Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ишни чўзсангиз, Адлия вазирига шикоят қиламан!..»

«Ишни чўзсангиз, Адлия вазирига шикоят қиламан!..»

Иллюстратив фото

Яқинда Андижон вилояти учун қурилиш соҳаси бўйича давлат суд эксперти штати ажратилгани ҳаммадан кўра судьяларни кўпроқ қувонтиргани бор гап. Бу қарор билан айни йўналишга дахлдор низоларда ойлар давомида «иш»ни ёполмай, асаблари қақшовчи судьяларни боғлаб турган кўринмас иплар ечиб юборилди гўё. Шундан келиб чиқилса, кўнгли бўшроқ қонун пешволарининг хурсандликдан кўзларига чирт ёш келган бўлса, ажаб эмас!

Биласиз, судья ва терговчи, муайян низо ёки тергов иши юзасидан эҳтиёж сезилган чоғда, экспертиза тайинлаш ваколатига эга. Бу қурилиш ва ер билан боғлиқ низоларга ҳам тааллуқли.  Хуллас, эксперт олдига қўйилган саволларга аниқлик киритилиб, то хулоса берилгунига қадар судья ёки тергвчи унинг оғзини пойлаб, кутишга мажбур. Гап шундаки, яқин ойларгача водийнинг уч вилоятида (Андижон, Наманган  Фарғона) тайинланаётган қурилиш-техникавий экспертиза хулосалари фақат битта шахс – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси марказининг Фарғона вилояти бўлими эксперти Ҳотамжон Мадраҳимовга боғланиб қолган эди.

Хўш, нима бўпти дерсиз?

Бугун ким кўп – ер ва қурилиш масалалари бўйича судлашаётган кўп. Хусусан, фуқаролик ва иқтисодий судларда кўрилаётган низолар бунинг исботи. Энди ўйлаб кўринг: қарийб 10 миллион нафар аҳолига эга Фарғона водийси учун битта эксперт ўзига келиб тушаётган барча саволларга вақтида, сифатли жавоб беришига кафолат борми? Йўқ, албатта.

Ҳолатни тиниқроқ тасаввур қилишингиз учун бир мисол келтирсак. Ўтган йили фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти суди кассация инстанцияси даъвогар – Андижон шаҳридаги «Нодира» хусусий корхонасининг – жавобгар Жаннатхон Асқаровага нисбатан «ноқонуний қурилмани буздириш ва ер майдонини қайтариш ҳақида»ги фуқаролик иши юзасидан қурилиш-техникавий ва ершунослик экспертизаси тайинлайди.  Низо объекти, бироз муболаға билан айтганда, товуқ катагидай жой. Яъни суд саволларига жавоб қайтариш учун бир ҳафта муддат кифоя. Аммо эксперт шу ишни нақ тўрт ой «судрагани»га нима дейсиз?

Аввалига вазифа объектни кўздан кечиришни ташкил этиш ҳамда экспертиза тўловлари амалга оширилгани ҳақидаги маълумотлар тақдим этилгунига қадар, яъни 2019 йилнинг 11 мартидан 10 апрелигача тўхтатиб турилди. Бундай қарор қабул қилишга экспертнинг ҳақи бор. Аммо шундан сўнг ҳам судьялар ва тарафлар интиқлик билан кутаётган хулоса яна салкам уч ой «дам еди»  ва июль ойида судьянинг қўлига келиб тушди. «Иш»нинг анча вақт «дам еб» ётгани сабаби бор экан: экспертнинг тоби қочиб қолибди. Меҳнатга лаёқатсизлиги сабаб 1 майдан 3 июнга қадар ишга боролмайди. Соғайиб, оёққа турган куни эса меҳнат таътилига чиқиб кетади...

Халқда «Кутганнинг вақти ўтмас», деган гап бор. Бу муддат оралиғида экспертнинг оғзини пойлаб турган судьялар ишнинг муддати чўзилаётганидан хуноб бўлса, тарафдорлар ҳар ҳафта бир бор суд идорасига бош суқади денг: «бизга янгилик йўқми, қози бува?»

Балиқчи туманида яшовчи тадбиркор Ҳамидулло Абдуллаев ва «Чинобод пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамияти ўртасида юзага келган ҳамда бир неча йилдан бери давом этаётган низо бўйича Андижон вилояти иқтисодий суди тайинлаган экспертиза масаласи хусусида ҳам гап шу. Турли асосларга кўра олти ой чўзилган хулосада эксперт Ҳ. Мадраҳимов кечиктирилиш сабабларини бирма-бир таъкидлаб, орада ўзининг бошқа экспертизалар билан бандлиги туфайли (!) 2019 йилнинг 13 февралидан 11 мартига қадар иш тўхтатиб турилганини очиқ-ойдин баён этади. Айтишга осон, аммо низо юзасидан тегишли хулоса тақдим этилгунига қадар даъвогар ёки жавобгарнинг кун санаб чарчашини, руҳий ҳолатини бошидан ўтказган одамгина билади. Қисқаси, суд ишларининг тақдири битта мутахассисга боғланиб қолганидан виждони уйғоқ суд пешволарининг норози бўлгани ҳам бор гап. Ҳатто айрим «немисча муомала»га ўрганган судьяларнинг муайян низо юзасидан экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримни Ҳ. Мадраҳимовга юбора туриб, «Ишни чўзиб юборсангиз, Адлия вазирига арз қиламан!» дея огоҳлантиргани ҳам рост.

Судьяларнинг бундай асосли эътирозлари Адлия вазирлигига етиб борган шекилли, Республика экспертиза марказининг Андижон ва Наманган вилоятларига ҳам қурилиш, ер билан боғлиқ низоларда хулоса берувчи биттадан мутахассис ажратилди. Бир қарашда масала ҳал: энди ҳар икки вилоят судьялари қабул қилган тегишли ажрим Фарғонага эмас, айни ҳудудларнинг ўзида жойлашган экспертга юборилади. Тақдим этилаётган хулосалар аввалгидек ярим йиллаб эмас, нисбатан тезкор тайинланяпти. Ҳар ҳолда, муддат борасида нолимагудек.

Аммо, бизнингча, кичкинагина бу «ислоҳот» билан экспертиза тизими тўлиқ тартибга тушмагандай. Айтайлик, Андижондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 200 нафарга яқин терговчи бор. Фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ҳамда жиноят ишлари бўйича судларда 100 нафар атрофида судья фаолият кўрсатади. Энди ҳақли савол туғилади: шунча судья ва терговчининг ҳар бири ўзи шуғулланаётган низо ва тергов иши юзасидан, жилла қурса, йилда бир бор қурилиш-техникавий ёки ершунослик соҳаси бўйича экспертиза тайинлаши мумкинми? Албатта! Бу юмушларнинг барчаси тағин битта шахс – вилоятдаги ягона экспертнинг зиммасига юклатилади. Шундан келиб чиқилса, қарийб 3 миллион нафар аҳоли истиқомат қиладиган Андижонда зикр этилаётган йўналиш бўйича тортишув ва низоларга ҳамиша, ҳар доим битта мутахассис хулоса бериши нечоғли адолатли?

Бу гап наинки Андижон, балки Фарғона ва Наманган вилоятларига ҳам тааллуқли.

Тўғри, ҳуқуқ тизимидаги ташкилотларга ишга киришдан аввал мутахассиснинг билим даражаси, лаёқати, савиясига тегишли тартибда баҳо берилади. Синовдан муваффақиятли ўтган кадргина ҳуқуқ пешволари сафига қўшилади. Шу маънода водий вилоятларидаги экспертларга эътирозимиз йўқ. Аммо ҳаёт ҳақиқатини унутмаслик керак: тегишли масала юзасидан бир шахснинг фикри, нуқтаи назари, у минг билимдон ва донишманд бўлмасин, нисбий бўлиши эҳтимоли юқори.

Жойларда адвокатларнинг экспертиза хулосаларидан тез-тез норози бўлаётгани сабаби ҳам шу. Бирорта туман суди судьясининг маълум низо юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарори ҳар доим ҳам қонуний бўлавермайди-ку? Уч нафар судьядан иборат апелляция ёки кассация инстанциясида қуйи судларнинг қарорлари бекор қилинганига мисол кам деб ўйлайсизми? Айни мантиқдан келиб чиқилса, қурилиш-техникавий ҳамда ершунослик масалалари бўйича вилоятларда ягона бўлмиш эксперт ҳам иш устида адашмаслигига кафолат йўқ. Ёки экспертларнинг фарғоналик ҳамкасбига ўхшаб меҳнат таътилидан олдин тоби қочиб қолса, судлашаётганлар тақдири яна ойлаб муаллақ қолиб кетиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бизнингча, шу каби жиҳатларга таяниб, ҳар бир вилоятда мутахассис ишга чиқмай қолганда ўрнини билинтирмайдиган ёки унинг хулосасидан тарафлардан бири норози бўлган тақдирда, худди судлардаги каби қайтадан ўрганиб чиқадиган уч кишилик экспертлар ҳайъати бўлиши мақсадга мувофиқ. Балки хусусий экспертиза марказлари фаолияти йўлга қўйилар? Эҳтимол, вилоят ҳокимликлари ҳузурида қурилиш масалалари бўйича ёши улуғ, тажрибали мутахассислардан иборат, мураккаб низоли вазиятларда асосли, жўяли маслаҳат, йўл-йўриқ бера оладиган кенгаш тузиш керакдир? Аммо бир нарса аниқ: айни йўналиш кечиктирилмай тартибга солинса, судьялар, адвокатлар, экспертга тез-тез иши тушадиган юртдошларимизнинг ўнтадан биттаси дуога қўл очганда Адлия вазири номини ҳам тилга олишига шубҳа йўқ.

Нурилло Нўъмонов, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг