Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Адвокатликдан ҳукумат раҳбарлигигача: Германиянинг янги канцлери ким?

Адвокатликдан ҳукумат раҳбарлигигача: Германиянинг янги канцлери ким?

Германия бугунги кунда Европанинг иқтисодиёти энг ривожланган мамлакати ҳисобланади. Мамлакатнинг сўзи «кўҳна қитъа» ҳаётида муҳим ўрин тутади. Немис сиёсатининг энг кўзга кўринган вакили Ангела Меркел 16 йиллик бошқарувидан сўнг канцлерлик лавозимини бўшатди.

Меркел хоним, шубҳасиз, замонавий дунёмиздаги энг машҳур қиёфалардан эди. Истеъфога чиққан хоним ўрнини Олаф Шолц эгаллади. Олаф Шолц ким, унинг даврида Германия сиёсати қандай бўлади? Қуйида шу ҳақда гаплашамиз.

Олаф Шолц ким?

Олаф Шолц 1958 йил 14 июнда туғилган. Шолц – ихтисослиги бўйича адвокат. 1975 йилда, ҳали талабалигидаёқ СДП аъзоси, 1982–1988 йиллар JUSOS (СДП ёшлар ташкилоти) раисининг ўринбосари, 1987–1989 йилларда Социалистик ёшлар Халқаро иттифоқи вице-президенти бўлган. Яна шуни таъкидлаш мумкинки, у «капиталистик иқтисодиётни енгиш»ни тарғиб қилувчи марксистик лидерларни қўллаб-қувватлагани маълум. Бундестаг депутати сифатида 1998–2001 йилларда фаолият юритган.

2001 йил ички ишлар бўйича Гамбург Сенатида лавозим эгаллайди. Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ можаролардаги мунозарали ҳолатлар туфайли бу ишидан кетади. Бироқ Шолцни энди янада масъулиятли вазифа кутиб турарди. Бундестаг депутати сифатида 9 йил (2002–2011 йиллар) ишлади. Олаф Шолц юқори лавозимларда ҳам фаолият олиб борди. Масалан, 2007–2009 йилларда Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазири, 2009–2011 йиллар орасида Афғонистон/Покистон ишчи гуруҳининг аъзоси бўлган. Шолц 2011 йил баҳорида Гамбургга Биринчи мер (2011–2018 йиллар) сифатида қайтди ва депутатлик мандатидан истеъфога чиқди.

Олаф Шолц 2018–2021 йилларда вице-канцлер ва молия вазири сифатида фаолият олиб борди. Вице-канцлерлигининг биринчи ойларидаёқ Германиянинг энг машҳур сиёсатчиларидан бирига айланди.

Шолц 2021 йил 8 декабрда Бундестаг томонидан канцлер этиб сайланди. Унинг янги ҳукумати шу куни президент Франк-Валтер Штайнмаер томонидан тайинланди. У Германиянинг сўнгги 58 йилдаги энг кекса ёшда сайланган канцлерига айланди. Олаф Шолц СДП сиёсатчиси Бритта Эрнст билан турмуш қурган.

«Шолцоматон»: Германиянинг «Янги Бисмарк»и бўлоладими?

26 сентябрда 20-Бундестаг аъзоларини сайлаш учун федерал сайловлар бўлиб ўтди. 2005 йилда сайланган амалдаги канцлер Ангела Меркел биринчи марта қайта сайланишга интилмаётганини кўрсатиб, ўз номзодини қўймади. Немис сиёсатдони обрўсини сақлаган ҳолда ҳукуматни тарк этишни истади. Агар номзодини қўйганда, эҳтимол, яна ғалаба қозонган бўларди.

Умумий овозларнинг 25,7 фоизини олган Германия Социал-демократик партияси Олаф Шолцни канцлер этиб сайлашга қарор қилишди. Меркелнинг уч йил ўринбосари бўлган сиёсатчи «Шолцомат» (Шолцоматон) лақаби билан машҳур. У ўзининг роботга ўхшаш, технократик қиёфаси билан сиёсат оламида танилган эди.

Айрим экспертлар Олаф Шолцни «Янги Бисмарк» бўлишига ишонч билдиришмоқда. Шунга қарамасдан, янги ҳукумат раҳбари дастлабки ишини анча юмшоқлик билан бошлади. У «Яшиллар» ва «Христиан демократ» партиялари билан коалицион ҳукуматни бошқариш бўйича келишувга эришди. Олаф Шолцга «COVID инқирози»га прагматик муносабатда бўлиши обрў олиб келди. Молия вазири сифатида немис корхоналари ва ишчиларига пандемиядан чиқиб олишларига ёрдам бериш учун ажратилган фавқулодда молиялаштириш пакетини назорат қилди. Шундан ҳам билсак бўладики, немис ҳукуматига кучли иқтисодчи келмоқда. Шольц катта эҳтимол билан Германиянинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилигини оширади. Меркелдан фарқли равишда Берлин энди нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам жаҳонга чиқишни режалаштирган.

Янги маъмурият: Меркелдан нима мерос бўлиб қолди?

Янги маъмурият олдида энг катта қийинчилик пандемия билан боғлиқ. Германияда кунлик коронавирус инфекцияси даражаси юқори. Шолц маъмурияти Соғлиқни сақлаш вазири сифатида Меркел маъмуриятининг пандемияга қарши курашини танқид қилган эпидемиолог ва социал-демократ сиёсатчи Карл Лаутербахни танлади. Бу Олаф Шолцнинг Меркел маъмуриятидан эътирози бор сиёсатчиларни йиғиш орқали янги даврни бошлашни режалаштирганга ўхшайди.

Янги вазирлар маҳкамаси билан боғлиқ яна бир қизиқ жиҳат шундаки, Меркел даврида миллий ва халқаро хавфсизлик, дипломатияга масъул бўлган барча вазирликларни аёллар бошқарди. Вазирлар маҳкамасининг 16 аъзосидан саккиз нафари аёллар эди. Шольц ҳукуматида эса аёл вазирлар сони қисқарди. Бундан ташқари, илк маротаба ҳукумат таркибига турк миллатига мансуб Жем Оздемир Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири сифатида маъқулланди.

Янги маъмурият 18 миллиондан ортиқ эмланмаган немисларни вакцинацияга кўндириш, иқтисодиётни ҳозирги ҳолатининг янада яшил, рақамлаштирилган версиясига айлантириш керак бўлади. Сайловолди ваъдасига биноан буни солиқларни кўтармасдан, Германияни қарзга ботирмасдан амалга ошириш лозим бўлади.

Ташқи сиёсатда Германия

Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси доктор Тило Клиннер «Xabar.uz» сайтига берган интервюсида шундай деган эди: «Қайси партиялар билан коалиция тузишдан қатъи назар партияларнинг сўзларига биноан Ўзбекистонга бўлган ёндашув ўзгаришсиз қолади. Федерал президентимиз жаноб Франк-Вальтер Штайнмайер Социал-демократик партия вакили. Ўзбекистон билан алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори. Қандай коалиция тузилишидан қатъи назар позициямиз ўзгармайди, деб ўйлайман».

Олаф Шолц ҳукуматининг ташқи сиёсатида асосан Осиё ва Америка давлатлари билан мулоқотларда катта ўзгаришлар бўлмаслиги тахмин қилинмоқда. Шунга қарамай, Европа мамлакатлари билан алоқаларни қайта кўриб чиқилиши мумкин. Хусусан, Франция билан муносабатлар анча ижобийлашиши, Британия билан алоқалар мўътадиллашиши кутилмоқда.

Германиянинг янги канцлери мамлакатни янада яхшилашига шубҳа йўқ. Бироқ буни келажак кўрсатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг