Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаноб дайдининг шон-шуҳрати, муҳаббати ва мағлубиятлари

Жаноб дайдининг шон-шуҳрати, муҳаббати ва мағлубиятлари

Машҳур режиссёр, сценарийнавис, театр ва кино актёри Раж Капур ўз ватанида барча мукофот ва нишонларни олиб бўлган. У вафотидан сўнг – бугунги кунда ҳам тақдирланмоқда. Раж Капур «Ҳинд Чарли Чаплини», «Ҳинд киносининг отаси» ва «Шарқнинг мовий кўзли қироли» номлари билан машҳур эди. Уни, шунингдек, «Жаноб Дайди» ҳам дейишган. Ўзбекистонга бир неча марта ташриф буюрган Раж Капур ўзбек халқининг яқин дўсти эди...

Сувга улоқтирилган болакай

Ранбир Раж Капур 1924 йил 14 декабрда Пешоварда (ҳозирги Покистоннинг Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида) таваллуд топган. У таниқли актёр ва театр арбоби Притхвираж Капур ва уй бекаси Рамсарни Капурнинг тўнғич фарзанди эди. Раждан сўнг Бинди ва Деви туғилди. Уларнинг умри қисқа экан, Бинди тўрт ёшида маргимуш ютиб қўйиб, вафот этди. Орадан кўп ўтмай, зотилжам туфайли учинчи ўғил Деви ҳам ҳаётдан кўз юмди.

Укаларининг ўлими Ражга қаттиқ таъсир қилди. Унда асаб бузилиши рўй бериб, керагидан ортиқ ейдиган бўлди ва семириб кетди. Онаси ҳар куни барвақт туриб бадантарбия қиладиган отасини Ражга ўрнак қилиб кўрсатарди. Болакай сузишни билмас, сувдан ўлгудек қўрқарди. Бир куни у ота-онаси билан денгиз бўйида бўлганида отаси Ражни даст кўтариб, сувга отди. Қўрқиб кетган онаси ўғли чўкиб кетиши мумкинлигини айтиб қичқира бошлади. Бола бор кучи билан сузиб, соҳилга чиқди. Шундан сўнг унинг сувдан қўрқиши батамом йўқолди.

Кейинроқ Ражнинг укалари Шамми, Шаши ва синглиси Урмила дунёга келди. Бу вақтда оила Бомбейга кўчиб ўтган эди. Притхвираж биринчи ҳинд овозли фильмида суратга тушди. У «Притхви-тиэтрс» театрида режиссёр сифатида фаолият кўрсатарди.

Раж отасининг театрида роль ижро этар, истеъдоди, ҳиссиёти ва импровизацияга мойиллигини намоён қиларди. Бироқ унинг орзуси кино эди. Илк ролини 1935 йили ўн бир ёшида «Инқилоб» фильмида ўйнади. Мазкур фильм режиссёри Кидар Шарма отасининг дўсти эди. Бир куни у кинотасмани чиқитга чиқарган Ражга тарсаки туширди. Эртаси куни эса болакайни чақириб, кечирим сўради ва жиддий роль берди. Кейинроқ Кидар Шарма Ражга шундай деди: «Мен сенинг кўзларингда оғир нигоҳ ва дардни кўрдим».

Олий маълумотли бўлишни истамаган Раж «Бомбей токиз» студиясида режиссёр ёрдамчиси сифатида ишлай бошлади. Шу тариқа кинематографияда маҳоратини ошириб, шарқ киноси техник ютуқларини ҳам ўргана бошлади.

1947 йили Ҳиндистонда рўй берган туб бурилиш Раж Капурнинг тақдирида кескин ўзгариш ясади. У бир нечта бош ролларни ўйнаб ишлаб топган пулларини ўзининг биринчи фильми «Тизгинланган эҳтирос» фильмига тикди. Бошловчи театр режиссёрининг мазкур картинасида ўзига хос хусусиятлар: нур ва соянинг оқ-қора рангдаги мутаносиблиги, автобиографик чизмалар, гўзаллик фалсафаси намоён бўлди. Раж Капурнинг актриса Наргис билан ҳамкорлиги шу фильмдан бошланди (улар биргаликда 16 та фильмда суратга тушишди).

Биринчи фильмининг камтарона муваффақиятидан сўнг, 1948 йили Раж Капур ўзининг «Р.К.Фильмз» студиясига асос солди ва йирик кўламли «Ёмғирлар мавсуми» картинаси устида иш бошлади. Ўша пайтларда Раж Капур нафақат Ҳиндистонда, балки дунё миёқсида ҳам энг ёш режиссёр эди. «Ёмғирлар мавуми» муваффақият қозониб, «Капур жамоаси»нинг шаклланишини бошлаб берди. Ҳинд дунёсини идрок этиш ва маданий анъаналар фильмларда мусиқага алоҳида ёндашишни талаб қиларди. Энг яхши бастакорлар билан ҳамкорлик ҳамда Капурнинг мусиқий иқтидори «Р.К.Фильмз» фильмларида сифатли куй-қўшиқларнинг янграшига олиб келди. Хусусан, «Ёмғирлар мавсуми»да янги бастакорлар Шанкар – Жайкишан дуэти ҳинд киноси тарихидаги энг яхши саундрек ҳисобланади. Худди ўша йили ҳинд кинотомошабинлари ажойиб актёрлар триоси – Раж Капур–Наргис–Дилип Кумар  ижросидаги «Обрў-эътибор» (икки афсонавий актёр биргаликда ўйнаган ягона киноасар) фильмини кўришга муваффақ бўлдилар.

Машҳур жуфтликка... нуқта!

Раж Капур ўз фильмларининг нафақат режиссёр ва продюсери, балки бош роль ижрочиси ҳам эди. «Ёмғирлар мавсуми»да унинг Наргис билан романтик жуфтлиги ҳинд киносида ноанъанавий бўлган қизғинлик, жўшқинлик ва табиийлиги (шивирлаш, сирли оҳангдорлик) туфайли ажралиб турарди. Ажойиб мусиқа, кучли сюжет, бошқа фильмлардан фарқ қилувчи фавқулодда лавҳалар фильм муваффақиятини таъминлаган эди.

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари Капурнинг шуҳратини ёйиб, томошабинлар муҳаббати билан мустаҳкамлади. Раж Капур актёр сифатида Дилип Кумар, Дев Ананд билан бирга Бомбей киноиндустриясидаги кучли учликни ташкил этарди. У режиссёрлик бобида муваффақият қозонса-да, ўзининг фильмлари учун маблағ топиш мақсадида аввалгидек суратга тушарди. Шубҳасиз, Раж Капур истеъдодли актёр бўлиб, ҳар қандай қаҳрамонни моҳирона ўйнаб бера оларди. Энг яхши ролларини эса ўзининг фильмларида ижро этди. Айниқса, 1951 ва 1955 йилларда суратга олинган машҳур «Дайди» (Канн кинофестивалида иштирок этган) ҳамда «Жаноб 420» ўзига хос картиналар бўлди. Мазкур фильмлар Капур иқтидорини тўла-тўкис очиб берди. Чарли Чаплинга хос қаҳрамон Раж Капурнинг ўзига хос актёрлик ниқобига айланди. У мазкур ниқобни сўнгги бор салкам олти йил вақтини олган тўрт соатлик «Менинг исмим масхарабоз» фильмида тақди.

Капур тасмалари нафақат Ҳиндистонда, балки Жанубий Осиё, Эрон, Туркия, араб мамлакатлари, Корея, Шарқий Европа ва Жануби-Шарқий Осиёда ҳам машҳур бўлди. «Р.К.Фильмз» томонидан суратга олинган «Дайди», «Пойафзал тозаловчилар», «Жаноб 420»ни кўриш учун томошабинлар турнақатор бўлиб навбатда туришарди. Айниқса, Капурнинг Наргис билан жуфтликда ижро этган роллари шуҳрат қозонди. Экранда акс этган ҳақиқий, ёрқин муҳаббат жуда кўпларнинг меҳрини қозонди.

1957 йили Раж Капур ва Наргиснинг ижодий иттифоқига нуқта қўйилди: актриса фаолиятининг чўққиси бўлган «Она Ҳиндистон» фильмида суратга тушди. Кейин эса турмушга чиқди ва кинони тарк этди. Капур учун Наргис узоқ вақт илҳом париси – фильмларининг муваффақият манбаларидан бири бўлиб келди. Уларни севишганлар деб гап тарқалган, бироқ режиссёр ҳам, актриса ҳам буни инкор этишарди. Агар кадр ортида ўрталарида нимадир юз берган бўлса, бу умрбод сирлигича қолди. Капур аллақачон аммаваччаси Кришнага уйланган, беш нафар фарзанди бор эди. Раждан Наргис ҳақида сўрашганида у доимо шундай жавоб берарди: «Кришна – хотиним ва болаларимнинг онаси, Наргис эса фильмларимнинг волидаси». Кришна эрининг ишқий саргузаштлари борасида миш-мишларни ўқиганида ёки эшитганида ҳам чурқ этмасди. Умуман, у Ражнинг бирор ишига аралашмасди. Кришна намунали ҳинд аёли эди: итоатгўй, умр йўлдошининг айтганларига кўнадиган, кўнгилчан. «Идеал хотин эрининг дўсти бўлиши, умр йўлдоши қийинчиликка учраганида йўл кўрсатиши керак, – деб такрорларди Капур. – Эрнинг аҳволи ёмонлашганида рафиқа тинчлантириши, бетоб бўлганида қарашиши шарт. Кришна ҳаммасини уддалади».

Наргис кинодан кетгач, Раж Капур ижодий танаффус олди ва саккиз йил мобайнида режиссурага қўл урмади. У турли студияларда турфа актрисалар билан суратга тушди ва омма ҳамда танқидчиларнинг эътирофига сазовор бўлди. Жумладан, Мина Кумари билан «Шарда», «Тўрт юрак, тўрт йўл», Мала Синха ҳамкорлигида «Тарбия», «Тақдир ўйинлари», Мадхубала жуфтлигида «Икки хўжайин» фильмларида роллар ижро этди.

Ниҳоят, «Р.К.Фильмз» «Ганга оқаётган мамлакат» фильмини суратга олди. Раж Капур унда продюсер ва бош роль ижрочиси сифатида намоён бўлди. Навбатдаги фильм эса оламшумул «Сангам» ҳисобланади. Мазкур киноасар қирқ ёшли режиссёрнинг биринчи рангли фильми эди. «Сангам» бир йил мобайнида экранлардан тушмади ва барча касса рекордларидан ўзиб кетди. Раж Капур илк бор маиший мавзуларни четлаб ўтиб, оилавий масалаларга шўнғиган эди. Уч нафар дўстнинг эҳтирослари, рашки, дўстлиги ва фожиаси шон-шуҳрат топди.

Асаббузарлик, касаллик ва ўлим

1970 йили Раж Капур «Менинг исмим масхарабоз»ни экранларга чиқарди. Капурнинг олти йиллик умри, кўп кучини олган ушбу картина – турли қаҳрамонлардан иборат уч босқичли фильм. Унинг қаҳрамони – оддий цирк артистини аёллар мавқе-мартаба туфайли ташлаб кетадилар. Фильмнинг ҳар бир қисми охирида Капур қаҳрамони томошабинларга «Менинг йўқотган юрагим сизларда эмасми?» деб мурожаат қилади. Раж Капур мазкур фильмга бутун жон-дилини берди. Сценарий материали беш қисмга чўзилиши керак эди, бироқ режиссёрнинг умидлари пучга чиқди. Омма Капурнинг мақсадини англамади – бир чизиқли, енгил сюжетга кўниккан аксарият томошабинга оддий масхарабоз тарихи ғалати, тушунарсиз ва чўзилиб кетгандек туюлди. Мухлислар истеъдодли режиссёрнинг орзуларини англамадилар. Фильм прокатда муваффақиятсизликка учради. Суратга олиш учун катта пуллар тикилгани боис, бу ўпирилиш Капур компаниясини салкам хонавайрон қилди. Фильмнинг давоми қоғозда қолиб кетди. Капур бир неча ой мобайнида жамоатчиликка кўринмади. У ниҳоятда озиб, кўзлари киртайиб қолди. Қаттиқ асабийлашгани сабабли астмага дучор бўлди.

Капур шу ҳолатда яна бир нечта фильмларни суратга олди. Бироқ касаллик ўз ишини қилиб бўлган эди. 1975 йили Капур юрак хуружи билан шифохонага тушди – врачлар уни салкам нариги дунёдан суғуриб олдилар.

Раж Капур кинода суратга тушишни давом эттирди. Машҳур режиссёр бошқа ҳамкабларининг лойиҳасида иштирок этарди: «Жиноят ва ...» «Дунё бўйлаб», «Орзулар сотувчиси»... Раж Капур фақат пул учун суратга тушмаган, албатта. Масалан, у дўсти, сафдоши, шоир Шайлендрнинг «Учинчи қасам» фильмида гонорарсиз иштирок этди.

Молиявий йўқотишлар тез орада Капурнинг режиссёрлик иши – севишган ўсмирлар ҳаёти акс этган «Бобби» билан қопланди. Фильм сценарийсини унинг азалий дўсти Хўжа Аҳмад Аббос ёзди. Етакчи ролларни ҳам дўстлари Пран ва Премнатх ижро этдилар. Бош қаҳрамонларни ёш ва гўзал жуфтлик Риши Капур – Димпл Кападиа ўйнади. «Бобби», шубҳасиз, томошабинларга манзур бўлди, бироқ маиший мавзу ва фалсафий юклама кўтарилмаган деб ҳисоблаган танқидчиларга ёқмади. Раж Капур танқидни муносиб қабул қилди ва узоқ вақтдан бери ўйлаб юрган «Ҳақиқат, муҳаббат ва гўзаллик» фалсафий картинасига қўл урди. Унда ички ва ташқи гўзаллик, инсонпарварлик тараннум этилди. Аммо бош қаҳрамонни актриса Зинат Омон ўйнаган мазкур картинадаги ҳаддан зиёд очиқ саҳналар ва тимсоллар томошабинга ёқмади. Фильм прокатда заволга юз тутди.

Агар охиригача курашмаса, Капур Капур эмас эди. Унинг икки фильми – «Ишқ дарди» (1982) ва «Ганг, сувларинг лойқаланган» (1985) блокбастерларга айланди ва прокатда пешқадамга айланди. Капурнинг бошқа фильмлари каби мазкур киноасарлар ҳам мураккаб ва ноодатий бадиий ечимга эга эди. «Ишқ дарди»да бева аёлнинг қайта никоҳланиши (индуизм анъаналари бўйича тақиқланган), яъни ғайриинсонийлик мавзуси кўтарилганди. Иккинчи фильм тақдири ваҳший ва шафқатсиз одамлар томонидан издан чиқарилган тоғ қизи Ганга ҳақида эди. Режиссёр машҳур Ганга дарёсининг тоғда мусаффо эканлиги, қуйи ирмоқларда эса фавқулодда ифлослигини рамзий маънода очиб берганди. Ҳар иккала фильмда ҳам бош қаҳрамонлар аёллар бўлиб, уларни ёш актрисалар Падмини Колхапуре ва Мандакини ижро этди. Эркаклар роли эса ўғиллари Риши, Ражив ва укаси Шаши томонидан ўйналди. 1984 йили эса Раж Капур Британиянинг «Kim» сериалида кичик роль ижро этди.

Раж Капурнинг охирги ва тугалланмаган фильми «Ҳенна» – покистонлик мусулмон қиз (Зебо Бахтиёр) ва уни қутқариб севиб қолган «нариги қирғоқ»даги ҳинд йигити (Риши Капур) ҳақида эди. Мазкур картина ҳам Хожа Аҳмад Аббос сценарийси асосида суратга олинаётганди. Капур нафақат ҳинд минтақасининг маданий-тарихий муҳофазаси ҳақида, балки ҳозирда Покистонда бўлган кичик ватани Пешовар хусусида ҳам сўз юритмоқчи эди (бу ишни ўғли мустақил равишда тугатди ва фильм 1991 йили экранларга чиқиб, улкан муваффақият қозонди).

Умрининг сўнгги йилларида Капур кўчага камераси билан чиқиб, шаҳар манзаралари ва оддий ҳиндлар ҳаётини суратга олиб юрди. Ўткинчилардан камдан-кам киши дармони қуриган улуғ режиссёрни танирди.

Кўксов (астма) хасталигидан азият чеккан Раж Капур «Dadasaheb Phalke Award» мукофоти билан тақдирланиш чоғида йиқилиб тушди. Тезда шифохонага етказилди, аммо шифокорлар 63 ёшли Раж Капурни қутқариб қола олмадилар. Даҳо режиссёр вафот этди. Ўшанда 1988 йилнинг 2 июни бўлиб, Ҳиндистонда миллий мотам эълон қилинди.

Раж Капур мерос сифатида нафақат кўплаб фильмларни, балки беш нафар фарзанд – уч ўғил – Рандхир, Риши, Ражив ва икки қиз – Рита ва Римани ҳам қолдирган. Унинг ўғиллари ҳам кинони танлашди. Сулолани неваралар ҳам давом эттиришди. Капур ўз авлодидан аёллар актриса бўлиб чиқишини хоҳламаганди. Бу тақиқни биринчи бўлиб набираси Каришма бузди. Унинг синглиси Карина ҳам актрисаликни танлаб, машҳурликка эришди.

Акбар Фатҳуллаев

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг