамга қайтишга ҳақли эканимни билдирди» — деди Аббос Маннонов.

Суриштирув давомида мактаб директори ҳамда директор ўринбосари билан юзма-юз суҳбат олиб борилганда, Бекзод Аҳроров ўринбосарининг ўз вазифасига лаёқатсиз экани, иш соатларида бир неча маротаба ўрнида бўлмагани, фаолиятида хато-камчиликлар талайлиги, бунинг учун бир неча маротаба огоҳлантирув ва хайфсанлар олганини билдирди.

Бекзод Аҳроров, мактаб директори

«Менинг ўринбосаримга қаршилигим ёки адоватим йўқ. Аммо, кўплаб ота-оналар ҳам Аббос Манноновнинг ўринбосар лавозимида ишлашига қаршилик билдиришган.  Унинг ўз вазифасини нечоғли уддалай олмаётгани ўрганилса, унинг ҳақли равишда ишдан бўшатилганини ўрганиш мушкулмас!» — дейди мактаб директори.

Агар директор ўринбосари ҳақиқатан ҳам директор келтирган важлар билан ишдан бўшатилган экан, қиз ва унинг ишқий муносабатда бўлаётган вақтда гўёки уларнинг ота-онаси томонидан ушлангани хусусида орадан беш ой вақт ўтгач, яъни 20 июнда Билдиришнома чиқаргани кишини ўйлантиради.

«Февралдаги ҳолат ички ишлар органлари томонидан ўрганилган. У хатда 11 феврал куни ота-онаси иштирокида суҳбат уюштирилгани хусусида ёзилган. Йўқ. Бу пайтда қизнинг отаси Б.Э. Россияда эди. Бизни фуқаро Г.Ш. феврал ойида эмас, балки қизининг иккинчи маротаба йўқолган пайтида, яъни май ойида хонадонига киришимизга рухсат бермаган эди. Шундан сўнг биз зудлик билан унинг турмуш ўртоғи билан боғланганмиз. Ва фуқаро Б.Э. биз билан қўнғироқлашган куннинг эртасига Россиядан учиб келган эди. Май ойида. Директор имзоси билан чиқарилган Билдиришномада ҳар икки «йўқолиш»даги воқеалар тафсилоти қўшиб-чатилган. Бундай вазиятда директор ўринбосарини ҳали айби бўйнига қўйилмай туриб, ишдан бўшатилган», —дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамро Шарипов.

Жавобгарлик муқаррарлиги таъминланади

Ҳамро Шариповнинг айтишича, фуқаро Б.Э.  шу воқеадан кейин қизининг тақдири учун аслида, ўзи ва аёли масъул бўлиши кераклигини, пул топиш ва тирикчилик йўлида фарзанди тарбиясига эътиборсиз бўлганини, фарзандларини олиб, оиласи билан пойтахтга кўчиб кетган ва ҳеч кимдан даъвоси йўқлигини билдирган.

Р/S: Айтиш мумкинки, гарчи Б.Э.лар оиласи қизининг қисмати учун ҳеч кимдан даъвоси йўқлигини билдирган бўлса-да, бу ҳолатда вояга етмаган қизнинг «издан чиқиши»да, шунингдек, бир неча маротаба «бедарак» йўқолишида ҳали шахси аниқланмаган эркакларнинг ҳам «хизмати» йўқ эмас. Ва уларнинг «хизмати» ҳуқуқ-тартибот органлари эътибори ва назаридан четда қолмайди. Ўрни келганда, журналистларни ҳамда бошқа масъулларни чалкаштиришга уринилаётган ҳолатлар қонун доирасида изчил ўрганилади.

Ҳуқуқ-тартибот органи вакилининг билдиришича, ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва адолат қарор топиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.

Ўринбосар ишига қайтадими?

Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси Шофиркон туман бўлими раҳбарининг айтишича, 2023 йилдан бошлаб, директор ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва ишдан бўшатиш мактаб директорининг ваколатига киритилган ва айрим ҳолатларда ушбу масала бўлим билан келишув орқали ҳам амалга оширилади.

«Тўғриси, бу ҳолат мактабимиз шаъни, обрўйи учун кутилмаган воқеа бўлди. Ҳозиргача бўлган ўрганувларда бу ишда мактаб маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосарининг ҳен қандай алоқаси бўлмагани кўринмоқда. Аббос Манноновнинг ишга қайтиши масаласида тўхталадиган бўлсак, бунга менинг монелигим йўқ. Унинг ўз лавозимига қайта тикланиши ва яна ҳамкорликда фаолиятини давом эттириши масаласи Мактаб ва мактабгача таълим бўлими билан келишув асосида амалга оширилади», — деди мактаб директори.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг